“ Тилни ғийбатдан сақлаш чораси”

25-09-2021, 13:17 admin Мақолалар 760

“ Тилни ғийбатдан сақлаш чораси”
Барча хислат, феъл – атворлар фақатгина илм ва амал дориси билан даволанади. Ҳар иллатнинг давоси сабабининг тескариси билан бўлади. Шу боис биз иллатларнинг сабабларини чуқур ўрганишимиз зарур. Тилни ғийбатдан узоқ тутишнинг давоси икки шаклда бўлади:
Биринчиси – ижмолий, иккинчиси – тафсилий.
(Ижмолий иймон – эътиқод қилинадиган нарсаларга қисқа ва умумий тарзда иймон келтириш, тафсилий иймон – эътиқод қилинадиган нарсаларга алоҳида – алоҳида ўрганиб ва кенгроқ доирада иймон келтириш).
Ижмолий усул – кишининг ғийбат қилганлиги туфайли (зикр қилинган ҳадисларда айтилгани каби) ўзини Аллоҳнинг ғазабига рўбарў қилиб қўйганини ва Қиёмат куни бу амали унинг яхшиликларини ўчириб ташлашини билишидир. Чунки Қиёмат куни кишининг яхшиликлари унинг ғийбатларининг бадали бўлади. Агар ғийбат қилган кишининг яхши амаллари бўлмаса, ғийбат қилинган кишининг ёмон амаллари унинг дафтарига ёзилади. Инсон бу иши билан Аллоҳнинг ғазабига учрайди ва Аллоҳ наздида ўликнинг гўштини еган каби бўлади. Банданинг ёмонлик палласи яхшилик палласидан оғир босса, жаҳаннамга киради. Баъзан ғийбатини қилган одамининг гуноҳи ҳам унинг ёмонлик палласига оғир келишига сабаб бўлса ҳам, жаҳаннамга киради. Ғийбатчи дуч келадиган мусибатнинг энг ози унинг савобидан камайтирилишидир. Бу қисқартириш ҳақнинг талаб қилиниши, савол – жавоб ва ҳисоб – китобдан кейин бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Ғийбатнинг банданинг яхши амалларига етказган зарари оловнинг ўтинга етказган зиёнидан ҳам тез ва шиддатли бўлади”.
Агар инсон ғийбатнинг ёмонлиги ҳақида айтилган ҳадисларга иймон келтирса, у ҳадисларда келтирилган таҳдидлардан қўрққани учун тилини эркин қўйиб юбормайди. Ўз нафси ҳақида ўйлаш унга фойда келтиради. Агар нафсида бир айб кўрса, у билан шуғулланади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини ёдга олади: “Ўзининг айби уни ўзгаларнинг айбини қидиришдан тўхтатиб қолган киши жаннатга киради”.
Бошқа бир кишининг хатосини кўрган вақт ўз нафсини қўйиб, бошқаларнинг айб билан шуғулланишдан уялиш энг маъқул ҳаракатдир. Бошқа кишини ислоҳ қилиб, хатодан узоқлаштиришдан ожиз бўлиш ўзининг ҳам гуноҳлардан узоқлаштиришда ожиз бўлиши кабидир (Агар бу айб кишиниг феъл-атвори ва иродаси билан боғлиқ бўлса). Яратилиш сабаб бир кишининг нуқсонини ёмонлаш Яратганни ёмонлаш демакдир. Зеро, бир асарни ёмонлаш унинг яратувчисини ёмонлаш демокдир.
Бир киши ҳикмат аҳлидан бўлган бир кишига “Эй жирканч юзли”, деди. У зот эса бунга жавобан шундай деди: “Юзимнинг яратилиши менинг қўлимда бўлмагани ҳолда, уни қандай хушсурат қила олайин”.
