Сирожиддин Усмон Ўшийнинг "Бадъ-ул амолий" асарининг аҳамияти

17-02-2022, 17:05 admin Мақолалар 456

Сирожиддин Усмон Ўшийнинг "Бадъ-ул амолий" асарининг аҳамияти
Мовароуннаҳр азалдан илм-фан ривожига ҳисса қўшган илмий марказ сифатида дунёга танилган. Бу ўлкадан етишиб чиққан алломалар турли соҳаларда аниқ ва табиий фанлар, фалсафа, адабиёт, шунингдек ислом илмлари – тафсир, ҳадис, фиқҳ ва калом йўналишларида ўзларидан бой илмий мерос қолдиришган. Ушбу соҳалар, жумладан калом соҳаси ривожига Имом Абу Ҳанифа, Имом Мотуридий, Абу Муъин Насафий, Умар Насафий, Сирожиддин Усмон Ўший каби алломаларимиз ўз ҳиссасини қўшганлар. Мазкур аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, улар асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Хусусан, Сирожиддин Усмон Ўшийнинг “Бадъ-ул амолий” асари ва унга ёзилган шарҳлар ҳисобланади. Араб тилида, назмий услубда 569/1174 йилда ёзилган ушбу асар калом илмига бағишланган бўлиб, унда аҳли сунна вал жамоа эътиқоди ва мотуридия таълимоти баён қилинган. Асар шеърий шаклда ёзилгани ва ҳар бир байт охири “лом” ҳарфи билан тугаллангани учун у “Қасидайи ломия” номи билан ҳам аталган. Асар аҳли сунна вал жамоанинг деярли барча ақидавий мавзуларини ўз ичига олган бўлиб, ўқувчига тушуниш ва ёдда сақлаб қолиш осон, ҳамда назмий сатрлари ўқувчини ўзига жалб этади. Асарда асосан, тавҳид, имон, Аллоҳнинг зотий ва феълий сифатлари, қазо ва қадар, Қуръон, истиво, пайғамбарлар, исро ва меърож, каромат, шафоат тушунчаси, гуноҳи кабира ва такфир, руҳ, ризқ, дуо ва васила қилиш каби бугун турли баҳсли мунозараларга сабаб бўлаётган масалалан аниқ-тиниқ баён этилган.
“Бадъ-ул амолий” асари аҳли сунна вал жамоанинг илм аҳллари томонидан қабул қилинган ва мақтовга лойиқ деб топилган. У улкан маъно жамланган қисқа жумлаларда тарқалди ва олимлар уни шарҳлади. Асар калом илми соҳасида ўз ўрнига эга бўлиб, нафақат ўз даврида, балки асрлар давомида аҳли сунна вал жамоанинг соғлом эътиқодини сақлашга хизмат қилган. Чунки аллома ушбу асарида аҳли сунна вал жамоа эътиқоди, мотуридия таълимотини назмий яъни шеърий услубда очиб берган. Ушбу асар ўқувчиларга тушунарли эканлиги ва берилган раддияларнинг аниқ ва далилларга асосланганлиги билан ажралиб туради. Чунки бу асарда олим қатор мўътабар манбаларга таяниши билан бир қаторда, ўз раъй-фикридан ҳам самарали фойдаланган ва диний-ақидавий оқимларга ўзини ижтиҳодий раддиялари билан асосли жавоб бера олган. Бунда олим Қуръони карим оятлари, ҳадиси шариф ва кези келганда ақлий далилларни ҳам келтириб ўтган.
Шунингдек, асарда ва унинг шарҳларида ўзигача бўлган даврда пайдо бўлган фирқаларнинг таълимотлари ва уларнинг нотўғри ғоялари ҳақида батафсил маълумот бериб ўтган. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодидан келиб чиқиб, уларга асосли раддиялар берган. Чунки Ўший яшаган даврга келиб Мовароуннаҳрда турли оқим ва фирқалар кўпайган, бинобарин, уларнинг нотўғри фикрларига илмий асосланган раддиялар бериш зарурати туғилган эди. Буни яхши англаган аллома ақлий ва нақлий далиллар мутаносиблигини сақлаган ҳолда уларга раддиялар берди. Шунинг учун “Бадъ-ул амолий” асарида ҳозирги кунда мавжуд турли диний-сиёсий оқимларнинг ғоялари асоссиз эканлигини кўрсатувчи далиллар ҳам келтирилганини кўрамиз.
Бундан ташқари, Сирожиддин Ўшийнинг ақидавий қарашлари жамланган “Бадъ-ул амолий”ни ўрганиш ХII асрдаги ижтимоий-диний вазиятни ўрганишда ҳам аҳамиятлидир. Исломни ниқоб қилиб олган ва мусулмонлар ўртасида турли зиддиятлар келиб чиқишига сабаб бўлаётган тоифаларга қарши курашда мазкур асарнинг ўрни беқиёс. Ушбу асарда муаллифнинг мотуридийлик таълимотидаги ақидавий масалалар юзасидан нуқтаи назари, турли гуруҳларнинг фикрларига унинг муносабатини аниқлаш ва энг муҳими “Бадъ-ул амолий”даги ақидавий масалаларни чуқур ўрганиш ҳозирги кунда ҳам залолат йўлидан кетаётган айрим диний оқимлар ва фирқаларга қарши курашда фойдали манбадир. Демак, ҳозирги кунда мавжуд бугун дунёда пайдо бўлаётган турли ақидавий хуружлар даврида соф ислом ақидасини сақлаш, Китоб ва суннатга мувофиқ бўлган эътиқодни шакллантиришда ушбу асарнинг ўрни беқиёс.
Ушбу асардан аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид бўлган ҳар хил бузғунчи мафкураларга қарши курашда ғоявий қурол сифатида фойдаланиш мумкин.

Вилоят бош имом хатиби Тоҳир Рўзиев




скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш