Усмон Ўшийнинг “Бадъ-ул амолий” асари ва унинг ўзига хос жиҳатлари

16-05-2022, 17:56 admin Мақолалар 737

Усмон Ўшийнинг “Бадъ-ул амолий” асари ва унинг ўзига хос жиҳатлари

Буюк аллома, ҳанафийлик мазҳаби, Мотуридия ақидавий мактаби муҳаққиқ уламоларидан бўлган Усмон Ўшийнинг “Бадъ-ул амолий” асари араб тилида, назмий услубда 569/1174 йилда ёзилган. Ушбу асар калом илмига бағишланган бўлиб, унда аҳли сунна вал жамоа эътиқоди ва мотуридия таълимоти баён қилинган. Рисола назмий усулда ёзилган бўлиб, аллома бу рисоласини нега айнан шеърий услубда ёзиганлиги борасида аниқ маълумотлар бизга етиб келмаган.
Умуман, тарихда ақида илмига оид манзума шаклида ижод қилган бир қанча тарихий шахслар яшаб ўтганлар. Масалан, машҳур туркий шоир Алишер Навоий ҳам Абу Ҳафс ан-Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асарига шарҳ сифатида “Назм-ул ақоид” номли кичик шеърий асар ёзган. “Назм-ул ақоид”нинг 1863 йилда кўчирилган бир қўлёзма нусхаси Ўзбекистондаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 11946/ИИ рақами остида сақланади. Худди шундай яна бир туркий шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳам “Мубаййин” номли асарида ҳанафия ва мотуридия ақидаси мақтаб васф қилинган .
Олимнинг манбаларда мотуридия таълимотининг олими сифатида эътироф этилишига асосан “Бадъ-ул амолий” асари сабаб бўлган. Гарчи ушбу асар жуда кичик ҳажмда ва манзума шаклида ёзилган бўлсада, ушбу асар орқали Ўший ҳанафия-мотуридия таълимотига ўзининг хайрихоҳ эканини баён қилган.
“Бадъ-ул амолий” асари яна “Яқул-ул-абду” ва “Қасидат-ул ломия ” номлари билан ҳам машҳур бўлган. “Яқул-ул абду” номи асарнинг биринчи байти туфайли тарқалган бўлса, мисралари лом ҳарфи билан тугалланиб ёзилгани учун “Қасидат-ул ломия”, яъни “Ломлик қасида” деб номланган. Халқ орасида “Қасидаи амолий”, “Ломия”, “Амолий”, “Каломия” номлари билан ҳам аталган Асар қисқа бўлишига қарамасдан, унда эътиқод масалалари лўнда тарзда баён этилган.
Ўшийнинг мотуридия каломига ҳиссаси ва ушбу асар ҳақида турк тадқиқотчи олими А.Демир шундай дейди: “Бадъ-ул амолий ўша даврнинг энг кўп рағбатга сазовор бўлган тасаввуф адабиёти шаклида бўлган шеърий турда ёзилган мотуридий каломига оид илк асардир. Ушбу асар мотуридийлик таълимотига оид қарашларни, фикрларни ўрганиш ва талабаларга ўқитишда жуда муҳим ўрин тутади. Асарнинг шарҳ ва таржималари бўйича қилинган академик тадқиқотлар Ўшийнинг ҳанафий-мотуридий таълимотига қўшган ҳиссасини янада таъкидлайди .
“Бадъ-ул амолий” қасидаси аҳли сунна вал жамоанинг илм аҳллари томонидан қабул қилинган ва мақтовга лойиқ деб топилган. У улкан маъно жамланган қисқа жумлаларда тарқалди ва олимлар уни шарҳлади. Улардан бири “Дараж-ул маолий”дир. Асар муаллифи Иззуддин Шофеъий шундай дейди: “Билгинки, “Қасида ал-ломия асари” тубсиз денгиз каби бўлган диний масалалар ичидаги ақоид қоидаларини ўзига кенг қамраб олгандир. Гарчи унинг ҳажми кичик бўлса-да, фойдалари кўпдир. Сўнг мен муфассал китоблар фойдаларини боғлаган ҳолда тартиблаб, унинг сатрларини кўтаришни хоҳладим ва залолатлар ва бидъат эътиқод қилувчилар аҳлининг ботил бўлган муаммолари учун унинг кенг ва очиқ шарҳладим” .
“Бадъ-ул амолий” асарининг турли нусхалари орасида кам бўлсада, баъзи фарқлар мавжуд. Мулла Али Қорийнинг “Завъ-ул маъолий” шарҳида ҳам, “Туҳфат-ул олий”да ҳам, Ҳумайдийнинг “Амолий таржимаси” асарида ҳам бир хил 68 байт келтирилган. Абу Бакр Аҳмад Розийнинг шарҳида эса 60 байт келтирилган. Асарнинг асосий маълумотлари 60 байтда баён қилинган бўлиб, қолганларида ўқувчиларга дуо ва насиҳатлар ўрин олган. Ушбу асарни таҳқиқ қилган яъни қайта ўрганган олимлар унинг байтлари етмиш учта эканини айтган. Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом инситути кутубхонасида сақланаётган ноёб қўлёзма нусҳаси ҳам ушбу асарнинг байтлари аслида етмиш учта бўлганини тасдиқлайди. Ушбу қўлёзма нусхада “Бадъ-ул амолий” асарининг юқорида зикр қилинган асарларда йўқ бўлган олтита матн келтирилган. Юқорида келтирилган нусхада мазкур ҳамду сано ва саловату саломлардан сўнг бошқа нусхаларда биринчи келган матн билан бошланган. Бу олтита матнннинг нима учун кўплаб машҳур нусхаларга кирмай қолгани сабаби ҳозирча маълум эмас .
