Буюк саҳобалар ҳаёти. Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг ҳаёти ва фаолияти.

11-04-2022, 15:11 admin Мақолалар 607

Буюк саҳобалар ҳаёти.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳунинг ҳаёти ва фаолияти.
Имом Бухорий, Муслим ва Насаийлар Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
" Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан ер юзида қурилган энг аввалги масжид ҳақида сўрадим.
У зот:" Масжидул Ҳаром", дедилар.
Мен: " Сўнгра қайси?" дедим.
У зот: " Масжидул Ақсо", дедилар .
Мен: ораларида қанча ( вақт) бор ?", дедим
У зот: " Қирқ йил" дедилар.
Сўнгра: " Ер сен учун масжиддир. Сенга қаерда намоз вақти етса ўқи", дедилар."
Изоҳ: Бу ҳадисда Масжидул Ҳаром деганда Каъбаи Муаззама назарда тутилмоқда. Ривоятларда келишича, Каъба Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлардан олдин ҳам фаришталар ёки Одам Ато томонидан қурилган. Шу сабабли Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам Масжидул Ҳаромни биринчи, Масжидул Ақсони иккинчи масжид деганлар.
Саҳро даъватчиси.
Маккадан Шомга кетадиган карвонлар йўлидаги Виддан номли водийда саҳройи Ғифор қабиласи яшарди. Улар ўтган карвонларни талаб , ўғирлик ва қароқчилик билан шуғулланишарди.Уларнинг эътиқодлари ҳам мушрикликлик эътиқоди бўлиб, бидъат - хурофотларга кўмилган эдилар.
Абу Зарр, тўлиқ исмлари Жундуб ибн Жунода ибн Суфён ибн Убайд ал- Ғифорий( тав.?- вафоти ҳижрий 53- й. Мадина) саҳобаларнинг улуғларидан бири , Исломни биринчилардан бўлиб қабул қилганлар , Ғифор қабиласидан..
Буюк саҳоба ғифорликлар ичида ўзининг мулоҳазалилиги , ақллилиги ва узоқни кўра билиши билан ажралиб турган.Бир куни у киши Маккада пайғамбарликни даъво қилаётган одам ҳақида эшитиб, укасига шу одам ҳақида маълумот билиб келишни топширадилар. Укаси қайтиб келиб," Мен унинг карамли ахлоқларга амр қилаётганини кўрдим ва шеър бўлмаган гап айтаётганини эшитдим" , дейди. Шунда у киши ьу гапларга қониқмасдан ўзлари Маккага бориб 3 кун ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан масжидда ўтирадилар . Ҳар куни кечқурун Ҳазрат Али мусофирни ўз уйларига олиб кетдилар. Охири учинчи кун мақсад нималигини сўрадилар ва у кишини Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига олиб бордилар. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бу инсоннинг Ғифор қабиласидан эканликларини билиб, аввал ажабландилар , сўнг табассум қилиб, "Албатта аллоҳ кимни истаса,шуни ҳидоят қилади" дедилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу шу ерда қолиб Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан таълим олдилар бу орада неча марта мушриклардан калтак едилар ва ниҳоят даъват қилиш учун Ғифорга қайтдилар.У ерда укалари ва оналари Исломга кирдилар, даъватчилар қабиланинг ярмини Исломга киритдилар.
Қўшни Аслам қабиласини ҳам Исломга чақирдилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Исломга кирганларидан сўнг 13 йил ўтиб, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилдилар.Бадр, Ухуд ва Хандақ урушлари бўлиб ўтди.Шунда Абу Зарр розияллоҳу анҳу қабиладошлари ва асламликлар билан бирга Мадинага келдилар . Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам уларни кўриб жуда хурсанд бўлдилар ва " Ғифорни Аллоҳ мағфират қилсин , Асламни аллоҳ саломат қилсин" дедилар.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу шу кундан бошлаб Мадинада , Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида яшай бошладилар У зот ҳар бир лаҳзани ғанимат билар, набавий дарсларни қунт билан ўрганар, бошқаларниям шунга чақирардилар.Бир куни Билол ибн Равоҳ ҳазратларига " Эй , қора хотиннинг ўғли ! " мурожаат қиладилар. Ҳазрат Билол хафа бўлиб, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга шикоят қиладилар.Шунда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: " Эй, Абу Зарр, сен ичингда жоҳилияти бор одам экансан", дейдилар. Бу у киши учун қаттиқ айблов эди. Шунда у киши бориб, Билол ҳазратларига " Мана шу қора оёқларинг билан юзимни босиб ўтмагунингча, ўрнимдан турмайман" деб, у зотнинг оёқларининг тагига ётиб оладилар. Шунда, Билол ҳазратлари у кишини кўтариб ўрниларидан турғазадилар ва икковлари роса йиғлашади. Имоннинг мустаҳкамлиги шунчалик эди, у кишида.
Бир куни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам " Аллоҳ менга тўрт кишига муҳаббат қилишни амр этди ва У зот Ўзининг уларга муҳаббат қилишининг хабарини берди ", дедилар.
" Ё Расулуллоҳ, улар кимлар?" дейишди саҳобалар.
" Улар Али , Абу Зарр, Миқдод ибн Асвад ва Салмон" дедилар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу тақвоси ва содда ҳаёт тарзи билан машҳур бўлганлар.Бир кунлик озиқ-овқатдан бошқа ҳеч нарса сақламаганлар.Бошқаларни ҳам бунга даъват қилганлар.
Табиийки , бу кимларгадир ёқмаган ва халифа Усмонга шикоят қилганлар. Халифа Усмон розияллоҳу анҳу у кишини Мадинага чақириб олганлар. Аммо , Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг илтимосларига кўра, Рабаза қишлоғига жўнатилиб , шу ерда вафот этганлар. Вафотларини Пайғамбар алайҳиссалом шундай башорат қилгандилар." Абу Зарр ёлғиз юради ва ёлғиз ўлади" . Ўлим олдида йиғлаётган аёлларига қараб:
" Ўлим ҳақ! Нимага йиғлайсан? " дедилар. Ўлиб қолсангиз ,кафанлик ҳам йўқ" деди аёл.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу табассум қилдилар ва:
" Хотиржам бўл. Йиғлама. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир гуруҳ саҳобалар билан ўтирганимизда у зотнинг" Албатта сизлардан бир киши ҳеч ким йўқ жойда ўлади. Унга бир гуруҳ мўминлар ҳозир бўлурлар" деганларини эшитганман.Ўша мажлисда ҳозир бўлганларнинг ҳаммаси жамоат ичида, шаҳарда ўлдилар. Мендан бошқа ҳеч ким қолмади.Мана энди мен ҳеч ким йўқ жойда ўлмоқдаман.Сен йўлга қара. Тезда биз томон бир гуруҳ мўминлар келадилар. Аллоҳга қасамки, мен ёлғон гапирганим йўқ, алданганим ҳам йўқ" , дедилар ва жон таслим қилдилар .
Шу пайт саҳрода узоқдан карвоннинг қораси кўринди. Бу Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, машҳур саҳоба Абдулоҳ ибн Масъуд бошчилигидаги бир нечта мўминлардан ташкил топган карвон эди. Карвон узоқдан кўринаётган одам қорасини кўриб ,ўша ёққа бурилди ва жасад ёнида йиғлаб ўтирган аёл ва болани кўришди .
Яқинроқ борган Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг жасадини таниб, ўша башоратни эсладилар.
Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳижрий 32- санада вафот этдилар. У киши Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан 281 та ҳадис ривоят қилганлар.
Аллоҳ таоло Абу Зарр розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!!



Навоий вилояти Навбаҳор тумани Сарбозор маҳалласи отинойиси Жабборова Карима ҳожиона.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш