Бидъат-хурофотлардан сақланайлик!

13-07-2017, 09:15 admin Мақолалар 2 528

Бидъат-хурофотлардан сақланайлик!

Халқимиз орасида асрлар мобайнида нишонлаб келаётган маросимларни тўғри ташкил этиш, уларни турли бидъат-хурофот амаллардан тозалаш ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик ўта муҳимдир. Шу ўринда жамиятга, ҳатто динга зарар келтирадиган ушбу «Бидъат ва хурофот» мавзусига тўхталиб ўтишни лозим топдик.
“Бидъат” сўзи луғатдаги маъноси “янги пайдо бўлган” маъносини англатади. Шаръий истилоҳда ислом дини мукаммаллик даражасига етгандан кейин пайдо бўлган нарса “бидъат” дейилади.
Ҳазрат Алишер Навоий асарларида бу сўзни «ёқимсиз» деган маънода ҳам қўллаганлар.
“Бидъат” сўзи адабиётда бемаъни, сафсата, уйдирма маъноларида ҳам ишлатилади. Кўп ҳолларда халқимиз “бидъат” сўзига “хурофот” сўзи қўшиб ишлатиб келган.
Хурофот сўзининг тарихи аслида қуйидагича Имом Аҳмад ибн Ҳанбал “Муснад” асарида келтирган бир ҳадисга кўра, Бани Узро деган араб қабиласи бўлиб, улар жоҳилият даврида қуёшга сиғинишган. Бир куни шу қабиладан бўлган Хурофа исмли кишини жинлар ўзлари яшайдиган маконга олиб кетади ва ўз яшаш тарзлари билан таништириб, яна олиб келиб қўйишади. Шундан сўнг Хурофа (Хурофот) эса кўрган-кечирганлари ва жинлар ҳаётига доир ҳар хил гапларни инсонларга айтиб юради. Хурофанинг айтганларини эшитганларнинг ақлларига сиғмайди ва ишонмайдилар. Шу боис инсонлар бирор ақлга сиғмайдиган гап эшитишса, “Бу Хурофа айтган гапларга ўхшайди-ку!” дейишни одат қилганлар. Кейинчалик инсонлар ақлига сиғмайдиган ва шаръиатда йўқ нарсаларни “Хурофот” дейдиган бўлишган.
Халқимиз орасида исломда бўлмаган қуйидаги маросимлар: “Биби сешанба”, “Мушкул кушод”, “Ҳайит” ва исломда рухсат этилган “Мавлуд” ва бошқа баъзи маросимларда бидъат-хурофотларга ва исрофгарчиликларга йўл қўйилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Биринчи Президентимизнинг “Тўй, маросим ва маракаларни меъёрида ўтказиш” ҳақидаги 1998 йил 28 октябр, ПФ-2100-сонли Фармонлари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2002 йил 28 декабр “Тўй, маросим ва маракаларни меъёрида ўтказиш” ҳақидаги фатвода ҳаммамиз учун муҳим бўлган кўрсатмалар ва йўл-йўриқлар белгилаб берилган. Президент фармонида “..Муқаддас динимиз, қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъналаримизнинг ҳақиқий моҳиятини ҳаётий, таъсирчан мисоллар асосида кенг ҳалқ оммасига етказиш қатъий йўлга қўйилсин...” дейилган.
Муқаддас динимиз, қадриятларимиз, урф-одатларимиз ва анъналаримиз билан биз қоралаётган бидъат-хурофотларни фарқини ҳалқимизга етказишлигимиз лозим.
Бидъат-хурофотларнинг баъзиларига ислом дини юртимизга кириб келишидан олдин аждодларимиз томонидан амал қилиб келинган бўлса, баъзиларини ислом дини кириб келгандан сўнг динни яхши тушунмаслик ва ислом динини ниқоб қилиб, баъзилар мусулмончиликда йўқ бўлган янгиликлар киритиб халқни чалғитиб манфаат манбаига айлантиришган. Ислом динига нисбатан қалбларида муҳаббат юқори бўлган соддадил халқимиз бу бидъат-хурофотларга тушунмай амал қилиб келмоқдалар.
Одатда бирор бидъат-хурофотни қилинса, бу иш нотўғри дейилса ота-боболаримиз қилган дейишади.
Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
“Уларга (мушрикларга): «Аллоҳ нозил этган нарсага (оятларга) эргашингиз!» – дейилса, улар: «Йўқ, биз ота-боболаримиз нимани қилган бўлса биз ҳам ўшанга эргашамиз», – дейдилар. Ота-боболари борди-ю, ҳеч нарсага ақллари етмайдиган, тўғри йўлни тушунмайдиган ва тўғри йўлдан юрмайдиган бўлган бўлсаларчи?!” (Бақара, 170).
Ахир ота-боболаримиз тарихига назар ташласак, XIX аср охирларида ва XX аср бошларида Чор Россияси мустамлакасига айлантирилиб, бутун турмуши, урф-одатлари ва маданий негизлари зўравонлик билан барбод этилгандику, қарийб бир аср шўролар мустабид тузуми остида эди, халқимизни дини, тили ва ғурури топталди. Юртимизда мустақиллик шарофати билан миллий-диний қадриятларимиз тикланди, халқимиз ўзлигини англаб етди.
Бидъат-хурофотни дард деб билсак, ҳар бир дарднинг даъвоси бор, бу дарднинг даъосини муқаддас динимиз ва миллий қадриятларимиздан излашимиз керак бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки:
“Динда янги пайдо бўлган нарсадан четланинглар, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолатдир”.
Яна Саҳл ибн Абдуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки:
“Ким Аллоҳ таоло азобидан қўрқиб, суннатга риоя қилса, Аллоҳ уни бидъат аҳлига бўладиган азобдан қутқаради ва уни жаннатга киргизади” – деганлар.
Юртимизнинг баъзи туманларида тўй-марака ва маросимларда ҳар хил бидъат-хурофотларга йўл қўйилмоқда.
Масалан: «Биби сешанба» деган маросим шариатимизда йўқ. Аммо айрим жойлардаги «отинлар» сурпа ёзиб, Биби сешанбадан тилакларингизни сўранглар, деб буюришади. Бу мутлақо динимизга зид. Тилаклар Биби сешанбадан эмас, Аллоҳдан сўралади.
Абу Язид Бастомий ҳазратлари эса: «Банданинг бандадан паноҳ сўраши гўё ғарқ бўлаётган одамнинг иккинчи ғарқ бўлаётган кишидан мадад сўрашига ўхшайди», деганлар.
«Биби Мушкулкушод» деган маросим ёки қисса шариатимизда йўқ, мумкин эмас нарса. Мушкулни кушод қилувчи яъни, банданинг бошига тушган оғирликни енгил қилувчи, мушкул ишларни кушойиш қилувчи фақат Аллоҳнинг ўзидир. Бошига мушкул иш тушган киши Аллоҳнинг зикрини қилиши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуоларни ўқиши, такрорлаши орқали мушкулининг осон бўлишини сўрашлари лозим.
“Ҳайит” бу кунда мусулмонлар байрам қиладиган, ҳукумат қарорлари билан дам олиш куни қилиб белгиланган, қариялардан ва етимлар ҳолидан хабар олиб хайр-саховат қилинадиган кундир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи Аллоҳ таоло йўлида юрувчи ёки туни билан ибодат қилиб, куни билан рўза тутувчи кабидир.” – деганлар.
Исломдан олдинги жоҳилият даврида Мадиналикларнинг байрам қиладиган кунлари бўлган эди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу кунларни улардан ҳам яхшироқ кунларга яъни, Қурбон ҳайити ва Рамазон ҳайити кунларига алмаштирди.” – дедилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан 2002 йил 28 декабр “Тўй, маросим ва маракаларни меъёрида ўтказиш” ҳақидаги фатвода: “..Рамазон ва Қурбон хайити муборак байрам бўлганлиги учун барча оилалар бу кунларни шоду хуррамлик билан ўтказсинлар. Яъни, ҳайит кунлари хонадонларга гуруҳ-гуруҳ бўлиб фотиҳага бориш, бу кунларни азага айлантириш мумкин эмаслиги тушунтириб борилсин..” – дейилган. Ҳайит куни – улуғ байрам, уни азага, мотомга, хафагарчиликка айлантириб олмаслигимиз керак. Баъзи жойларда эркак-аёллар тўда-тўда бўлиб фотиҳага юриш ва азадорларни хонадонларида зиёфатбозлик, исрофгарчиликларга йўл қўйиш, азадорлар одамлар келади деб ҳайит кунига махсус таёргарлик кўриб, имконияти йўқлиги сабаб қарзга ботмасликлари лозим.
Ҳанафий мазҳабига оид Ибни Обидийннинг “Радду-л-мухтор ала дурри-л-мухтор” китобида (1 жуз, 663-664 бетлар) баён қилинишича, “..таъзияни уч кун қилиб белгиланиши аслида таъзия билдирувчилар учундир. Жанозада иштирок эта олмаган киши уч кун ичида кўнгил сўраб, ҳамдардлик билдирсин. Кейин келиб маййит соҳибларининг ярасини янгиламасин. Шундагина ваъда қилинган савобга эга бўлади.” – дейилган. Шундан келиб чиқиб, ҳайит кунлари яна келиб таъзия билдириш жоиз эмас, чунки таъзия бир маротаба бўлади. Ўтганларни эслаш, уларни руҳини шод этиб, Қуръон тиловат қилиш, дуойи хайр қилиш яхши амаллар ҳисобланади, лекин бу ишлар Ҳайит кунининг байрамона кайфиятига асло таъсир қилмаслиги керак.
Аёллар ўртасида ўтадиган баъзи “Бешик тўйи”, “чилла гузарон” ва бошқа турли маросимларда ҳам бидъат-хурофотлар, қанақадир ақлга сиғмайдиган, динимизда – миллийлигимизда йўқ бўлган ишлар бўлмоқда. Бу мавзуларда телевидения, радио ва матбуотда уламоларимиз, маънавиятчилар, маҳаллалар, имом-хатиблар ва исломшунос мутахассислар кўп бора тушунтириш ишлари олиб бормоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари “Диний расм-русумларни ҳанафий мазҳаби асосида ўтказиш ва бидъат-хурофотларнинг олдини олиш чоралари” мавзусида қилган маърузаларида аёллар орасида тарқалган бидъат-хурофотларнинг асл моҳияти ҳақида гапириб, жумладан, бундай деди:
“Айрим отинойиларнинг аёлларни “Биби Сешанба”, “Мушкулкушод” каби хурофий маросимлар ўтказишга ундаётгани ҳақида эшитяпмиз. Ваҳоланки, отинойилар ўз номи билан аёл-қизларни маърифатга чорлайдиган муаллималардир. Улар орқали бидъат-хурофот эмас, ҳақиқий илму маърифат тарқалиши керак.”
Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, юртимиз тинч, халқимиз фаровон хаёт кечиришлари учун жуда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Бундай саодатли кунлар тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаёт кечираётган эканмиз, шу кунларнинг қадрини чуқур англаб, халқимизга бидъат-хурофотларнинг салбий оқибатларини етказишга барчаларимиз маъсул эканимизни ҳис қилишимиз лозим.


Хатирчи туман “Шайх Гадой Селкин” жоме масжиди имом хатиби Ҳакимов Бектош.скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш