Буюк саҳобалар ҳаёти.

17-04-2022, 23:26 admin Мақолалар 297

Буюк саҳобалар ҳаёти.
Амир Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу ҳаёти ва фаолияти.

Амир Ҳамза ибн Абдулмутталиб , аҳли байтдан, тўлиқ исмлари Ҳамза ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманноф ибн Қусай розияллоҳу анҳу.,( тав.568 й. Макка- ваф.625 й. , ҳижрий 3- йил, Мадина) - саҳоба, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламнинг амакилари.Куняси Абу Умора, Абу Яъло. Машҳур лақаблари Асадуллоҳ ва Асаду Расулуллоҳ ( Аллоҳ ва Расулининг арслони)
Қурайшнинг энг обрўли зотларидан саналиб , моҳир мерган бўлганлар. У зот Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам билан жуда яқин бўлиб, ҳатто Хадича онамизга совчиликкаям ўзлари борганлар .У зот Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганидан икки йил шу ўтиб мусулмон бўлганлар. У зотнинг мусулмон бўлишлари ҳақида шундай дейилади:
Бир куни лаънати Абу Жаҳл Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам билан сўз талашиб,қони қайнаб ҳатто урмоққа қўл кўтаради. Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳолдан жуда хафа бўладилар. Абу Жаҳлнинг қилган беадаблиги чидаб тургулик эмасди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам шундаям сабр қилдилар.Шу ҳодисани Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Амир Ҳамзанинг аёли кузатиб турган эди. Пайғамбаримизга раҳми келиб ,уйга қайтгач, роса йиғлади. Шу куни Амир Ҳамза овга чиққан эдилар. Овдан келсалар, аёллари уйда йиғлаб ўтирибди.Буни кўриб:
"Нима бўлди? Нимага йиғладинг? ", деб сўрадилар.
" Ман ким учун йиғлар эдим.Йўқлар излар қариндоши қолмаган, ўз юртида ғариб бўлган Муҳаммаднинг дардига йиғлайман. Акангни ўғли Муҳаммадни Абу Жаҳл қандоқ хорлади, агар кўрсанг, сен ҳам йиғлар эдинг", деб яна кўзига ёш олди.
Буни эшитган Амир Ҳамзанинг қариндошлик ҳамияти қўзғолиб, қаттиқ ғазаби келди.Шу онда ўқ- ёйини қўлида тутганча, отига миниб , Абу Жаҳл мажлис қуриб ўтирган Абу Қубайс тоғига чопганича чиқиб борди. Абу Жаҳлнинг келаётган Амир Ҳамзага кўзи тушди ва:
" Ҳамзанинг келиши бузуқроқ кўринади , бундан олдинроқ Муҳаммадга тилим тегиб, уришга қўл узатиб,озор берган эдим, агар шу тўғрида келаётган бўлса, ҳар нарса қилса, нима деса ҳақи бордир, сизлар аралашманглар, яна бизга ўчакишиб Муҳаммадга имон келтириб кетмасин" ,деб қаттиқ тайинлади.
Бу орада Амир Ҳамза етиб келди, Абу Жаҳлнинг ёқасидан тутиб:
" Эй, фосиқ, Муҳаммадни ҳеч кими йўқ, эгасиз киши деб ўйлаган эдингми?" деб қўлидаги ўқ- ёй билан урган эди, боши ёрилиб кетди.Буни кўрган даврадаги йигитлар сапчиб ўрнидан турган эди, Абу Жаҳл аралашгани қўймади. Ҳийлагарлик қилиб, юмшоқ сўзлар айтиб, Амир Ҳамзани жаҳлдан туширди.
Сўнг Амир Ҳамза розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг кўнгилларини кўтариш учун у кишини изладилар .Қарасалар, Байтуллоҳда маҳзунлик билан ўтирган эканлар. Келиб ҳол сўрадилар. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам:
" Мани ўз ҳолимга қўйинглар, уруғ- аймоқ, ёрдамчиси йўқ, ўз ерида ғариб бўлган одамман" дегандек сўзлар айтиб, кўзларига ёш олдилар . Шунда Амир Ҳамза:
" Эй, қариндошимнинг ўғли, нима қилсам, рози бўласан, деганингни қиламан" , дедилар . Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам:
" Имон келтирсанг, рози бўламан" , деб табассум қилдилар .Тавфиқи илоҳий билан , дарҳол имон келтириб, мусулмон бўлдилар. Ҳазрати Арқамнинг уйида яширинча йиғилишган саҳобаларга қўшилиб Қуръон ўрганишга киришдилар. Барчалари Амир Ҳамзанинг имон келтирганларига жуда хурсанд бўлишиб ,такбир айтиб қарши олдилар.
