ОТА ва БОЛАЛАР
Бир кишининг икки ўғли бор экан. Бир оқшом ота кенжа ўғлига сув келтиришни буюрибди. Ўғли:
- Бориб ўзинг ичиб келавер!- дебди. Бошқа тарафдан тўнғичи гапга аралашибди:
- Э-э, ота кенжангни меҳрсизлигини билмайсанми? Тургин-да, ҳам ўзинг ич, ҳам бир пиёла менга олиб кел,-дебди.
Аллоҳ таолонинг “Уф деманглар деган амри қаерда қолди?! Фарзандлар ҳозир ота-оналари билан юзма-юз туриб жанжаллашмоқдалар. Ҳатто баъзилари қўл кўтаряпти! Бундан ҳам катта жиноят борми ?!
Бундай ҳолатларнинг юзага келишида фақат болалар айбдор эмас. Ота-оналарнинг ҳам “улуши” бор. Баъзи ота-оналар одоб бераман деб боласини бўлар-бўлмасга уриб калтаклайвериши ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Беор бўлиб ўсган бола гап тингламайди. Шунингдек, ота-онанинг қарғиши, баддуо қилиши ҳам фарзандларнинг бадҳулқ бўлишига олиб келади.
ҚАРҒИШДАН САҚЛАНИНГ
Бир киши Абдуллоҳ ибн Муборак ҳазратларининг ҳузурига келиб, боласи осий бўлиб ўсаётганидан, гап уқмаслигидан шикоят қилибди. Ибн муборак:
- Сен болангни ҳеч баддуо қилганмидинг?- деб сўрабди.
- Ҳа, гоҳо-гоҳо қарғаб турардим.
- Унда нега айбни боладан кўряпсан?! Аслида, осий бўлишига ўзинг сабабчи бўлибсан,-дебди у зот.
- Шундай экан, ота-оналар фарзандларини баддуо яъни, қарғашдан тийилсинлар. Қаттиқ ғазабланганларида ҳам хайрли дуо қилсинлар. Чунки қарғиш фарзанднинг бадҳулқ бўлишига сабабчидир. Бундан ташқари болаларга катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилишни ўргатиш лозим. Оила қуриш арафасида қизларга эрларига итоатли, яқинларига яхши муносабатда бўлишни таълим бериш керак.
Конимех туман "Мих ота" масжиди имом хатиби Т.Абдураҳмонов