Навбаҳор тумани
Ок олтин маҳалла
отинойиси
Хакиева Ойсара
ЁТ ҒОЯЛАР
Инсон зоти яралибдики, доимо унда фикрлар жамланмаси бўлмиш ғоялар бирга яшайди. Махлуқотлар ичида инсон онгга эгалиги сабабли бошқалардан айри хусусиятларга эга. Барча замон ва маконларда ғоя инсоният жамиятига таъсир ўтказувчи катта куч бўлиб келган. Чунки, ғоя ижтимоий аҳамиятга эга ҳодисадир. Дастлаб ғоялар алоҳида шахсларнинг зеҳнида пайдо бўлиб, бора бора бутун жамиятга ёйилади, ҳаттоки, ер куррасининг барча қисмига тарқалиб глобал тус олиши ҳам мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ (иш)дир.”
Мазкур оятда Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи, Расули ҳамда ўз ораларидан чиққан мусулмон бошлиқларга итоат этишни буюриб, бирор муаммоли масалага дуч келинганда унинг ечимини “Аллоҳ ва пайғамбарига” ҳавола этишни, демакки, Қуръон ва ҳадисга мурожаат қилишни буюрмоқда. Бундай мушкул ҳолатларда масаланинг ечимини топиш учун энг аввало Қуръонга мурожаат қилишимиз лозим экан.
Ҳозирги кунда эътибор берилмаётгани ёшларнинг онгида ўзларининг дини, эътиқодига бўлган маълумотларни тўғри, соф ва режали асосда жойлаштириш керак. Бунинг учун эса ёшларни шифокорлар томонидан омматан эмлаш йўлга қўйилганидек, диний мутахассислар томонидан ёшларни соф Ислом ақийда ва тушунчалари билан эмлаш керак. Бу маънавий эмлашни эса барча мажбурий таълим муассасаларида қўллаш энг самарали услубдир. Ёт ғояларга қарши иммунитетни шакллантириш учун сафарбар қилинган мутахассислар холис, ҳақиқий ватанпарвар, миллатпарвар ва шу билан бирга ўзи тарғиб қилаётган миллийлик ва маънавият талабларига ҳақиқатан амал қилиб, жонли ўрнак бўла оладиган бўлиши керак.
Мазкур офатлардан омонда қолишда оилалардаги соғлом муҳит ва муносабатларнинг ўрни асосий аҳамият касб этади. Шу сабабли, ота оналар ҳамиша фарзандларини назорат қилишлари, уларнинг таълим олиши, жисмонан ва руҳан ривожланиши, атрофидаги муҳитнинг соғлом бўлишига ҳаракат қилишлари лозим. Қолаверса, ота оналарнинг ўзлари ҳам доимо илм олишда давом этишлари, фарзандлари билан дўстона алоқа ўрнатишлари ҳам керак бўлади.
Қуръони каримда буюрилганидек, мусулмон киши учун кўр-кўрона тақлид ярашмайди. У ҳар қандай масалада Аллоҳнинг Каломи ва пайғамбарининг ҳадисларига эргашиши, агар лозим ақидавий ва шаръий масалаларни билишга ўзининг илми етарли бўлмаса, ишончли, тақводор, олим кишилардан сўраб билиши ҳамда уни амалга татбиқ этишда фитна келтириб чиқаришдан эҳтиёт бўлиши керак.
Жумладан, рисолат соҳиби Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)дан муқаддас динимизга хилоф бўлган бундай гуруҳлар ҳақида бир қатор ҳадислар ворид бўлган.
Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Менинг умматимдан бир тоифа инсонлар пайдо бўлиб, динда жуда тез илмни эгаллайдилар ва Қуръон ўқийдилар. Улар: Бошлиқларимизга бориб: “уларнинг молу давлатларини босиб оламиз ва ўзларини динимиздан четлатамиз (кофир деб эълон қиламиз)”,–дейдилар. Бундай қилиш тўғри йўл эмас. Бу тоифа кишиларга яқин бўлишдан фақат хатоларни жамлаш мумкин бўлади,”–дедилар.
Ёшларни мазкур иллатлардан огоҳлантириб, қайтариш билан биргаликда уларни кўнгилларини эгаллай оладиган, ҳар тарафлама фойдали ва самаралироқ бўлган ғоялар билан таъминлаш керак.
Ёшларнинг қалбида эса ҳар қандай нарсани билиб, ҳар қандай махфий нарсани кўриб ва кузатиб турувчи Аллоҳ таолонинг борлиги ва Ягоналиги тўғрисидаги эътиқодни шакллантириш керак.