Ҳазрати Ҳамзанинг имон келтиришлари дин ривожига зўр қувват бўлди . Чунки Амир Ҳамза ёлғиз Қурайш ичида эмас, бутун араблар орасида баҳодирликда ном чиқарган эдилар .
Шу тариқа имонга мушарраф бўлган Амир Ҳамза Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида Ислом таълимини олиб, у зотга чинакам ёрдамчи бўлдилар.Ҳижратнинг иккинчи йили бошларидаги (623 йил,август) Ваддон , Бувот, Зул Ушайра, Бадр, Ухуд ғазотларида иштирок этдилар. Бадр ғазотида Ҳазрат Амир Ҳамзанинг баҳодирликлари ҳаммага ибрат бўлиб, тилларда достон бўлди. Ухуд жангида мусулмонлар томонидан йўл қўйилган хато оқибатида , мусулмонлар жамоаси енгилдилар. Амир Ҳамзани ёлланган қотил Ваҳший ибн Ҳарб найза санчиб ўлдирди.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам амакилари Амир Ҳамзани ўзлари излаб:
" Уни кўрган киши борми?", деб сўраганларида бир киши туриб:
Анави кўринган тошлар орасида " Ана асадуллоҳи, ана асаду росулиҳи" ( Мен аллоҳнинг ва Пайғамбарининг арслонидурман) деб наъра тортиб ,қилич чопиб юрганини кўрган эдим" деди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам у жойга келиб кўрсаларки, шаҳид бўлибдилар. Кўзлари ўйилган, қулоқ бурунлари кесилган, қоринлари ёрилиб, ичак- чавоқлари чувалашган, .... қисқаси, муборак танга қараб ,чидаб туролмаслик даражасида душманлар тарафидан ваҳшийликлар қилинган эди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бу ҳолни кўриб қаттиқ қайғурдилар. Муборак юз- кўзлари ёшга тўлиб йиғладиларки, аввал ҳам, кейин ҳам, ҳеч кимга бунчалик йиғламаганлар. Сўнг айтдилар:
" Биродарим Жаброил менга дедики, " Етти қат осмон фаришталари ҳазрати Ҳамзани " Асадуллоҳ" деб атайдилар" . Бутун осмонларда шу ном билан танилмишдир".
Сўнгра Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга буюрдилар: " Сафийяни қайтар, инисини бу аҳволда кўрмасин".Аммо Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг оналари Сафийя бинти Абдулмутталиб" Эй, ўғлим! Менинг йўлимни тўсмагил, ҳаммасини биламан.Худо йўлида, Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам олдида кўрилган ҳар қандай оғир мусибатларга розиман, иншаоллоҳ! Бу ишга сабр қилиб, аллоҳдан ажр кутаман" дедилар.
Ухуд шаҳидларининг қонли либослари кафанлари бўлди. Ҳар қайси қабрга иккита учтадан қўйилдилар. Амир Ҳамза розияллоҳу анҳу жиянлари Абдуллоҳ ибн Жаҳш билан бир қабрга қўйилдилар.Шунда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам кўзларига ёш олиб:
" Агар Сафийяни аямасам эди, ва унинг қаттиқ қайғуришини андиша қилмасам эди, Ҳамзани кўммасдим ва унинг жасадини иту қушлар еб кетсин эди،, бу иш менга Аллоҳ олдида улуғ ҳужжат бўларди" , дедилар.Яна айтдиларки:
" Бу шаҳидлар учун Худо олдида гувоҳлик бергайман, улар қайси ҳолда шаҳид бўлсалар, қиёмат кунида шу ҳол билан қабрдан тургайлар. Жароҳатларидан қон оқиб тургай, кўзларига қондек қизил кўринса ҳам,унинг иси
мушки анбардан ортиқроқ бўлади" дедилар.
Шунда шаҳидларнинг топган даражаларини баён қилиб Аллоҳ таолонинг муборак каломидан Оли Имрон сурасининг 169- 170 оятлари нозил бўлди.
Орадан вақт ўтиб, Ҳазрати Муовия халифалиги замонида Ухуд тоғидаги шаҳидлар ётган қабристон орқали ариқ ўтказмоқчи бўлдилар." Очилган ўликлар бошқа жойга кўмилсин" деган буйруқ келди. Қарасалар, кечагина кўмилгандек танлари юмшоқ эмиш. Ҳазрат Ҳамзанинг танларига кетмон тегиб кетиб ,тирик кишидек қон оққанини кўрдилар. Бу пайтда шаҳидлар қўйилганига эллик йилча бўлган эди.
Ҳазрати Ҳамза ҳижрий 3- йил, мелодий 625 йилда мана шу тарзда вафот топдилар.
Аллоҳ таоло Амир Ҳамза розияллоҳу анҳудан рози бўлсин илоҳим!!!

Навоий вилояти Навбаҳор тумани Сарбозор маҳалласи отинойиси Жабборова Карима.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш