Aллоҳ таолонинг яратган махлуқотлари ичида энг азиз ва мукаррами инсон зоти экан, унинг ёшу кексаси ҳам, аёлу эркаги ҳам бирдек қимматлидир. Ислом дини инсон қадрини шу даражада юқори кўтарганки, у ҳаётлиги даврида ҳам оламдан ўтгандан кейин ҳам ҳурмати бирдек қадрланади. Аллоҳ таоло: “дарҳақиқат, (биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро, 70), дейди.
Ўтганларни хотирлаб, ҳақларига дуо қилиш тирикларнинг бурчидир. Ҳадиси шарифда: “Қабристонни зиёрат қилиб туринглар, зеро унда катта ибрат бор”, дея марҳамат қилинади.
Умр ғанимат. Ибтидоси бор нарсанинг интиҳоси ҳам бор. Бугун ўтган аждодларини хотирлаб қабристонда зиёрат қилиб юрган инсон эртага ўзи хотирага айланди. Энди унинг қабри зиёрат қилинади, қилган ишлари эсланади.
Саъдий Шерозийда шундай сатрлар бор:
Йиллар ўтиб кетди тепангдан ғир-ғир,
Отанг мозорига бордингми бир дам?
Отанг хотирига қандай эзгулик
Қилдингки, ўғлингдан кутасан сен ҳам?!
Қабристон ўзига хос бир олам, мавлоно Чустий таъбирича, “Индамаслар олами”.
Агар зиёратчи бу олам вакиллари хусусида ўйласа ... бир пайтлар улар ҳам фоний дунё ташвишлари билан яшаганлари, бировлари хотиржам, осойишта, бошқа бирлари бесабр, талвасада, бири ҳалолликни пеша қилиб, бошқаси нафси амморасига эрк бериб умр ўтказганлари ва бу ерда энди яхши ҳам ёмон ҳам ёнма-ён дунё ҳаётидаги қилмишларига яраша Оллоҳнинг ажри ёки азобига сазовор бўлган ҳолда ётганларини теран мушоҳада эта билса, зиёрат унинг учун катта сабоқ вазифасини ўташи мумкин.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари ва ғоялари асосида, мана бир неча йилдирки, 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир. Шунинг учун ҳам пойтахтимиздаги хотира майдони ҳар доим гавжум. Албатта, биз марҳумларимизни ҳамиша ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни бажаришимиз, зеро ўтганларни эслаш ва уларга истихфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари имон билан ўтганларни махфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Роббимиз! Албатта, сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Хашр, 10). Шунингдек, марҳум якинларимизни доимо яхши сифатлари билан эслаш ҳам бурчимиздир. Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Жумладан: “дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”, деганлар. (Термизий ривояти)
Давлатимиз уруш қатнашчилари, кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз ва барча нафақахўрларга доим катта эътибор билан ғамхўрлик қилиб келмоқда. Ҳукуматимиз уларнинг моддий фаровонликларини янада яхшилаш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилдики, бу нарса барчани чин дилдан хурсанд этмоқда. Оллоҳ таборака ва таола барча марҳум аждодларимизни ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат қилиб, қолганларга фаровон ҳаёт, тинчлик ва офият ато этишини сўраб қоламиз!
Навоий вилояти “Жалойир” масжиди
имом хатиби Абдулвоҳид Ҳакимов