Шунингдек, “Дараж-ул маолий” асарида унга ёзилган шарҳлар номлари қуйидагича келтирилган: Иззуддин ибн Жамоа ибн Абу Бакрнинг “Матлаъ-ул мисол фил-ақоид ал-исломия ва манба-ал камоли фил масаил ал-каломия фи шарҳ ал-қасийда ал-ломия” номли шарҳи, Иззуддин ибн Абу Бакр ибн Жамоа Шофеъийнинг “Дараж-ул маолий” асари, Муҳаммад ибн Абу Бакр Розий “ал-Ҳидоя” асари, Шамсиддин Никсорийнинг “Шарҳу бадъ-ул амолий” шарҳи, Халил ибн Али Яманийнинг “Нафис ар-риёз ли иъдом ал-амроз” асари, Муҳаммад Найсабурийнинг “Уқуд-ул олий”, Тунисий Ҳанафийнинг “Нашр-ул олий” асари, Мулла Али Қорий “Завъ-ул маолий” шарҳлари бор. Мулла Али Қорийнинг шарҳи нашри Усмонийлар халифалиги даврида чоп этилган ва яна унга катта бир хошия ҳам битилган, унинг номи “Туҳфат-ул олий” бўлиб, бир неча машойихларнинг кўриб текшириб чиқиши билан мукаммал бўлган. “Нур-ул маолий” Ибн Котиб Анкаржия Язижийга тегишли бўлиб, у жуда фойдали шарҳ бўлиб, унинг яна бир катта шарҳи бор, унинг номи “Завъ-ул олий”. “Шарҳу бадъ-ул амолий”ни Маҳмуд ибн Яъқуб Айданий ва “Нухбат-ул олий”ни Муҳаммад ибн Сулаймон ёзган .
“Бадъ-ул амолий” 1954 йил Хўжа Саъдиддин томонидан турк тилига таржима қилинган. Шунингдек, “Забражон” номи билан форс тилига таржима қилинган. Асар ўзбек тилида Шайх Абдулазиз Мансурнинг “Ақоид матнлари” китобида сўзма-сўз таржима қилинган. Ушбу китоб 2006 йилда чоп этилган.
“Бадъ-ул амолий” асарининг таркибий таҳлили яъни қуйидаги мавзуларни ўз ичига олган: муқаддима, Аллоҳ таолога имон келтириш баёни, борлиқнинг тадбирини қилиб турувчи Зот, қазою қадарга имон келтириш, Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатлар, Аллоҳ таолони шай дейиш, исм эгасига далолат қилиши, бўлинмайдиган жузнинг ақлан мумкинлиги, Қуръони каримга имон келтириш, аршга истиво ҳақида, Аллоҳ бетимсол зотдир, яхшига мукофот, ёмонга жазо берувчи, мутлоқ эҳтиёжсиз Зот, Улуғлик ва олийлик Эгаси, қайта тирилишга имон келтириш, энг сўнгги манзиллар, жаннат ва дўзахнинг абадийлиги, жаннатда Аллоҳ таолони кўриш, Аллоҳ адолатли ва раҳматли Зотдир, пайғамбарлар ва фаришталарга имон келтириш, хотамул анбиё, сўнгги мукаммал шариат, исро ва меърож, шафоат, пайғамбарларнинг сифатлари, Зулқарнайн ва Луқмон ҳақида, қиёматнинг катта аломатлари, валийлар ва уларнинг кароматлари, Язид ибн Муовия, муқаллид имонининг эътиборли экани, ақли бор кишининг Аллоҳни таниши лозимлиги, жон чиқар вақтда келтирилган имон, амал ва имон, гуноҳ сабабли куфрга ҳукм қилинмаслик, диндан чиқишни ният қилган кимса, мастнинг гапи ҳақида, номавжуднинг шай эмаслиги, таквин сифати, ризқ, қабр имтиҳони ва азоби, руҳ, жаннатга кириш Аллоҳнинг раҳмати билан бўлиши ҳақида, дуолар, дунёнинг йўқдан бор қилингани, мўмин банданинг дўзахда абадий қолмаслиги, гўзал назмий баён, васила, хотима.
Хулоса қилиб айтганда, Усмон Ўший “Бадъ-ул амолий” асари ҳозирги кунда мавжуд турли диний-ақидавий оқимларнинг ғоялари асоссиз эканлигини кўрсатиб беради. Ушбу асардан ҳар хил бузғунчи мафкураларга қарши курашда ғоявий қурол сифатида фойдаланиш мумкин. Чунки Усмон Ўший аҳли сунна вал жамоа эътиқодидан келиб чиқиб, уларга асосли раддиялар берган. Бунда ушбу олим Қуръони карим оятлари, ҳадиси шариф ва ақлий далилларни ҳам келтириб ўтган. Асар кўплаб ақидавий мавзуларни ўз ичига олган бўлиб, ўқувчига тушуниш ва ёдда сақлаб қолиш осон ҳамда назмий сатрлари ўқувчини ўзига жалб этади.
Рўзиев Тоҳир Бобоназарович
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш