Гўдаклар жаннатнинг ажралмас аҳлларидир

17-02-2018, 09:06 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 2 215

Йўқдан бор қилгувчи Зот Аллоҳ азза ва жалла ҳаётни яратиш билан бирга ўлимни ҳам яратди. Кимгадир ўлими эртароқ, кимгадир эса кеч келади. Бариси Аллоҳ таолонинг иродаси ила. Ҳали гўдаклик чоғидаёқ вафот этган фарзандларни кўриб қалбимиз маҳзун тортади. Баъзилар эса ёш жони увол кетди дейишади.
Абу Ҳассон Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Менинг иккита ўғлим вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ўликларимиз хусусида қалбимизга ором бахш этадиган бирон ҳадис ривоят қилиб берасизми?» деб сўраган эдим, у зот: «Ҳа», дедилар. – Гўдаклар жаннатнинг ажралмас аҳлларидир. Улардан бири отасини (ёки ота-онасини) қарши олади-да, худди мана шу кийимингни четидан ушлаганимдек, унинг кийимидан (ёки қўлидан) тутади. Ҳаттоки, у Аллоҳ уни ва отасини жаннатга дохил қилмагунича тўхтамайди» (Муслим ривояти).
Муовия ибн Қурра ибн Иёс отасидан ривоят қилади: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ўғлини олиб келарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни яхши кўрасанми?» деб сўраган эдилар, у: «Ҳа, ё Расулуллоҳ, уни яхши кўрганимдек, Аллоҳ сизни яхши кўрсин», деди. Бир қанча вақт ўтиб ўғлон кўринмай қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалончи ўғли фалончига нима қилди?» деб сўраган эдилар: «Ё Расулуллоҳ, у вафот этди», дея жавоб беришди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам отага: «Ўғлингни жаннатнинг қайси эшигига борсанг, ўша ерда сени кутиб турган ҳолида учратишни ёқтирмайсанми?» дедилар. Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, (бу башорат) унинг ўзигагина тааллуқлими ёки барчамизгами?» деб сўраган эди, «Барчангизга тааллуқли», дея жавоб бердилар (Аҳмад ва Насоий ривояти).
Айрим ҳолларда ҳали фарзанд дунёга келмасданоқ она қорнида нобуд бўлади, бунга ҳам аёлларимиз сабр қилишса Аллоҳ таолонинг тақдирига таслим бўлишса улкан ажрга эга бўладилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси жуфт (яъни, эр-хотин) мусулмоннинг учта фарзанди ўлса, Аллоҳ у иккисини айрича меҳрибонлик билан жаннатга киргазади». «Ё Расулуллоҳ, иккита бўлса-чи?» деб сўрашган эди, «Иккита бўлса ҳам» дедилар. «Битта бўлсачи?» дея сўрашган эди, «Битта бўлса ҳам» дедилар ва қўшиб қўйдиларки: «Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, ҳаттоки чала туғилган бола ҳам онасини, агар у савоб умидида сабр қилар экан, киндик ичаги билан жаннатга тортади» (Аҳмад ва Табароний ривояти).
Вакиъ розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Иброҳим Ҳарбийнинг ўн бир яшар ўғли бор эди. У Қуръонни тўлиқ ёд олган, фиқҳ ва ҳадисдан кўп нарса ўрганган эди. Бир куни унинг вафот этганини эшитиб таъзия билдиргани келдим. Иброҳим Ҳарбий менга: «Ўзи шу ўғлимнинг вафот этишини истардим», деди. «Эй Абу Исҳоқ, ўзингиз дунё олимисиз-ку, яна гапираётган гапингизни қаранг. Ахир ўғлингиз Қуръонни ёд олган, фиқҳ ва ҳадисни ўрганган ажойиб ўғлон эди-ку!» дедим. «Тўғри, – деди у. – Бироқ мен бир куни туш кўрдим. Тушимда гўёки қиёмат қоим бўлибди. Бир тўда ёш болалар одамларни қарши олиб, қўлларидаги сув тўла кўзаларни уларга тутишарди. Кун ҳаддан ташқари иссиқ эди. Мен болалардан бирига: «Сувингдан бер», деган эдим, у менга қараб: «Сиз отам эмассиз-ку», деди. Ундан: «Сизлар кимсизлар?» деб сўраган эдим, у: «Бизлар исломда вафот этган гўдаклармиз. Ота-оналаримиз ортимиздан келишади. Биз уларни кутиб олиб, сув берамиз», дея жавоб берди. Шунинг учун ҳам ўғлимнинг вафот этишини орзу қилардим».
Ҳикоя
Молик ибн Динордан тавба қилишига нима сабаб бўлганини сўрашди. У жавобан шундай деди: «Илгари мен ўйин-кулги ва ичкиликка қаттиқ берилган эдим. Кўнгил хуши учун бир жория сотиб олдим. Маълум муддат ўтиб, қизчалик бўлдик. Мен қизимни жуда яхши кўрар эдим. У ўсиб-улғайиб эмаклайдиган, кейин юрадиган бўлди. Қачон мен ароқ ичмоқчи бўлсам, у қўлимдан тортиб ароқни тўкиб юборар эди. У икки ёшга етгач, вафот этди. Мен қайғуда қолдим... Шаъбон ойи эди. Бир куни ярим тунда ичиб маст бўлиб ётиб қолибман. Туш кўрдим. Гўёки қиёмат қоим бўлибди. Қабримдан чиқиб келибман. Бундоқ қарасам, ёнимда катта аждар мени емоқчи бўлиб турибди. Ундан қўрқиб қочдим, у эса орқамдан қувлай бошлади. Ҳар қанча тез чопсам ҳам, ундан бутунлай қочиб кетолмас эдим. Қоча туриб йўлда оппоқ либосли мункиллаган чолни учратдим. Унга: «Эй отахон, мени анави аждардан қутқаринг. У мени емоқчи, ҳалок қилмоқчи», деб ялинган эдим, у: «Эй ўғлим, мен қариб, кучдан қолганман, у мендан қувватли, унга кучим етмайди. Сен қочиб, йўлингда давом этавер-чи, шояд Аллоҳ сени ундан халос этса», деди. Мен тезроқ чопа бошладим. Аждар ҳам изимдан қолмай келар эди. Югура-югура дўзах табақаларига келиб қолдим. Дўзах қизиб, қайнаб ётарди. Унга тушиб кетишимга бир баҳя қолди. Шунда кимдир: «Сен менинг аҳлимдан эмассан», деди. У ердан бурилиб яна қоча бошладим. Аждар ҳамон қувлаб келар эди. Қоча-қоча кўзни қамаштирадиган нурли тоққа яқинлашдим. Тоғда қасрлар бўлиб, уларнинг эшик ва пардалари кўзга ташланиб турар эди. Шу пайт кимдир: «Душмани етиб келиб ҳалок этмасдан туриб манави бечорани қутқаринглар!» деди. Эшиклар очилиб, пардалар кўтарилиб, у ердан юзлари ойдай болалар чиқиб келишди. Қизим ҳам улар билан бирга эди. Мени кўриб олдимга тушди. Ўнг қўли билан аждарни урган эди, у қочиб кетди. Кейин тиззамга ўтирди-да: «Эй отажон, «Иймон келтирган зотлар учун Аллоҳнинг зикри сабабли ва нозил бўлган Ҳақ – Қуръонга (тиловат қилиниши) сабабли қалблари эриб, қўрқиш (вақти) келмадими?!» (Ҳадид сураси, 16 оят) деди. «Эй қизим, сизлар ҳам Қуръонни биласизларми?» деб сўрасам, «Ҳа, сизлардан кўра яхшироқ биламиз», деди. «Бу ерда нима қиласизлар?» «Биз мусулмонларнинг вафот этган ёш болаларимиз. Қиёмат кунигача шу ерда сизларни кутиб яшаймиз». «Эй қизим, мени қувлаб, ҳалок этмоқчи бўлган аждар нима эди?» «Эй отажон, у сизнинг ёмон амалларингиз. Уни кучайтириб – кўпайтириб юбордингиз. Шунинг учун сизни ҳалок қилмоқчи бўлди». «Ҳалиги мункиллаган чол киши ким эди?» «У сизнинг яхши амалингиз. Уни заифлаштириб – камайтириб қўйдингиз. Шу боис ёмон амалингизга унинг кучи етмади. Аллоҳга тавба қилинг. Ҳалокатга учрагувчилардан бўлманг». Шундай деб у юқорига кўтарилиб кетди. Мен чўчиб уйғондим ва дарҳол Аллоҳга тавба қилдим».
Эй биродар, хоҳ ўғилдир, хоҳ қиздир ёшлигида вафот этган фарзанднинг баракасини кўриб қўйинг. Агар ота-она савоб умидида сабр қилар ва «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтгувчимиз», дейишар экан, улар учун Аллоҳ ваъда қилган яна бошқа кўплаб манфаатлар ҳосил бўлади.

Қосим Шайх масжиди имом ноиби И.Хамраевскачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш