Уяли алоқа жиҳозга тааллуқли одоблар

15-12-2016, 16:20 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Руҳий тарбия 2 099

Уяли алоқа жиҳозга тааллуқли одоблар
Бугунги кунда инсонлар оғирини енгил қилаётган асосий воситалардан бири бу уяли алоқа телефонларидир. Албатта, улар бизнинг ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлишга аллақачон улгуришган. Энди улар билан боғлиқ шариатимизда белгиланган одобларга риоя қилсак мақсадга мувофиқ бўларди.
1. Жиҳозни (телефон аппаратини) киши ўзининг эҳтиёжига ярашасини олиши керак. Чунки, эҳтиёждан ташқари нарсага мол пул сарф қилиш исрофдир. Исрофгарчилик эса, ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади: «Енглар, ичинглар, исроф қилманглар. Албатта, Аллоҳ исроф қилгувчиларни суймас». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ишларнинг яхшиси ўртачасидир», деганлар. Шунингдек, жамиятдаги ҳар қандай ҳожатсиз сарфланган нарса қайсидир муҳтожнинг муҳтож ҳолда қолиши, балки, аҳволи яна ҳам танглашиши эвазига бўлишини унутманг.
2. Жиҳозни олишда уни яхшиликларга, дунё ва охират учун манфаатли нарсаларга, масалан, силаи раҳмни тиклаш, яқин кишиларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, уларга яхши сўз ва тилакларни тақдим этиш, ўз ҳожатингизни тезроқ битириш билан вақтни тежаш ёки жиҳознинг имкониятларидан фойдаланиб, Қуръони Карим тиловатлари, панд насиҳатларни тинглаш, ибратли кўрсатувларни томоша қилиш, фойдали матнларни мутолаа қилиш каби хайрли йўлларда ишлатишни ният қилинг. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир», деганлар. Зинҳор уни мақтаниш учун, ўзгаларга кўз кўз қилиш, кимлардандир устун эканлигингизни кўрсатиш ёки шунчаки беҳуда ҳаваскорлик учун олманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки шуҳрат либосини кийса, қиёмат куни Аллоҳ унга хорлик либосини кийдиради». Бундан ҳам ёмони уни гуноҳ учун, бировларнинг сирларини билиш, ношаръий нарсаларни эшитиш ёки кўриш, назар солиш ҳаром бўлган нарсаларни суратга олиш, номаҳрам шахслар билан суҳбатлашиш, кимгадир айғоқчилик қилиш, бекорчи суҳбатлар қуриш каби гуноҳ ва беҳуда амалларга ишлатишни кўзда тутманг. Зеро, у ҳолда, юқоридаги ҳадиси шарифга биноан, ана шу жиҳозни олишингизнинг ўзи гуноҳга айланади.
3. Агар жиҳозингизда лафзи жалола ёки Мусҳаф, яъни, Қуръони Карим матни мавжуд бўлса, ана ўша муқаддас нарсалар жиҳознинг ойнасида кўриниб турган ҳолатда қоғозда бўлганидек ҳукмда бўлади. Яъни, Мусҳаф ойнада очиқ турган ҳолда жиҳозни бетаҳорат ушлаш, у билан нолойиқ жойларга кириш жоиз бўлмайди. У ойнадан ёпилгачгина, жиҳозни бетаҳорат ушлаш мумкин. Аллоҳ таоло: «Уни (Қуръонни) фақат покланганларгина ушларлар», деган.
4. Жиҳоз ойнасига лафзи жалола ёки Қуръон оятларини, имкон қадар, қўймаганингиз афзал. Чунки сиз у билан таҳоратхона ёки ҳаммом каби жойларга кириб қолишингиз мумкин.
5. Жиҳознинг қўнғироқ товушларига Қуръон ояти, азон ёки Аллоҳнинг зикрларини қўйишдан сақланинг. Зеро, Қуръон уни ўқиб, уни бутун вужуд билан тинглаб, маъноларини тафаккур қилиб, кўрсатмаларига амал қилиниши учун Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган муқаддас Каломдир. Шундай экан, унга ўша мақсадга мувофиқ муносабатда бўлиш вожибдир. У мусиқа ёки қўнғироқ ўрнида ишлатилиши учун нозил қилинган эмас. Азон эса Исломнинг шиорларидан нишонларидандир. У мусулмонларни ибодатга чорлаш учун жорий қилинган ибодатдир. Бошқа зикрлар ҳам шундай. Хусусан, агар ҳожатхона каби нопок жойларда эканингизда қўнғироқ келиб қолса, нақадар ножоиз иш қилганингизни, яна бир бор ҳис қиласиз. Шунингдек, гўшакни кўтариш билан оят ёки калимани кесиб, унга нисбатан беодоблик қилишга тўғри келади. Ҳатто, бунда маънони бузадиган ҳоллар ҳам бўлади. Масалан, «ла илаҳа..» дейиши билан «иллаллоҳ»га қолдирмай гўшакни кўтарилса, «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деган иймон калимаси «...ҳеч қандай илоҳ йўқ» иборасига айланиб қолади. Бинобарин, Ислом муқаддасотларини бундай енгил елпи ўринларда ишлатиш уларга беписандлик билан қараш ҳисобланади. Ислом шиорларини енгил санаш жоиз эмас. Бу иш инсоннинг иймонига хатар солади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бу – қалбларнинг тақвосидандир». Бошқа бир оятда: «Албатта, мўъминлар қачон Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрайдиган, қачон уларга У зотнинг оятлари тиловат қилинса, иймонлари зиёда бўладиган ... кишилардир, холос», деган.
6. Жиҳозга Исломда тинглаш ёки томоша қилиш ман қилинган нарсаларни жойлаштириш ҳаромдир. Жумладан, аёлларнинг расмлари, назар солиш ҳаром бўлган суратларни жиҳоз ойнасига қўйишдан, тинглаш ножоиз бўлган нарсаларни қўнғироқ овозига ўрнатишдан сақланинг. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ адолат, яхшилик, яқинларга ато беришга буюради ва фаҳш, мункар, тажовуздан қайтаради. У зот сизларга ваъз-насиҳат қилади, шоядки, эслатма олсаларингиз». Мусулмон кишининг зоҳирда Аллоҳ рози бўладиган амалларни бажариб, махфий ҳолатда Аллоҳнинг ҳар бир нарсани кўриб турувчи, билиб турувчи Зот эканига иймони бўлмаган кишиларнинг ишини қилиши мунофиқликнинг бир кўринишидир. Аллоҳ таоло айтади: «У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар яширган нарсаларни ҳам билур». Хусусан, агар ана шу ҳолда масжидга кирсангиз Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни Аллоҳнинг уйига олиб кирган бўласиз. Уни бошқалар кўрмаслиги мумкин, аммо, Аллоҳ кўриб туради. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни риоя қилса, бу унинг ўзи учун Робби ҳузурида яхшидир». «Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бу – қалбларнинг тақвосидандир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ҳаё иймондандир, иймон жаннатдадир. Беҳаёлик жафодир, жафо дўзахдадир».
7. Жиҳозга имкон қадар оилавий суратларни киритманг. Ўзингиз хоҳламаган ҳолда ўзингиз истамаган назарлар унга тушиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Агар оилавий суратларни олсангиз ҳам, уларни алоҳида бўлимга қўйиб, «қулфли» ҳолда сақланг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўъмин ҳамият-ғайратли бўлади», деганлар.
8. Ўзгага тегишли бўлган жиҳозни унинг рухсатисиз олманг, ундан бировга қўнғироқ ҳам қилманг, унинг ичидаги нарсаларни тажриба учун ҳам очиб кўрманг. Агар рухсат берган тақдирда ҳам, кирмасликни талаб қилган бўлимларига кирманг. Чунки бунда ўзгаларнинг сирларига, яширилиши лозим бўлган нарсаларига тажовуз қилган бўласиз. Бу албатта, хиёнатдир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ ҳар қандай хиёнаткор ва гуноҳкорни суймас». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ким бир мусулмон биродарининг яширин бўлиши лозим бўлган нарсаларини тафтиш қилса, Аллоҳ унинг яширин қолиши лозим бўлган нарсаларини тафтиш қилади. Аллоҳ кимнинг яширин қолиши лозим бўлган нарсларини тафтиш қилса, уни, агарчи уйининг ичида бўлса ҳам, шарманда қилади».
9. Бировни ўзининг рухсатисиз суратга олманг, овозини ёзманг. Чунки бу жосусликдир, хиёнатдир. Агар ўша нарсани бошқаларга ҳам тарқатилса, ундан-да улкан хиёнат, гуноҳи азим бўлиши муқаррар. Аллоҳ таоло: «Жосуслик қилманг», деган. Бу ишнинг машъум бир ҳаракат эканини ҳис қилиш учун ўзингизга бир назар солинг. Агар сиз расмга тушмоқчи бўлсангиз нима қиласиз? Ўзингизни, усти-бошингизни тўғрилаб, имкониятингиз борича энг гўзал шаклга келиб, шундан сўнггина сураткашга сизни суратга олишига изн берасиз. Ҳолбуки, сиз ўзингиз учун, шунчаки, бир эсталик маъносида ёки қоғозларнинг орасида қолиб кетадиган бирор васиқа учун тушаётган бўласиз. Шундай эмасми? Энди ўзгалар ҳам сизга ўхшаган инсон эканини унутманг. Уларнинг ҳам ўзларига яраша хоҳишлари, истаклари ва талаблари бор. Уларга парво қилмаслик, инсонга нисбатан тажовуздир. Ўзига раво кўрмаганни ўзгага раво кўриш мўъмин кишининг хусусияти эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз ўзи учун ёқтирган нарсани биродари учун ҳам ёқтирмаса, мўъмин бўлмайди», деганлар.
10. Бир кишидан ўзининг изни билан сурати ёки овозини ёзиб олсангиз, унинг рухсатисиз, мазкур маълумотни тарқатманг. Агар унинг бунга розилиги маълум бўлса, жоиз. Аллоҳ таоло: «Омонатларингизга хиёнат қилманглар», деган.
11. Агар бирор кишининг жиҳозида ношаръий нарсани кўриб қолсангиз, уни дарҳол ўчириб, йўқотиб юборинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар қодир бўлмаса, тили билан, агар қодир бўлмаса, қалби билан. Бу иймоннинг энг заифидир. Ундан кейин ачитқининг уруғича ҳам иймон қолмайди».
12. Ношаръий, беҳаё нарсаларни тарқатишдан ҳазир бўлинг. Ўзгаларнинг ҳам бу разил ишни қилишига йўл қўйманг! Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, иймон келтирганлар ичида фаҳш тарқалишини яхши кўрадиганларга дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сиз эса билмассиз». Шу билан бирга, сиздан кейин яна неча кишига тарқалса, ҳаммасининг гуноҳича гуноҳ сизга ёзилиб боради. Аллоҳ сақласин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким бир залолатга чақирса, унга ўшанга эргашганларнинг гуноҳича гуноҳ бордир. Бу уларнинг гуноҳларидан бирор нарсани камайтирмайди».
13. Агар бирор биродарингизнинг жиҳозида унинг ўзига хос сирларидан, ўзингиз истамаган ҳолда, хабардор бўлиб қолсангиз ёки унда бирор ношаръий нарсани кўриб қолиб, ўчириб ташлаган бўлсангиз ҳам, буни ўзгага айта кўрманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ дунёю охиратда унинг айбини яширади». Мовардий айтадилар: «Кишининг бировнинг сирини очиши ўзининг сирин очишидан хунукдир».
14. Фарзандингизга жиҳоз олиб беришга шошилманг. Унга дарҳақиқат зарур бўлсагина, унинг ушбу рисолада зикр қилинаётган шаръий одобларга қатъий риоя қилишига кўзингиз етсагина, олиб беришингиз мумкин. Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлингизни ёқилғиси одамлар ва тошдан бўлган дўзах азобидан сақланг!» деган. ушбу оятнинг тафсирида Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Яъни, уларга таълим тарбия беринг ва одобларини гўзал қилинг», деганлар.
15. Жиҳозингизни бировларнинг уйларидаги ёки мактаб каби умумий маконлардаги электр қувватидан фойдаланган ҳолда «озиқлантирманг». Агар уйнинг эгаси рухсат этган, умумий жойларда ўша масканларнинг масъуллари ижозат берган бўлса, жоиз. Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар, ўзаро молларингизни ботил билан еманг», дейди.
16. Жиҳозингизга «олтин рақамлар» сотиб олишга ортиқча пулни исроф қилманг. Ўша пулни ундан кўра дунё ва охиратингиз учун фойдалироқ нарсага сарфланг. Шунингдек, бунда ҳам машҳурлик, мақтанчоқликка бориб қолишдан сақланинг. Аммо баъзи ташкилотларда ёки айрим кишилар учун уларнинг ишлатишига ўшандоқ сараланган рақамлар сотиб олишлари керак бўлса, ўшанга эҳтиёж сезилса, жоиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Банда қиёмат куни тўрт нарса ҳақида сўралмасидан туриб оёғи ўрнидан жилмайди: умридан, уни нимага сарф қилгани, илмидан нимага амал қилгани, мол-дунёсидан уни нимага харажат қилиб, қаердан топгани, жисмидан уни нима учун фидо этгани».
17. Айрим мутахассисларнинг айтишларича, уяли телефонларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирлари бор. Шу боис ундан фақат зарурат юзасидангина фойдаланиш мумкин. Керагидан ортиқча ишлатиб, мусулмон киши ўзининг соғлигига путур етказиши жоиз бўлмайди. Аллоҳ таоло: «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!» деган.


Дилшод Эргашев
Кармана туман имом-хатиби
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш