"Ғийбат энг катта гуноҳлардан биридир". Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин Хузайфа розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир аёл ҳақида эслаб, «У пакана эди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни ғийбат қилдинг», дедилар». Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўзининг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади», дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).Ғийбат энг катта гуноҳлардан биридир. Шунинг учун ҳам у қатъий ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига ғийбатнинг қанчалик ёмон иллат эканлигини тушунтириш учун ажойиб бир услубни қўллаган. Яъни ғийбатчининг ғийбати гўёки ғийбат қилинганнинг гўштини ейиш билан баробардир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимни ғийбат қилган бўлсанг, бунинг каффороти унинг ҳаққига истиғфор айтмоғингдир», деганлар. Мужоҳид айтади: «Биродарингнинг гўштини еганингнинг каффороти унинг ҳаққига мақтовлар айтиб, яхшилик ила дуо қилмоғингдир». Ғийбатчини қилаётган гуноҳидан қайтариш ўрнига унинг гапларига қулоқ солган, эшитган киши уни тасдиқлаган бўлади ва унга шерик ҳисобланади. Унинг гапини тили билан инкор қилсагина, гуноҳидан қутулади. Агар очиқ инкор қилишдан қўрқса, қалби ила инкор қилсин ва гапни бошқа тарафга буришга ёки туриб кетишга ҳаракат қилсин. Ана шундай қилса, катта гуноҳдан омон қолади. Аксини қилса, катта гуноҳга қўл урган бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ғийбат балосидан асрасин.
Учқудуқ тумани "Мустақиллик" маҳалласи отинойиси Файзиева Зилола.
Учқудуқ тумани "Мустақиллик" маҳалласи отинойиси Файзиева Зилола.