Кексалар қадр топган юрт

16-05-2017, 17:21 Istamjon Khamrayev Мақолалар 2 605

Кексалар қадр топган юрт
Ислом дини инсон қадрини шу даражада юқори кўтарганки, у ҳаётлиги даврида ҳам, оламдан ўтганидан кейин ҳам ҳурмати бирдек қадрланади. Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, (биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро, 70), дейди.
Ўтганларни хотирлаб, ҳақларига дуо қилиш тирикларнинг бурчидир. Ҳадиси шарифда: “Қабристонни зиёрат қилиб туринглар, зеро унда катта ибрат бор”, дея марҳамат қилинади.
Умр ғанимат. Ибтидоси бор нарсанинг интиҳоси ҳам бор. Бугун ўтган аждодларини хотирлаб қабристонда зиёрат қилиб юрган инсон эртага ўзи хотирага айланди. Энди унинг қабри зиёрат қилинади, қилган ишлари эсланади.
Саъдий Шерозийнинг шундай сатрлари бор:
Йиллар ўтиб кетди тепангдан ғир-ғир,
Отанг мозорига бордингми бир дам?
Отанг хотирига қандай эзгулик
Қилдингки, ўғлингдан кутасан сен ҳам?!
Қабристон ўзига хос бир олам, мавлоно Чустий таъбирича, “Индамаслар олами”.
Агар зиёратчи бу олам вакиллари хусусида ўйласа - бир пайтлар улар ҳам фоний дунё ташвишлари билан яшаганлари, бировлари хотиржам, осойишта, бошқа бирлари бесабр, талвасада, бири ҳалолликни пеша қилиб, бошқаси нафси амморасига эрк бериб умр ўтказганлари ва бу ерда энди яхши ҳам, ёмон ҳам ёнма-ён, дунё ҳаётидаги қилмишларига яраша Аллоҳнинг ажри ёки азобига сазовор бўлган ҳолда ётганларини теран мушоҳада эта билса, зиёрат унинг учун катта сабоқ вазифасини ўташи мумкин.
Давлатимизнинг биринчи президенти ташаббуслари ва ғоялари асосида, мана бир неча йилдирки 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Бу ўтган улуғ аждодларимизнинг умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир. Шунинг учун ҳам пойтахтимиздаги хотира майдони ҳар доим гавжум. Албатта, биз марҳумларимизни ҳамиша ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни бажаришимиз лозим, зеро ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Роббимиз! Албатта, сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр, 10). Шунингдек, марҳум яқинларимизни доимо яхши сифатлари билан эслаш ҳам бурчимиздир. Бу ҳақда кўплаб ҳадислар ҳам ворид бўлган, жумладан: “Дунёдан ўтганларингизнинг яхши сифатларини эслангиз, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сангланингиз” (Термизий ривояти), деганлар.
Давлатимиз иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз ва барча нафақахўрларга доимо катта эътибор билан ғамхўрлик қилиб келмоқда. Муҳтарам Президентимиз уларнинг моддий фаровонликларини янада яхшилаш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилдиларки, бу нарсалар барчани чин дилдан хурсанд этмоқда. Иншааллоҳ ёши улуғ отахону-онахонларимизнинг диллари бундай эзгу саъйу-ҳаракатлардан хушнуд бўлиб, элимиз, халқимиз, жонажон ватанимизнинг ҳақига Яратган Парвардигоримиздан кўплаб яхшиликларни ато этишини сўраб дуолар қилишади. Аллоҳ таоло барча марҳум аждодларимизни ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат қилиб, қолганларга фаровон ҳаёт, тинчлик ва офият ато этишини сўраб қоламиз!


Хатирчи туман “Учқора” жоме масжиди
имом-хатибининг ноиби А.Умаровскачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш