Сафар ойи ҳижрий–қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир.

12-09-2022, 16:04 admin Мақолалар 339

Сафар ойи ҳижрий–қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир.

Одатда, бу ой яқинлашиши билан киши-лар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш. Сафар ойида тўй қилиб бўлмасмиш ва ҳоказолар. Ушбу гаплар диний маънода бўлиши ҳам турган гап. Чунки, ўша гапларнинг тагида Сафар ойида сафар қилса сафарида офатга дучор бўлармиш ва тўй қилса, оиласи бахтсиз бўлармиш, деган эътиқод бўлади.

Бу гапларни кичикликдан эшитиб келаман. Дастлаб, Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш, деган гапни эшитганимда номи сафар бўлгани учундир, деб хаёл қилган эдим. Кейин билсам, ой номи сафар эмас, «софар» экан. Бу ойнинг номининг сафарга ҳеч алоқаси йўқ экан. Фақат бизда алифбомиз ўзганикига алмаштирилганда уларнинг алифбоси камбағаллик қилиб шу хато юз берган экан.

Отамиз раҳматли бу ой тўғрисидаги одамлар ичида тарқалиб қолган гапу сўзлар нотўғри эканлигини айтиб берар эдилар. Албатта, бошқа аҳли илмлар ҳам ҳақиқатни халққа етказар эдилар. Аммо омма ичида барибир Сафар ойидан шумланиш маъносидаги гаплар давом этаверарди.

Сафар ойи ҳақидаги нохуш тушунча ва эътиқодлар ҳозир ҳам давом этмоқда. Яқинда ёзув ишлари билан машғул бўлиб ўтирсам, болалар ҳузуримга келиб, қўшниларимиздан бир йўқлаётганининг хабарини беришди.

Салом-алик, дуо-фотиҳадан кейин муҳтарам қўшни мақсадга кўчдилар. Ўғилларига яхши жойдан келин топилгани, бугун қуда тарафга боришлари ва маслаҳат қилишлари ҳақида сўзладилар.

–Шу мунсабат билан бир катта савол пайдо бўлиб қолди, дедилар қўшни.

–Қани, эшитайликчи, қандай савол экан? – дедим, савол нималигини дарҳол тушунган бўлсам ҳам.

–Тўйнинг Сафар ойига тўғри келиб қолишининг эҳтимоли ҳам бор экан. Шу гап чиқиши билан десангиз, аёллар бир дунё гапни гапириб ташлашди. Тўхта, буларнинг ҳаммасини жанобларидан бир сўраб олай, ҳали қуданикига борганда ҳам бу машмашалар бўлиши мумкин, дедим ўзимга ва вақтингизни олсам ҳам олдингизга келдим, –дедилар қўшни кулиб.

Қўшнининг саволига қўлдан келганича жавоб бердим. Бу гаплар эскидан борлигини, яна давом этаётганини ва уларга фақат илм орқалигина барҳам берилиши мумкинлигини айтдим. Шу мақсадда ойлик китобча чиқариш ниятида эканлигимизни, ўшанда шунга ўхшаш масалаларга ҳам эътибор қаратиш ниятидалигимизни айтиб, дуо қилиб туришларини сўрадим.

Ўша куни пешиндан кейин дину диёнатини маҳкам тутган зиёлиларимиздан бири келди. У киши билан режалаштириб қўйган илмий суҳбат ва савол-жавобимиз анча давом эди. Суҳбатга оид варақларни йи-ғиштириб бўлган мухлис зиёли ёнидан янги бир варақ олиб хонтахтага ёйди-да:

–«Энди оилавий масалаларга ўтамиз. Сизга айтадиган бўлсам, ўғилни уйлантирадиган бўлиб қолдик. Одоб-ахлоқли, ибодатдаги келин топилиб қолди. Тўй ҳақида бир неча саволларимизни ёзиб келдим,– деди кулиб.

–Муборак бўлсин! Аллоҳ хайрли қилсин! Ёшларимиз бахтли бўлсинлар! Қани, саволларни эшитайлик-чи?!, дедим.

Табиийки, саволлар ичида: «Сафар ойи-да тўй қилса бўладими», ҳам бор эди. Қўшнига айтилган гапларни яна такрорладим. Меҳмонни кузатиб қўйиб, ойлик китобча чиқариш зарур иш эканини яна бир бор кўнгилдан ўтказдим. Бир масалани одамларга биттадан тушунтиришдан кўра илмий асосда китоб орқали оммавий баён қилиб бериш қанчали аҳамиятли эканини ёдга олдим. Оғзаки гап эсдан чиқиши мумкинлиги билан ҳар сафар янгидан такрорланиши лозим. Китоб эса доим туради. Эсидан чиқарган одам қайтадан ўқиб олиши, бошқаларга ўқитиши, болалари ва набираларига мерос қолдириши мумкин.

Сўнгра Сафар ойи ҳақидаги маълумотларимни хаёлдан ўтказа бошладим. Бу жараён давомида агар Сафар ойи ҳақида бирор нарса ёзадиган бўлсак, қўшни ва мухлис зиёлига айтилган гаплар ҳеч нарса бўлмаслиги қайта-қайта фикрдан ўтди. Бу масала бўйича бирор тўлиқроқ нарса ўқимаганим ёки эшитмаганим аниқ бўлди. Сафар ойи ҳақида қаерда ва қандай маълумотлар борлиги ҳақида ўйлай бошладим.

Китобларни қараб чиқдим. Ўеч бирида бизни қизиқтираётган масала бўйича қониқарлироқ маълумот топа олмадим. Бир неча кунлар ўтганидан кейин, ўзимиз уринар эканмиз-да, деган фикрга келдим. Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда мазкур фикр-ни амалга оширишга қўл урдим. Хақ таолонинг Ўзи осон ва фойдали қилсин!Қуръони каримда Сафар ойига оид маълумот борми? Бу саволга жавоб топиш борасида олиб борилган ҳаракатнинг натижаси йилнинг бошқа ойлари қатори Сафар ойи ҳам Қуръони каримда ўз номи ила тилга олинмаган деган хулоса бўлди. Аммо Қуръони Карим оятларини тафсир қилиш ва улардаги ишораларни англаб етиш учун келтириладиган маълумотларда Сафар ойи борлиги аён бўлди.

Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида:

«Албатта, «насийу» куфрда зиёда бўлишдан ўзга нарса эмас. Бу билан куфр келтирганлар залолатга кетказилурлар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсанинг ададига мослаш учун уни бир йил ҳалол қилурлар, бир йил ҳаром қилурлар. Бас, бу билан Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол қилурлар. Уларга амалларининг ёмонлиги зийнатланди. Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас», деган (37-оят).

Ояти каримадаги «насийу» сўзи луғатда ортга суриш маъносини ифода қилади. Жо-ҳилият аҳлида уруш ҳаром қилинган ойнинг ҳукмини бошқа, кейин келадиган ойга суриш одати урф бўлган эди. Яъни, араб мушриклари ҳам тўрт ой–Муҳаррам, Зулқаъда, Зулҳижжа ва Ражаб ойлари ҳаром ойлар эканлигини айтар эдилар. Ўша ойларда уруш тамоман тўхтар эди. Агар бирор киши шу ойларда отасини ўлдирган одамни учратиб қолса ҳам, унга тегмасди. Аммо бордию, урушни хоҳлаб қолсалар, аслида ҳаром бўлган ойнинг ҳаромлигини орқага суриб қўйиб, уруш қилаверар эдилар.

Мисол учун, Муҳаррам ҳаром ой, аммо шу ойда уруш қилгилари келиб қолса, бу йил унинг ҳаромлигини Сафар ойига сурдик, ўша ойда уруш қилмаймиз, деб Муҳаррамда уруш қилар эдилар. Сафарда эса, уруш қилишмасди. Янаги йили аксинча бўларди. Улар бир йилда тўрт ой урушмасак бўлди-да, қайси ойда бўлишининг нима фарқи бор, дегандек иш қилишар эди.

Бу маънода Сафар ойи жоҳилият аҳли томонидан Муҳаррам ойи ўрнига вақтинча қўйилиб турадиган ой бўлганлиги билан ажралганини билиб олдик.

Жоҳилият аҳли Сафар ойини Муҳаррамга яна бошқа бир мақсадда ҳам алмаштирар эдилар. Уларнинг бу ишини қуйидаги ривоятдан билиб оламиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Қурайш ва унинг динини тутганлар ҳаж ойларидаги умрани ер юзидаги энг катта фужурлардан бири деб билар эдилар. Улар Муҳаррамни Сафар қилар эдилар ва «Қачонки, туянинг яраси битса, излар йўқолса, Сафар ойи тугаса, умра қилувчига умра ҳалол бўлур», дер эдилар.
Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари тўртинчи куни эрталаб ҳажга эҳром боғлаб келдилар. Бас, у зот уларга уни умра қилишни амр қилдилар. Бас, у уларга катта бўлиб кўринди ва улар:
«Эй Аллоҳнинг расули! Ҳалолликнинг қайсиси?» дедилар.
«Ҳалолликнинг барчаси», дедилар».

Учовлари ривоят қилган.

Жоҳилият аҳлининг бунга ўхшаш ўзларича жорий қилиб олган номаъқул ишлари жуда ҳам кўп эди. Ўша ишлардан бири уларнинг ҳаж ойларидаги умрани ер юзидаги энг катта фужурлардан бири деб билишлари эди.

Ислом жоҳилиятнинг барча жоҳилликларини тўғрилади. Жумладан, умрани ҳар доим қилиш мумкинлигини жорий қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажларида саҳобаи киромлардан қурбонлик ҳайдаб келмаганларига ҳаж ниятларини умрага айлантиришни маслаҳат бердилар.

Жоҳилият ўз номи ўзи билан жоҳилликдан иборатдир. Исломдан олдинги жоҳилиятда ҳам жоҳилликнинг турли-туман кўринишлари мавжуд эди. Жумладан, турли ой ва кунларга оид масалаларда ҳам жоҳилиятнинг жоҳилликлари тўлиб-тошган эди. Ислом бошқа кўпгина нарсалар қатори ана шу нарсаларни ҳам муолажа қилди. Уларни қандоқ қилиб тўғри йўлга солишни тушунтирди.

Исломдан олдинги жоҳилият даврида Сафар ойидан шумланиш одати ҳам бор эди. Улар Сафар ойида янги иш бошлаб бўлмайди, никоҳ ақди қилиб бўлмайди, аёли билан бирга оилавий ҳаётни бошлаб бўлмайди, сафарга чиқиб бўлмайди каби бир қанча хурофотлар асосида бу ойдан шумланишар эди. Уларнинг фикрича, бу ой хосиятсиз бўлиб, унда турли ёмон мавжудотлар ер юзида тарқалар ва мазкур ишларни қилган одамларга зарар етказар эдилар.

Барча нотўғри эътиқодлар қатори динимиз бу каби хурофотдан иборат фикрларни ҳам тўғрилади. Пайғамбаримиз алай-ҳиссолату вассалом бу борада бир қанча ҳадислар айтдилар. Келгуси сатрларда ана ўша ҳадиси шарифлардан баъзиларини ўрганамиз.Канимех тумани "Наврўз" МФЙ отинойиси Н.Ходжанова.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш