Инсон Аллоҳ яратган барча мавжудодларнинг энг азизи, мукаррами, шунингдек, ақл-идрокда, истеъдод ва заковатда, тафаккур ва гўзалликда энг беқиёс бўлиши билан бирга, катта масъулиятни елкасига олган банда ҳамдир. Инсон Аллоҳнинг инояти билан бу дунёдаги моддий ва маънавий бойликларининг ижодкори, махлуқотнинг улуғидир. У ўзини яратган Роббисини таниши, Унга итоатда бўлиши билан икки дунё саодатига мушарраф бўлади. Роббиси бандаларига меҳрибонлигидан тўғри йўлни, муқаддас Ислом динини юборди ва бандаларига шу динда собитқадам бўлишини амр қилди. Ушбу динда она табиат ва атроф-муҳит маҳофазасига алоҳида эътибор берилади.
Табиатни асраш аслида инсоннинг ўзини англаши, атрофдаги одамларни қадрлашидан бошланади. Бу мавзу оят-ҳадисларда кўп зикр этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтаётган саҳобаларига тоза-озода юришларини тарғиб этиб: “Сиз аёлингиз, болаларингиз ҳузурига қайтаяпсиз. Уловларингиз ва либосларингизни тартибли, тоза ҳолда тутинг. Одамлар орасида чиройли хол каби ажралиб туринг. Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни яхши кўрмайди”, деганлар.
Теварак-атрофни обод, ораста сақлашга чорлаб, бундай марҳамат қилганлар: “Бирор киши мусулмонлар фойдалансин деган ниятда бир ўзи ёки болалари билан бирга ариқ қазиса ёки пул бериб, бошқа кишиларга қазитса, ўша ариқ туфайли ҳосил бўладиган савоб унга ўлимидан кейин ҳам етиб туради” (Имом Бухорий).
Муқаддас динимизда инсонни тириклигида қанчалик эъзозланса, вафот этганидан кейин ҳам шунча ҳурматланади. Инсон вафот этса ювиб, кафанлаб, жанозасини ўқиб, охирги манзилига кузатилади. Ушбулар қаторида қабристон зиёрати ва уни тоза, озода сақлаш каби кўрсатмалар ҳам келтирилган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам машҳур бир ҳадисларида шундай деганлар: “Қабристонни зиёрат қилиб туринглар. Зеро, у сизларга охиратни эслатади”. Дарҳақиқат, қабристон тирикларни хушёр торттирадиган, оқил инсонни босиб ўтган ҳаёт йўлига фикран назар ташлашга, билиб-билмай йўл қўйган хатоларига тавба қилишга ундайдиган ва ҳидоят йўлига чорлайдиган маскандир. Шундай экан, тавба қилишга ундайдиган, ҳидоят йўлига чорлайдиган маскан чиройли, тоза, озода ва обод бўлиши керак. Ҳар бир инсон марҳумлар ҳақларига дуолар қилиш билан бирга уларнинг ётган ерлари, қабристонларни ҳам зиёрат қилиб, тозалаб, обод бўлиб туриши учун хизматини аямаслиги лозим.
Қабристон ношукрларни шукрга, амалпараст мутакаббирларни тавозеъга, ҳаётлик чоғида ота-онасини рози қилмаган кимсаларни тавбага, қолаверса, ҳасадгўй, мунофиқ, дилозор ва нафс бандаларини юракларидаги бу хасталиклардан тезда тузалишига чорлаши билан ўзига хос ибрат олинадиган жойдир. Шунинг учун ҳар бир ақлли инсон қабристонни яхшигина дарсхона, ибрат уйи деб билади ва шу дарсхонасини, ибрат уйини чиройли, озода ва обод тутишга уринади.
Сув, ҳаво, тупроқ, ҳайвонот, наботот ҳаммасини Аллоҳ таъоло миқдори билан, бир-бирига боғлиқ ҳолда яратган. Бу боғлиқлик бузилса, муаммо келиб чиқиши аниқ. Бу қонуниятни ҳеч ким унутмаслиги керак. Шунинг учун ёш авлодни атроф-муҳитга, она табиатга, дунёдан ўтган марҳумларимизга, уларнинг ҳоки ётган қабристонларга ҳурмат билан қарашга ўргатиш биз ёши катталарнинг бурчимиздир ва бу йўлда уларга ўзимиз ўрнак бўлмоғимиз лозим.
Хатирчи туман “Сўфи Оллоёр” жоме масжиди имом хатиби Аннақулов Қосим