Маддоҳлик қилмоқ
Баъзи жойларда мадҳ қилиш қатъий тақиқланган. Ёмонлаш – ғийбат, мақташ эса мадҳдир. Мадҳда олти офат бор. Тўрттаси маддоҳда, иккитаси мадҳ қилинган кишидадир.
Маддоҳдаги офатлар:
Биринчиси, баъзан ортиқча бўрттириб айтиладики, у ёлғонга айланади. Холид ибн Миқдод бундай дейди: “Кимки бирор подшоҳни ёки бошқа бир амалдорни унда йўқ сифатлар билан мақтаса, Ҳақ таоло Қиёмат куни унинг тилини дудуқ қилиб тирилтиради”.
Иккинчиси, баъзан маддоҳ уни риё учун мақтайди. Чунки маддоҳ бу билан севгисини кўрсатмоқчи бўлади. Лекин қалбида бунинг тескариси. Бунинг билан у ҳам риёкор, ҳамда мунофиқ бўлиб қолади.
Учинчиси, маддоҳ баъзан йўқ нарсаларни гапиради. Ўзи бўлган воқеалардан хабардор бўлмаган ҳолда, ёлғон гапиради. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида бошқа бировни мақтади. Муборак зот унга бундай дедилар:
“Ҳолингга вой бўлсин! Сен биродарингни бўйнини уздинг. Бу айтганларингни биродаринг эшитган тақдирда ҳам,у бундан мамнун бўлмас эди. Агар бирор кишини мақташ мажбуриятида қолсанг, “Мен фалончини шундай деб ўйлайман, Аллоҳ наздида унинг қандайлигини билмайман. Уни кўриб турувчи зот Аллоҳ билади. Агар шундай эканини Аллоҳ билса, у ростдан ҳам шундайдир”,дегин”. Бу офат мақтовни ҳаддан зиёд ошириб юбормаслик ҳақидадир. У сифатлар исбот талаб қилади. Масалан, “Фалончи ўта тақводордир”, “зоҳид”, “хавф ва ражоъ соҳибидир”, “хайрлидир”деган мақтовлар..... Аммо “Мен уни кечалари намоз ўқиганини кўрганман, садақа берганини кўрганман, ҳаж қилганини кўрганман” каби мақтовларнинг ёмон тарафи йўқ.
Кишининг “У одилдир, розидир” каби мақтовлари ҳам ножоиздир. Чунки адолат ва розилик яширин сифатлардир. Бу ҳақда қатъий қарорга келиш тўғри эмас.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир кишини бошқа бирини мақтаб турганини эшитди. “Сен у билан биргамидинг?” деб сўради.У “Йўқ”, дея жавоб берди. “Сен у билан олди-сотди қилдингми?” деб сўради. Одам: “Йўқ”, деди. “Сен унинг қўшнисимисан? Ёки эртадан кечгача у биланмисан?” деб сўради. У одам яна “Йўқ”, деди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳ номига қасамки, сен у одамни танимас экансан”,деди.
Тўртинчиси, мақталаётган одам ўзи золим ёки фосиқ бўлса ҳам, мақтовдан ҳузурланади. Бундай ҳолат ҳам жоиз эмас. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Фосиқ одам мақталганда Аллоҳ таолонинг ғаши келади”.
Ҳасан Басрий бундай деган эди: “Ким золим кимсага узоқ умр тиласа, у кимса Аллоҳга исён қилишни севган бўлади”.
Фосиқ кимса мақталмайди ва унинг ишидан нафратланиш лозим.
Мадҳ этилган кимсадаги офатлар:
Биринчиси, мақтов унда кибр ва ғурур пайдо қилади. Бу иккиси ҳалок қилувчидир. Ҳасан Басрий бундай дейди: “Ҳазрати Умар атрофида саҳобаи киром билан ўтирган эди. Қўлида қамчи бор эди. Шу пайт Жоруд ибн Мунзир кириб келди. Ўтирганлардан бири Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга: “Бу Рабиа қабиласининг бошлиғидир”,деди. Бу сўзни ҳамма эшитди. Ҳазрати Умар Жорудни қамчилай кетди. Шунда Жоруд: “Эй мўминларниг амири! Менда нима аламинг бор?”, деб сўради. “Сен билан менинг орамда ҳеч нарса йўқ, лекин сен айтилган гапни эшитмадингми?”. Жоруд: “Эшитдим”, деди. Ҳазрати Умар: “Ана, мен сени бу сўзлардан кибрланиб кетишингдан қўрқдим. Шунинг учун сени ҳақоратлаб, пастга урдим”,деди.
Иккинчиси, мақталаётган кимса ўзининг яхшилигини эшитиб бундан рози бўлади ва нафси хотиржам бўлади. Савоб ишларни қилишга ҳаракат қилмай қўяди. Зеро, камчилиги бор одам кўпроқ уни тўғрилашга, савобли амалларни қилишга тиришади. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Агар биродаринг бу мақтовларни эшитганда эди, бўйни кесиларди. Биродарингни юзига мақташинг кекирдагига ўткир асбоб тиралган ҳолда айлантирган билан тенгдир”.
Мутарраф айтадики: “Мени мақтаб айтилган сўз қаршисида ўзимни хор ва ғариб кўраман”.
Язид ибн Абу Муслим бундай дейди: “Ҳар қандай кимса ўзи ҳақида мақтовни эшитса, муҳаққақ, унинг кўзига шайтон кўринади. Мусулмон киши эса дарҳол Аллоҳни эслаб ўзига келади”. Ибн Муборак бундай деган эди: “Иккала зот ҳам тўғри айтишади. Зиёднинг сўзларига келсак, у айтган қалб оми одамнинг қалби, Мутарраф тилга олган қалб эса хос бандаларинг қалбидир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дейдилар: “Бир кимсанинг бошқа бир кишини ўткир пичоқ билан ўлдириши уни юзига мақтаганидан яхшироқдир”.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бундай деган эди: “Маддоҳлик ўлдириш демакдир”. Чунки пичоқланган киши бошқа ҳаракат қила олмайди. Ўз устида ишлашдан тўхтайди. Мақталган инсон шишади ва ғурурланада.
Фахр ва ғурур эса ёмон иллат ҳисобланади.Шунинг учун Ҳазрати Умар маддоҳликни пичоқ билан сўйишга тенглаштирган. Агар мадҳ қилувчи ва мадҳ қилинувчи кишилар ғурур ва кибрдан узоқ бўлсалар, бу мақтовнинг зарарли жиҳати бўлмайди. Ҳатто баъзи вақтларда мақтов ҳам керак бўлиб қолади. Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоби киромни мақтаб бундай деган эдилар: Агар Абу Бакр Сиддиқнинг иймони (пайғамбарлар бундан мустасно) бутун инсонлар иймони билан солиштириб тортилса, шак-шубҳасиз, Абу Бакрнинг иймони оғир келади”.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳақида эса бундай деганлар: “Агар пайғамбар қилиб мен юборилмаганимда эди, Умар пайғамбар қилиб юборилган бўлар эди”, Бундан ортиқ мақтов бўлиши мумкинми?! Лекин бу мақтов буюк бир садоқат ва басират тимсолидир. Саҳобалар мақтов туфайли кибр ва ғурурга боришдан йироқ бўлишган. Инсон ўзини ўзи мақташи ҳам энг жирканч одатлардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганларки: “Мен бани Одамнинг саййидиман, аммо бу сўзим билан мақтанмаяпман!”.
Яъни “Бу сўзни айтишимдан мақсад бошқалар каби ўзимни мақташ эмасдир”, деганлар.
Бунинг ҳикмати шу: Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга яқинлик борасида мақтовга лойиқдир. Одам боласи ёки инсоният йўлбошчиси бўлгани учун эмас. Мисол учун, бир подшоҳ бир кишини яхши хизмат қилгани учун эмас, ўзи кўнгилдан севгани учун яқин олади. Булар бизга мақташнинг сабабини ўргатади. Жаноби Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар бир кимсани мақтаганларида “Жаннат вожиб бўлди” деган ҳолатлар ҳам бўлган.
Мужоҳид бундай дейди: “Одам боласининг фаришталардан биродарлари бўлади. Улар мажлисларда ўтирадилар. Мусулмон ўз биродарини яхши маънода эслаганида, малоикалар ҳам “Сенга ҳам бўлсин”, деб дуо қиладилар. Ёмон маънода эслаганида эса “Эй айби бекитилган Одам фарзанди! Ўзингни ўйла, сенинг айбингни яширган Аллоҳга ҳамду сано айт!” дерлар.
Булар мадҳнинг офатлари эди.
“ТИЛ ОФАТЛАРИ ва ундан сақланиш йўллари”китобидан.
Зарафшон шаҳар “Геолог” ва “Баҳор”МФЙ отинойиси Хуршида Худжиярова.