Таъзия маросимлари одоблари

31-07-2017, 22:25 admin Мақолалар 3 276

Таъзия маросимлари одоблари

Биз мулоҳаза юритмоқчи бўлган мавзу – бутун башарият вақти-соати келиб йўлиқиши муқаррар бўлган таъзия маросимлари ва унинг одоблари ҳақида мулоҳаза юритмоқчимиз. Барча нарсанинг одоби бўлгани каби таъзия маросимларининг ҳам ўзига яраша одоблари бордир.
Мусибат етган хонадонга борган кишининг одобларидан бири у ерда овозини баланд қилиб гаплашмаслиги, ҳазиллашмаслиги ва кулмаслигидир. Зеро, аза бўлган жойда бу каби ишлар диний ва инсонийлик жиҳатидан номақбулдир. Шунингдек, мусибат эгаларига ҳамдардлик билдириб, мусибат Аллоҳнинг иродаси экани ва унга сабр қилиш лозимлиги ҳақида насиҳат қилинади. Таъзияни ҳар қандай тасалли берувчи лафз билан билдирса бўлади. Лекин баъзи уламоларни айтишларича таъзиянинг энг яхши лафзи “Аллоҳ вафот қилганларни мағфират қилиб, ўз раҳматига олсин ва сизга сабр-бардош берсин”, дейишдир. Бундан бошқача қилиб, ҳар ким ўзи билган лафзи билан кўнгил кўтарса ҳам бўлади. Таъзия билдиришдан асосий мақсад, мусибат етганларнинг қайғуларини озгина бўлса ҳам енгиллатишдир.
Ҳозирги вақтда кўп тарқалган хурофий одатлардан бири шуки, пайшанбалик, якшанбалик деб худойилар қилиш, йигирмалик, қирқлик номи билан катта катта қозонларда ош дамлаб, кўп маҳаллалардан одам чақириб, катта маросимлар ўтказишдир. Бундай ишлар шариатимиз буюрмаган одатлардан экани фиқҳ ва фатво китоблардан маълумдир. Бу ҳақда асримиз уламоларидан Шаҳобиддин Маржоний “Ал-Барқул-вамийз” номли китобларида: “Халқимиз ичида тарқалган кўп худойилар ношаръий садақалардандир, унда маййитга ҳам ва хонадон соҳибларига ҳам савоб йўқдир”, деб шарҳлаганлар.
Баъзи кишилар ҳозирги даврда ислом таълимотлари ва шариат аҳкомларини тўлиқ тушунмаганлари туфайли бу маросимларни фарз ҳукми ўрнида кўриб, унга шундай катта эътибор билан қарайдиларки, гўё бутун мусулмончилик шундан иборат деб ҳисоблашади. Аслида, ҳар бир мусулмон шуни билиши керакки, ўтганларни эслаб хайр эҳсонлар қилиш мустаҳаб амаллардандир. Уни шариат таълимотига мувофиқ ўтказиш эса шартдир. Акс ҳолда ажру савобдан маҳрум бўлинади. Аммо, бир нарсани билиб қўймоқлик лозимки, оиласининг нафақасини таъминлаб қўйиш фарз амаллардан ҳисобланади. Шунинг учун ночор бўла туриб марҳумнинг руҳи учун қарзи-ҳавола эвазига эҳсон қилиш ёки ҳойу-ҳавасга берилиб тўй қиламан деб бола чақани ризқини қийиш катта хатодир.
Бордию, маҳалла-куйнинг ошини еганман, маҳаллага ош бермасликка номус қиламан, деб бошқалардан қарз олиб худойи қиладиган бўлса, бу айни гуноҳнинг ўзидир. Ҳозирги вақтда мусибатхоналарда бир эмас, бир неча марталаб худойи қилинишига гувоҳ бўлмоқда. Бу маросимлар баъзи бирлар учун, хусусан, ҳозирги пайтда “қўли калтароқ” оилаларда яна ҳам оғирроқ кечаётгани ҳаммага аён.
Ҳаётда бўлаётган воқеаларга эътибор билан разм соладиган бўлсак, бир марҳумни ҳали жанозаси ўқилмай, қабрга қўйилмай туриб худойиси қачон эканлигини суриштираётган баъзи инсонларни кўриб туриб, “инсон деб аталган баъзи бир мавжудот шунчалик даражада тубанликка юз тутар эканда”, деган фикр хаёлингизга келаверади. Беихтиёр “Оқил одам яшаш учун ейди, жоҳил эса ейиш учун яшайди”, деган ҳикмат эсингизга тушади. Шу ўринда айтиб ўтишимиз керакки, дунёдан ўтган марҳумлар ҳақига савобини бағишлаб худойи-эҳсон қилишга шариатимиз рухсат берган, лекин марҳумнинг дунёдан ўтганига уч кун тўлиб, уй эгаларининг қалбидаги азаси анча босилиб, шароитини мослаб олганидан кейин Аллоҳ розиги йўлида, савобини ўтган марҳумга етиб боришини Аллоҳдан сўраб худойи-эҳсон қилинса марҳумнинг руҳи шод бўлади, хонадон эгаларига ҳам савоб бўлади.
Муқаддас динимизда эри ўлган аёлдан бошқа мусибатзадаларнинг аза тутиш муддати уч кундан ошмаслиги керак. Таъзия билдирадиганлар шу уч кун ичида марҳумнинг қариндошларига бир марта таъзия билдириб, тасалли бериши мустаҳабдир. Фатво китобларида мабодо кишининг уч кун ичида таъзия изҳор этишга вақти бўлмаса ёки мусибат етган киши уйида бўлмаса, бошқа вақтда бир марта таъзия изҳор қилишига рухсат берилади, дейилган. Лекин эри вафот этган аёлнинг аза(идда) муддати Қуръони каримда тўрт ойу ўн кун деб белгиланган. Эри вафот этган аёл аза муддатида ясанмайди, хушбўй нарсалар суртмайди, пардоз қилмайди, аза учун махсус рангли кийим (масалан кўк, қора) киймайди. Балки камтарона кийинади ва шу муддат ичида (яъни идда муддати ичида) бошқага турмушга чиқмайди ва бунга ҳаракат ҳам қилмайди.
Етти, йигирма, қирқ, йил оши, қора либос кийиш, овоз чиқариб йиғлаш, бир йилгача тўй қилмаслик, оқ кияр, кир ювди каби маросимлар шариатимизда бидъат амаллардан ҳисобланади.
Хонадонлардан бирига аёл кишини жанозасига бордик. Хонадан соҳиби аввалроқ вафот этган экан. Хонадон бекаси ҳам бир неча йиллардан бери оғир касал. Шу касаллик туфайли қазои қадари етиб вафот этди. Марҳумлардан бўйи етган бир ўғил ва етти яшар қизалоқ бўзлаб қолди. Таъзиядан қайтаётиб марҳумни яқинларидан бирига маслаҳат бериб айтдим. Иложи бўлса йигитни тезроқ уйланглар. Марҳумадан қолган қизга оқ ювиб тарайдиган бир она керак. Гапим бўғзимда қолди. Тоға жавоб берди, йилини ўтказмасдан туриб тўй бўлмайди! Майли, хўп, бир йилгача сағира қизни аҳволи не кечади? Амма, хола, тоғалар қараб туришар, лекин қачонгача? Бир ҳафта қарар, ўн кун қарар, бир ой, икки, уч, беш ой қарар. Бир бидъат амални деб сағиранинг аҳволи не кечади? Саволлар бисёр. Афсуски жавоби йўқ.
Марҳумга бағишлаб марсия айтиб, ўзини уриб, ёқа йиртиб йиғлаш каби амаллар бидъат ва ҳаромдир. Бу ҳақда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадиси шарифлар ворид бўлган.
Жаноза бўлиб ўтган хонадондаги азадор аёлларнинг ва яқинларининг кийимларини ечмасдан юриши, тикмаслиги, тухум емаслиги, уйидан сув ичмаслиги каби бидъат амалларнинг халқ ўртасида борлиги ачинарли аҳвол.
Зайнаб бинти Абу Салама розияллоҳу анҳо айтадилар: “Зайнаб бинти Жаҳшнинг олдига акаси вафот этган кунларда кирдим. У хушбўй нарса келтирди ва ундан суртди. Сўнгра: “Аллоҳга қасамки, хушбўй нарса суртадиган ҳолда эмасман, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда туриб, “Аллоҳга ва охиратга иймон келтирган аёлга бирор маййит учун уч кундан ортиқ мотам тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ойу ўн кун тутади”, деганларини эшитган эдим, шу ҳадисга амал қиляпман” дедилар.
Азизлар, асли мусулмон бўлган халқимизга юқорида зикр этилган бидъат амалларни гуноҳлигини тушунтириб, катта харажатлар эвазига амалга ошириладиган, хўжакўрсин худойи ва дабдабалар ўрнига марҳумлар руҳини шод этиш учун беморларга, қарздор, етим ва муҳтожларга ёрдам бериш каби ишларнинг манфаатлироқ эканлигини тушунтириш барчамизининг мусулмончилик бурчимиздир.


Хатирчи туман “Шайх Гадой Селкин” жоме масжиди имом хатиби Ҳакимов Бектош.скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш