Фарзанд тарбиясидаги бурчларимиз

6-03-2017, 14:23 Istamjon Khamrayev Мақолалар 2 337

“Азал-азалдан ҳар қайси ота-она ўз боласини соғлом ва баркамол, ақл-заковатли, бахтли бўлишини истайди. Шундай фарзандни вояга етказиш, унинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашига эришиш-ота-онанинг энг улуғ, энг муқаддас орзуси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Биз соғлом деганда, нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам соғлом болани ўзимизга тасаввур этамиз” И. Каримов.
Фарзанд – Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги энг улуғларидандир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Шу билан бирга, энг улуғ неъмат бўлиши баробарида омонат ҳамдир. Унинг қалби покиза гавҳардир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар бунинг қадрига етмоқлари, шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб фарзанд, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан адо этишлари лозим бўлади.
Ислом таълимоти кишилик жамиятида ўз ўрнини топиб, унинг дунёвий ва диний ҳаётида амалий суратда татбиқини топган илк саодат асридан бошлаб ёш авлод тарбиясига катта аҳамият бериб келади. Ислом таълимоти ва йўл-йўриқлари жамият асосининг пойдевори, уммат истиқболи бўлган ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларини талаб қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшироқдир” (Термизий ривояти)
Буюк ҳамюртимиз Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб, бундай деганлар: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.
Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритган йилданоқ болалар ва ўсмирларнинг жисмонан соғлом ва бақувват, руҳан бардам ва баркамол инсон бўлиб етишишларига барча шарт-шароитларни муҳайё қилиб келмоқда. Биринчи президентимиз ташаббуслари билан 2005 йил – “Оналар ва болалар йили”, 2008 йил эса – “Ёшлар йили” ва 2014 йилни – “Соғлом бола йили”, жорий 2016 йилни – “Соғлом она ва бола” йили деб эълон қилиниб, буларга тааллуқли кенг ҳажмдаги давлат дастурлари ишлаб чиқилиб амалага оширилгани ва ҳозирда ҳам бу борадаги ҳаракатлар бардавомлиги эътиборга сазовордир.
Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Уларнинг улғайиб, комил инсон бўлишлари учун давлатимиз барча зарур моддий ва маънавий шароитларни, спорт иншоотларини, дам олиш ва истироҳат масканларини барпо қилиб ёшлар ихтиёрига бериб қўйди. Барчамизга яхши маълумки, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида болаларнинг, айниқса, ўсмирларнинг соғлом ўсиб-улғайиши, илм олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча имконият ва шароитлар яратилган. Фарзандларимизни чиройли одоб-ахлоқ, яхши таълим-тарбия асосларида вояга етказиш давлат миқёсидаги долзарб масала экани ҳар биримизга яхши маълум.
Фарзандларни ёшлик вақтларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим. Зеро, илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилиб, ўқиб-ўрганиб маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи, ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.
Ота-оналар фарзандларини кўча-куйда беҳуда тентираб, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, гўзал хулқ эгаси қилиб тарбиялашлари керак. Шу ўринда айрим оналар хато ва камчиликларини отасидан яширишга ҳаракат қилишлари жиддий хато ҳисобланади, боиси бола нотўғри ҳатти-ҳаракати учун ўз вақтида танбеҳ олмагандан кейин, бора-бора каттароқ жиноятларни ҳам қўрқмасдан қиладиган бўлиб қолади. Шундай экан, Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илмли, касб-ҳунарли бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналарнинг доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир.
Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, Ватанига, она-тилига, ўз миллий сиймоларига, муқаддас Ислом дини анъаналарига содиқ бўлишсин.
Хулоса қилиб айтганда, ёшларимизнинг ҳар томонлама комил, гўзал хулқли, мустақил фикр ва дунёқарашга эга, турли салбий одат, иллат ва таъсирлардан холи равишда вояга етказишда, албатта, жамоат ташкилотлари, ота-она, ўқитувчи, маҳалла зиёлиларининг ўрни беқиёсдир.

Муҳаммад ЭРГАШЕВ
Хатирчи туман “Имом Аъзам” жоме масжиди имом хатиби скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш