Муқаддас динимиз одобларида ўзгаларнинг хонадонига хонадон эгасининг рухсатисиз кириб боришликдан қатъий қайтарган. Шу хусусида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизгача кирманг.Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки, эсласангиз. Бас, агар у (уй)ларда бирортани топмасангиз то сизга изн берилмагунча уларга кирманг. Агар сизга “қайтинг”, дейилса, бас, қайтинг- ўша сиз учун покдир. Аллоҳ нима қилаётганингизни ўта билгувчидир” ( “Нур” 27-28-оятлар).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло ўзгалар хонадонига рухсатсиз киришлигимиздан қатъий қайтармоқда, агарда кирсак ҳам изн сўраб ва хонадон эгаларига салом бериб киришлигимиз зарур эканлигини таълимини бермоқда. Изн сўрашликни ҳам ўз одоблари бор. Масалан: изн сўрайдиган одам ҳовлига, уй ичига назар солмасдан, бошқа тарафга қараб туриб изн сўраш керак, одоблардан яна бири хонадон эгаларини уч марта чақирилади: Биринчи чақириқда хонадон эгалари тинглашади (кимни чақираётганлигини) билиш учун, улар ўзаро киргизиш ёки киргизмасликни маслаҳатлашадилар ва изн берадилар ёки қайтариб юборишадилар.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сиздан бирор киши изн сўраса, уч марта сўрасин, изн берилмаса, ортига қайтсин”, деганлар. Чунки уй эгалари бировни қабул қила олмайдиган ҳолатда бўлишлари ёки айнан изн сўраётган кишини қабул қилишга имконлари бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам ўзганинг хонадонига келган кишилар узоқ кутиб қолишлари (чиқишларини) ножоиз ва бу амал динимиз одобларига зиддир.
Ҳаттонки, динимиз таълимотида ўз маҳрамларидан: оналари, опа-сингилларининг хонадонларига ҳам рухсатсиз киришликдан қайтарилган.
Бир киши Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Ўз онамнинг хонасига кирсам ҳам изн сўрайми?” деди, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “Ҳа” дедилар. Шунда ҳалиги киши “Онамни мендан бошқа қаровчиси йўқ, ҳар кирганимда изн сўрашим керакми” деди, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Онангни кийимсиз ҳолда кўриб қолишни истамасанг керак?” дедилар. У киши “Йўқ, асло” деди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам “Ундай бўлса изн сўраб кир” дедилар.
Муқаддас динимизнинг буюк таълимотига қаранг, хаттоки ўз онасининг олдиларига кирганда ҳам рухсатсиз кирмаслик керак эканлигини таълимини бермоқда. Чунки ўз онасининг олдига изнсиз киришдан ҳаё қилмаган инсон ўзгаларнинг хонадонларига изнсиз кириб боришдан мутлақо ҳаё қилмайди.
Бундай гузал таълимотнинг инсонлар учун манфаати, инсониятни одоб-ахлоқини зийнатлаб,маънавиятини юксалтиради. Бундай кўрсатмага амал қилган жамият ҳамма вақт одоб-ахлоқда пешқадам бўлган. Шулар қаторида бу кўрсатмага амал қилган Ўрта Осиё халқларидан буюк олимлар етишиб чиққан.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ислом одобларидан насибадор қилиб, маънавиятимизни бой қилсин.
Комил ШОДМОНОВ
Хатирчи туман “Ҳожи Маҳмудхон валихон эшон”
жоме масжиди имом хатиби