Амри маъруф ва наҳйи мункарнинг уламолар учун аҳамияти

24-05-2023, 01:16 admin Мақолалар 248


Амри маъруф ва наҳйи мункарнинг уламолар учун аҳамияти
Ёмонлик ва гуноҳдан қайтариш ҳар бир инсоннинг бурчидир. Хусусан, бу иш диний моҳиятларни англаб етган уламолар учун муҳим. Зеро, улар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарларнинг вазифалари эса аён: инсонларни Аллоҳга чақириш ва Унинг ғазабини келтирувчи нарсалардан қайтариш.
Уламолар умматнинг пешволари ва раҳбарлари бўлиб, бу масала улар учун фарзи айндир.
Қуръоний қиссалардан аён бўладики, ўтган умматларнинг олимлари амри маъруф ва наҳйи мункарга бепарволик қилганлари учун охират азобига гирифтор бўлдилар. Аллоҳ таоло бу уммат уламолари ҳам уларга ўхшаб қолмаслиги учун, ўзларини илоҳий ғазабдан халос қилишлари учун қатор оятлар нозил қилди. Ўтган салаф солиҳларимиз бу ҳақиқатни ниҳоятда чуқур англаб, амалда пешқадам бўлганлари боис дунё саодатига эришганлар ва иншааллоҳ охират раҳматига ҳам эришадилар.
1.Амри маъруф ва наҳйи мункар умматнинг яхшилигига далолат қилувчи сифатлардандир.
“Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Аҳли китоблар ҳам иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Уларнинг мўминлари бор, аммо кўплари фосиқдир” (Оли Имрон сураси, 110-оят).
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бу оятнинг тафсирида бир неча ҳадиси шарифни келтириб: “Қайси бир мусулмон юқоридаги сифатлар билан васфланса, у ҳам илоҳий мақтовга сазовордир, саҳобаи киромлардаги яхшилик унда ҳам мужассамдир”, деганлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳаж қилаётиб, баъзиларнинг шошаётганини кўрдилар, юқоридаги оятни ўқиб: “Ким ўшаларга ўхшамоқчи бўлса, илоҳий шартларни бажарсин”, дедилар.
Фахриддин Розий айтганлар: “Усули фиқҳнинг машҳур қоидаларидан маълумки, бирор ҳукм унга муносиб бўлган сифат билан бирга зикр қилинса, у сифат ўша ҳукм келиб чиқишининг сабаби бўлади”.
Аллоҳ таоло ояти каримада бу умматга умматларнинг энг яхшиси, деб ҳукм берди. Ундан кейин қатор сифатлар зикр қилинди. Булар – амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш ҳамда иймон келтиришдир. Демак, бу ҳукмга сазовор бўлишни истаганлар учун мазкур сифатларда бардавом бўлиш талаб этилади.


2.Бу улуғ иш мўмин-мусулмонларни ўзаро яқин биродарга айлантиради.
“Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрурлар, ёмонликдан қайтарурлар, намозни тўкис адо этурлар, закотни берурлар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилурлар. Ана ўшаларга Аллоҳ тезда раҳм қилур. Албатта, Аллоҳ азиздир, ҳакимдир” (Тавба сураси, 71-оят).
Имом Қуртубий бу оятнинг тафсирида шундай деганлар: “Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада амри маъруф ва наҳйи мункарни мўминлар билан мунофиқларнинг орасидаги фарқ қилиб қўйган”.
Бу оят амри маъруф ва наҳйи мункар мўминларнинг хос ва шарафли сифати эканига яна бир далилдир.
Фахриддин Розий айтадилар: “Яхши билгинки, Аллоҳ таоло мўминларнинг бир-бирига дўсту биродарлигини зикр қилиб, оятнинг давомида бу дўстликни шарҳлади. Улар амри маъруф ва наҳйи мункар қиладилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиладилар. Мўминлар ана шу беш хислат билан мунофиқлардан ажралиб, фарқланиб турадилар. Мунофиқлар эса ёмонликка буюриб, яхшиликдан қайтаради”.
Имом Аҳмад дўстлари Абу Ҳафс Умар ибн Солиҳга қарата: “Эй Абу Ҳафс, шундай вақтлар келадики, ўлаксадан жирканилгани каби мўминдан жирканилади, мунофиққа эса ҳавас қилинади”, дедилар. Шунда у киши: “Эй имом, бу қандай бўлади?” деб сўрадилар. “Аллоҳ таолонинг амри иккинчи даражали иш қилиб олинса, амри маъруф ва наҳйи мункар орадан кўтарилса, ёмонликни кўра туриб, оғиз ёпиб кетаверилса ва яна бундай кимсаларга тўғри йўл тутаяпти деб баҳо берилса, ана шундай бўлади”, деб жавоб бердилар.
Суфён Саврий шундай деганлар: “Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш мўмин учун қувват, мунофиқ учун хорликдир.
3.Амри маъруф ва наҳйи мункар жамиятни покиза ва соғлом сақлашнинг омилларидандир.
Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг чегараларини суст олувчилар ва унга риоя қилмайдиганлар кемада кетаётган бир қавмга ўхшайди: уларнинг бир гуруҳи кеманинг пастки қисмида, бошқалари юқорисида. Сув пастдагиларга юқоридагилар орқали келарди. Юқоридагилар бундан малол олишгач, пастдагилардан бири болта олиб, сув олиш учун кеманинг тубини теша бошлади. Унга: “Нима қиляпсан?” дейишган эди, у: “Сув сўрасак, сизларга малол келди.


Менга эса сув керак”, деб жавоб берди. Агар уларнинг қўлидан болтани олишса, унга ҳам, ўзларига ҳам нажот берган бўлишарди. Аммо уни ўз ҳолига ташлаб қўйишса, уни ҳам, ўзларини ҳам ҳалок қилишади”, дедилар” (Бухорий ривояти).
Фазилатли жамиятларда гарчи ёмонлик ва ёмонлар бор бўлса-да, яхшилик ва истиқомат уфуриб туради.
4.Амри маъруф ва наҳйи мункар бевосита иймон билан боғлиқ ишдир.
Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: “Ҳайит куни намоз ўқишдан олдин хутба қилишни биринчи бўлиб бошлаб берган Марвон ибн Ҳакам бўлди. У шу бидъатни қилганида жамоатдан бир киши туриб: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хутбани намоздан кейин қилар эдилар”,деди. Марвон эса : “У иш ўша замонда қолди”, деди. Шунда Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу: “Эй Марвон, бу киши ҳақиқатни айтиб, ўз вазифасини адо этди. Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қайси бирингиз гуноҳ ишни кўрса, уни қўли билан қайтарсин. Қўли билан қайтара олмаса, тили билан қайтарсин. Тили билан ҳам қайтара олмаса, дили билан қайтарсин, аммо бу иймоннинг заифлигидандир”,деганларини эшитганман”, дедилар” (Муслим ривояти).
Бу ҳадисда амри маъруф ва наҳйи мункарнинг чегараси чизиб берилди. Қисқа сўзларда кенг маънолар мужассам бўлди:
“Қайси бирингиз” – демак, бу иш ҳар бир мўмин-мусулмонга тегишли.
“Кўрса” – бу иш гумон, шак-шубҳа билан эмас, аниқлик ва равшанликни талаб қилади.
“Гуноҳ ишни” – гуноҳнинг аниқлиги. У гуноҳ каттами, кичикми, ҳолат ва вазият тақозоси билан муолажа этилмоғи лозим.
“Ўзгартирсин” – бу иш барча умматга вожибдир.
“Иймоннинг заифлиги” – Нававий айтганларидек, “энг кам самаралиси”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло мендан олдинги пайғамбарларга умматлар ичидан ёрдамчи ва дўстларни бериб қўйди. Улар унинг йўлидан юрдилар ва амрига бўйсундилар. Улардан кейин келганлар эса ўзгардилар, бузилдилар. Қилмаган ишларини гапаришади, буюрилмаган ишларни қилишади. Ким уларни қўли билан қайтарса, ўша мўминдир. Ким уларни тили билан қайтарса, ўша ҳам мўминдир. Ким уларни дили билан қайтарса, ўша ҳам мўминдир. Бунинг ҳам уддасидан чиқолмаганнинг тариқ донасича ҳам иймони йўқдир”, дедилар” (Муслим ровояти).
5.Амри маъруф ва наҳйи мункар дуоларнинг қабул бўлиш сабабларидандир.


Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта, амри маъруф ва наҳйи мункар қилинглар. Акс ҳолда Аллоҳ таоло сизларга шундай уқубат жўнатадики, ундан кейин дуо қиласизлар, аммо дуоларингиз қабул бўлмай қолади”, дедилар” (Термизий ривояти).
Демак, дуоси ижобат бўлишини истаган одам иқтидори, имкониятига қараб бу муҳим ишни қилиши керак.
Имом Ғаззолий шундай деганлар: “Амри маъруф ва наҳйи мункар диннинг мустаҳкам суянчиқларидан бири бўлиб, у барча пайғамбарларга юклатилган вазифадир. Агар у ташлаб қўйилса, пайғамбарларнинг даъвати тўхтаб қолади ва дину диёнат оёқости бўлади. Феъл-атвор ва инсоний табиат аралаш-қуралаш бўлиб кетади. Залолат, жоҳилият ва адашув чор-атрофга қанот ёзади. Фисқу фасод бўй чўзади, яра кенгайиб, юртлар харобага айланади, инсоният ҳалокат жарига қулайди. Одамлар буни қиёмат куни кўрадилар. Бизлар қўрққан нарсалар эса бугун кўриниб қолмоқда. Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун.
Манба: “Амри маъруф ва наҳйи мункар”китоби.
Зарафшон шаҳри “Геолог” ва “Баҳор” МФЙ отинойиси Хуршида Худжиярова.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш