Бола кўчада айнимайди.

24-08-2023, 13:12 admin Мақолалар 204

Бола кўчада айнимайди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ота ўз боласига чиройли одобдан яхшироқ нарса бера олмайди”,деганлар. (Имом Термизий ривоят қилган). Шундай экан биз бугунги кун ота-оналари фарзанд тарбиясида қандай йўл тутишимиз керак. Панд-насиҳатнинг вақтини, ўрнини, мавридини тўғри топа олишимиз, меъёридан ошириб юбормаслигимиз, аммо жуда ҳам бўш қўйиб юбормаслигимиз, ҳамда, ёшларимизни асосан одобга – ростгўйликка, ваъдага вафо қилишга, омонатдорликка, каттага ҳурмат, кичикка иззатга, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатларга ўргатишимиз учун биз ота-оналар қай даражада шахсий ибрат бўла олишимиз зарур. Бунда бизга энг яхши туртки бўладиган бир нарсани ўқиб қолдим. Бу таниқли шоири, адиба, истеъдодли воиз ўз умрини сўнггига қадар шу азиз ватан учун хизмат қилиб ўтган Турсуной Содиқованинг “Сабаб ва натижа” китобидаги бир отанинг Турсуной Содиқовага берган саволи, ҳамда, адибанинг бу саволга берган жавобини келтиришни лозим топдим:
Савол: Оилада ота фарзандларига тарбия бераётганида ёки насиҳат қилаётганида болаларнинг ёнини олиб, халақит берадиган оналарга муносабатингиз қандай?
Жавоб: Мен савол бераётган одамни дарҳол тасаввур қилдим. Дилим хираланди. Биласизми, ота-онанинг тажрибасизлиги, тарбия беришда уқувсизлиги туфайли ҳам фарзандлар кеч пишишлари, қаторга кеч қўшилишлари мумкин. Лекин минг афсус, одамлар турфа, чунки уларнинг зоти турфа. Пойдевори қанақа бўлса, биносининг сифати ҳам ўшандай бўлади. Бизга ўхшаган тарбиячилар астойдил ният қилиб ўргатаверамиз, Аллоҳ бизни сабабчи қилиб, дилларини очса очди, акс ҳолда болалар пешоналарининг ёзиғидан кўрадилар.
Чунки:
Кучук бирла хўтикни қанча қилсанг тарбият,
Ит бўлур, эшшак бўлур, бўлмасдир асло одамий.(Алишер Навоий).
Менинг энсамни қотирган, аввало, савол бераётган шу эркакнинг ўзи. У очиқдан очиқ аёлидан кўра ўзини яхши тарбиячи, деб айтаяпти. “Болага тарбия бераётганимда” дейиш билан “уни ураётганимда” демоқчи. Яна онага “шундай пайтларда сен овозингни ўчириб тур”, дея ҳурматсизлик кўрсатмоқда. Мана шу тутумнинг ўзида тарбиясизлик мавжуд. Аввало, бола тарбиясига асосан она маъсулдир. Чунки она боласининг нозик, заиф жойларини яхши билади, чунки у ўзидан бино бўлган. Шунинг учун ҳам боласи ўринсиз озор еса, биринчи бўлиб онанинг жони оғрийди. Ҳар қандай она - педагог, она боки, ўз боласининг руҳшуносидир. Ота эса тарбия ишларига жойи келганда, ўшанда ҳам она билан бамаслаҳат аралашиши лозим. Ота, аввало, ўз гап-сўзи, юриш-туриши билан тарбия беради. Бу одамнинг қандайлиги менга қоронғу, аммо аёлига бўлган бир оғиз беписанд гапи унинг маънан камбағаллигини кўрсатиб турибди.
Фарзандлар бизнинг қўлимиздаги резина тўп эмас. Уни хоҳлаган томонга отиб ўйнашга ҳаққимиз йўқ! У ҳақ-ҳуқуқли инсон, унинг эгаси - Аллоҳ. Унга гап айтишдан олдин болада ҳам кўнгил борлигини, қўл кўтараётганда эса, унинг биздан жисмонан заифлигини ҳисобга олиб туриш керак. Хотинини ёмон кўриб кетса ҳам, қиморда ютқизса ҳам, пулини ўғирлатиб қўйса ҳам, бирортаси қаттиқ гап қилиб қўйса ҳам, уйга келиб аламни боладан олиш: уни уриш, сўкиш зулмдир! Бу Аллоҳнинг неъматига тажовуздир!
Бир эркакнинг гапини қаранг: “Мен бекорга иккинчи хотинга уйланганим йўқ. Аёлимнинг тутуми ифлос, ошхонага кирсангиз бошингиз айланади. Муомаласи ҳам қўпол. Бу уйда менга яшагани ҳаво етмайди. Аммо ўғлим, қизимдан кўнгил узолмайман, уларни ташлаб кетолмайман. Улар вояга етиб қолишди.Онасига ўхшаб қолмаслиги учун қизимни мажбуран ўтқизиб ҳадисларни, сизнинг ва фалончиларнинг китобларини ўқиттираман, ёдлайсан дейман”, -дейди. Нақадар хомлик! Қизи бўйига етиб қолган бўлса, айни пайтда отаси онасини ҳақоратлаб турган бўлса, устига-устак, бу “доно” ота онасининг устига хотин олволган бўлса, унинг қулоғига насиҳат кирадими? Кўнглига китоб сиғадими? Худди шу отанинг ўзидан нафратланиб турган фарзанд унинг айтганини қиладими? Аслида, эр оилада раҳбарликни эплай олмаса, аёл издан чиқади. Йигирма йилдан бери хотинидан озодаликни талаб қилолмаган эркак эркакми? Ўзи хатолар балчиғига кўмилиб турибди, қандай қилиб тарбиячиликка даъвогарлик қилади?
Шу нарса ҳақиқатки, кўча болани камдан – кам айнитади. Боланинг пойдевори уйда! Уни яхши ёки ёмон қиладиган ота-онанинг нияти, тутган амаллари, бир-бирларига муносабати, томоғидан ўтаётган луқманинг ҳаром-ҳаололигидир. Қолаверса, ҳаммамиз ғинг демай шуни тан олишимиз керакки, фарзандлар босиб ўтган йўлимизга яраша Аллоҳ бизга қайтараётган қайтим: жазо ёки мукофотдирлар.
Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, биз келажак авлодларимизга ҳар қанча мол-мулк қолдиришимиз мумкин, аммо уларнинг ҳеч қайсиси одоб-ахлоқдан яхши, гўзал хулқдан афзал бўлолмайди. Биз ана шу меросга ҳушёр бўлайлик. Яратган Зот барчамизни фарзандларига чиройли ибрат бўла оладиган хулқ билан неъматлантирсин
Зарафшон шаҳар “Геолог” ва “Баҳор” МФЙ отинойиси Хуршида Худжиярова.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш