АБВОДА ҚАЗИЛГАН МОЗОР.
Бизга маълумки, отамиз Абдуллоҳ дилбандини кўрмай оламдан ўтдилар.Ул Зотдан сўнг Росулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топдилар.Бир неча йил ўтди. Суюкли невара олти ёшга тўлди.Абдулмутталиб том маънода шафқат паноҳига айланган, она-боланинг ҳар бир эҳтиёжини зиёда қилиб қондирар эди. Аммо Омина кун сайин сўлиб борар, юрагида қандайдир бир дард пайдо бўлган эди. Мана, олти йилдан ошибдики, бева яшайди. Бир куни Абдулмутталибга:
—Ичимни бир дард ёндирмоқда, отажон, — деди.
—Нима бўлди, қизим?
—Билмадим. Лекин ҳеч таскин тополмаяпман. Абдулмутталиб бошини эгди, оппоқ соқоли кўксига тушди, хиёл ўйга толди, сўнгра:
— Шу, бир саёҳат қилиб келсанг, қандай бўларкан, қизим, — деди.
— Қаерга ҳам борардим.
— Ясрибга бор. Тоғаларингни кўриб келасан. Ҳамда... — Абдулмутталибнинг кўзлари ёшланди. Омина ҳам худди шу аҳволда эди. — Ҳамда Абдуллоҳнинг қабрини зиёрат этарсан.
Омина бу маслаҳатга рози бўлди. Гўёки кекса Абдулмутталибнинг юрагидаги орзуларини ўқигандай эди.
— Қачон йўлга тушай, отажон?
— Қачон хоҳласанг, ўшанда. Ўша томонга борадиган бирон бир карвонга омонат қўшиб юбораман. Бориб, бироз дам олиб келасан.
Бир куни Абдулмутталиб Ясрибга борадиган бир йўловчи карвонни топгани ҳақида хабар келтирди. Омина Зуҳра қабиласига бориб, қариндошлари билан хайрлашди. Сўнгра карвонга қўшилди. Ёнида суюкли ўғли Муҳаммад билан жорияси Умму Айман ҳам бор эди. Улар икки туяга миниб олдилар.
Эрталаблари тонг саҳардан йўлга тушилар ва қоқ тушгача юрилар, сўнгра тўхтаб дам олинар эди. Аср пайти — куннинг тафти қайта бошлагач, яна йўлга тушилар, туялар яна хизматини давом эттирар эди. Қумлар устидан оғир-оғир одимлаётган бу жонзотлар битмас-туганмас сабр-тоқат билан Макка ва Ясриб орасидаги бепоён йўлни босиб ўтардилар.
Ора-сира туяларни ғайратга солиш учун ўқиладиган шеърлар қулоққа эшитилиб қоларди. Кўз қамаштирадиган даражада чўзилиб кетган кумлар устида соатларча йўл давомида биронта ҳам дов-дарахт учрамасди. Баъзан бир нечагина хурмо дарахтининг, бошларини бошларига қўйиб хасратлашаётгандай турган ҳолатига дуч келинарди, тепада учиб юрган қушлар кўриниб қолар, улар йўловчиларга шу яқин орада сув борлигидан дарак берар эдилар. Шунда тўхтаб мешларга сув тўлдирилар, туялар суғорилар ва яна юриш давом этар эди.
Йўл бир неча кун давом этди. Кун неча марта чиқиб, неча марта ботди. Ниҳоят, бир куни яшил хурмо дарахтлари билан қопланган гўзал бир шаҳар кўринди.
— Ана Ясриб, ана Ясриб!.. — деб ҳайқирганлар бўлди.
Йўловчилар узоқ ва машаққатли сафардан кейин енгил нафас олдилар. Севиндилар. Севинишга тўла ҳақли эдилар. Чунки узоқ йўл давомида қароқчиларнинг ҳужумига дучор бўлмаган, йиртқич ҳайвонларга рўбарў келмаган эдилар. Энг муҳими, неча кунлардан бери чанг-тўзон ичида, туяларнинг устида чайқала-чайқала давом этган сафар тугаган эди.
Шаҳарга киришгач, Омина биринчи учратган одамга: Нажжор ўғилларининг манзилига бормоқчи эдик, — деди.
У одам боши билан ишора қилди:
— Туянгни мана бу йўлдан ҳайда.
Ниҳоят, кўзланган манзилга етиб келдилар. Маккадан келган меҳмонлар хурсандчилик билан кутиб олиндилар. Нажжор ўғиллари Абдулмутталиб туғилиб, вояга етган қабила эди. Онаси Салмо ушбу қабиланинг қизи эди.
Омина келган куннинг эртасига бир қабр тепасига борди, йиғлаб ўтирди. Бу Абдуллоҳнинг қабри эди. Кунлардан бир куни эрта тонгда Маккадан кузатган, орқасидан ўпкаси тўлиб, тикилиб қолган Абдуллоҳини орадан олти ярим йил ўтгач, мана шу тарзда зиёрат қилиб турарди. Аммо кўргани шунчаки бир ҳовуч тупроқ эмас эди. Бу тупроқнинг остида тирик қолиши учун беҳад фидокорликлар кўрсатган мард ва гўзал йигит Абдуллоҳнинг жасади ётарди.
Тирик қолиши учун юзта туя қурбон этилган Абдуллоҳ...
Маккалик бир хотин томонидан «Менга уйлансанг, сенга юзта туя бераман», дея турмуш қуриш таклиф этилган Абдуллоҳ...
Коинот пайғамбарининг отаси бўлганидан бехабар, унинг гул юзини бир мартагина бўлса ҳам кўрмасдан ажал ўқига дучор бўлган Абдуллоҳ шу ерда ётарди...
Учқудуқ туман "Айтим" мфй отинойиси М Жабборова.