Қул ўз нафсида бир хато кўрмаса, Аллоҳ таолога шукур келтириши лозим. Нафсини хатоларнинг энг катталаридан бўлган ғийбат билан булғамаслиги керак. Зеро, одамларнинг айбларини айтиб, ўликнинг гўштидан ейиш гуноҳларнинг энг буюкларидандир. Агар киши инсофли бўлса, ўз нафсини ҳар нарсадан пок деб ўйлаши – унинг нафси ҳақида ҳеч нарса билмаслигидан эканини биларди. Бу эса катта хатодир. Ўзининг ғийбати қилинганда безовта бўлгани каби бошқаларнинг ҳам ўзлари ҳақида ғийбат қилинса, безовта бўлишларини ҳис қилиш фойдалидир. Модомики, ўзининг ғийбатининг қилинишига рози эмас, у ҳолда ўз нафси учун рози бўлмаган нарсасига бошқаси учун ҳам рози бўлмаслиги керак. Булар тилни ғийбатдан сақлашнинг даволаш усулларидан биридир.
Тафсилий усул кишининг ғийбатга етакловчи ва ундовчи сабабга эътиборини қаратишидир. Зеро, касалликнинг давоси унинг сабабини бартараф қилиш билан мумкин бўлади. Биз бу сабабларни аввал баён қилиб ўтдик. Жаҳл (ғазаб) касаллигини “Ғазабнинг офатлари” бўлимида зикр қилиб ўтиладиган даволаш йўллари орқали тузатиш тавсия қилинади. Масалан, “Мен фалончи одамга жаҳл қилганимда Аллоҳ ҳам ўша ғийбат туфайли менга ғазаб қилади, зеро, Аллоҳ мени ғийбат қилишдан ман қилган. Мен эса Аллоҳ тақиқлаган нарсани қилишга бемалол журъат қила оляпман. Унинг қайтариғини менсимаяпман. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Албатта, жаҳаннамнинг бир эшиги бор. У эшикдан дунёда нафратини Аллоҳга исён қилиш тарзида сочган киши киради”.
Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай дейдилар:”Ким Аллоҳдан қўрқса, унинг тили оғирлашади ва у нафратини изҳор қила олмайди”.
Яна бундай ривоят қилинади:”Ким нафратини тилга олишга қурби етгани ҳолда ғазабини жиловласа, Қиёмат куни уни маҳшар аҳлининг кўзи олдида чиқарилиб, унга ҳурлар орасидан истаганини олишга изн берилади.”.
Пайғамбарларга нозил бўлган самовий китобларнинг баъзиларида бундай ҳақиқатлар ўрин олган:”Эй инсон боласи! Жаҳлинг чиққан пайт Мени эслаки, Мен жаҳлим чиққанда эса сени эслайин, ҳалок қилганларим орасида қолиб кетмагин”.
Биродарларни рози қилишинг, сенинг инсонларни рози қилишни истаган пайтинг Аллоҳнинг ғазабини келтирган бўлишингни билишинг демакдир. Яратганни таҳқирлаш эвазига кимгадир таъзим қилишни ўзингга қандай лойиқ кўрасан? Бошқани рози қилиш учун Аллоҳнинг розилигидан қандай воз кечасан? Жаҳл қилган одамингнинг ёмонликларини эслашинг шартми? Бошқалар у одамнинг ёмон томонларини эсласалар, Аллоҳ учун уларга жаҳл қилишинг керакмасми? Чунки улар гуноҳларнинг энг оғирларидан бўлган ғийбатга мубтало бўлиб, Аллоҳга исён қилишади. Бошқа кишини хоинликда айблаб, ўзингни тозага чиқариш иллатини Яратганнинг ғазабига дучор бўлишнинг махлуқларнинг ғазабига учрашдан шиддатлироқ эканини билиш орқали даволашинг мумкин. Сен ғийбат қилиш орқали ўзингни Аллоҳнинг ғазабига рўбарў қиляпсан, ваҳоланки, бу орқали одамларнинг нафратидан қутулиб – қутулолмаслигингни ҳам билмайсан. Дунёда нафсингни қутқариш эвазига охиратингни барбод қиласан. Одамларнинг келажакда сени ёмонламасликларини олдини олишга ҳаракат қилишинг жоҳилликдан ўзга нарса эмас.......
Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Тил офатлари ва ундан сақланиш йўллари”китобидан.
Зарафшон шахри “Баҳор” МФЙ отинойиси Хуршида Худжиярова.






скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш