Ассалому алайкум – дуо каломи

4-02-2017, 09:57 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 2 238

Одамларнинг энг ожизи-дуога ожизлик
қилган одам. Одамларнинг энг бахили салом
беришга бахиллик қилган одамдир.
Ҳадисдан.
Бандаларига одобу ҳаёни кўрк қилиб берган Ҳақ субҳанаҳу таолага жалоли қадар ҳамду санолар бўлсин ва таълимоти дастурини умматларига муаззам етказган Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламга салому саловатларимиз бўлсин!
Аллоҳнинг муборак исмларидан бири Салом, унинг сифати ва даражасини Ўзи Қуръони Каримда шундай баён этди:
“Бас, қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни “Ассалому алайкум”, - денглар)” (Нур сураси, 61-оят).
Ушбу оят “салом” Аллоҳнинг марҳамати ҳамда тоза ва мунаввар неъмати эканлигига далолат, “Қачон сизларга бирон ибора билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинглар ёки (ҳеч бўлмаса) ўша иборани қайтаринглар” (Нисо сураси, 86-оят) эса тадрижий такомилдир.
Бинобарин, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: Бир киши Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламдан: “Исломдаги қайси амал яхши?” деб сўраганида, у зот: “Қорни очларни тўйдиришинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом беришинг”, деган эканлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
“Яхши амал”дан мурод одобдир. Дарҳақиқат, ҳадисда руҳоний эҳтиёж нафсоний эҳтиёжга қиёсланаётир. “Қорни очларни тўйдириш”дан савоб ҳосил бўлгани каби, кўнгил эгаларини қувонтирадиган саломдан ҳам шу самара мавжудлигига ишора этилаётир.
Саломлашув халқлар ўртасида урф даражасидаги одоблардан. Ҳар бир миллат ва халқда унинг ўзига хос кўринишлари мавжуд. Бу сўз баракотидан одамлар ўртасида ўзаро илқлик, яқинлик ва меҳру муҳаббат пайдо бўлади. Одам Ато инсон сифатида кўз очганларида илк насиҳат ва тавсия ҳам шу манида кечди: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни халқ қилиб, у кишига “Ана бу ўтирган бир неча фаришта олдига боргин-да, салом бергин, сўнгра уларнинг сенга оладиган алигини яхшилаб эшитгин, чунки бу сенга ва сендан тарқаладиган зурриётларингга йўлланган салом бўлади”, деди. (Одам алайҳиссалом бориб: “Ассалому алайкум”, дедилар. Фаришталар: “Ассалому ъалайка ва раҳматуллоҳи”, деб “раҳматуллоҳи”ни зиёда қилишди”, дедилар.) Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Ушбу ҳадис исломда саломлашув ибодат амалларидан бир амал сифтида талқин этилиши баробарида, дуо эканлиги эслатилаётир. Мазмун ифодасида фаришталар дуоси жамланганидан хабардор этаётир. Шунинг учун ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча иймонли бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо этадиган нарсага сизларни далолат қилайми? У ораларингизда саломни ёймоқлигингиздир”, дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Банданинг олий нияти - жаннат. Жаннатнинг калити - иймон. Иймон муҳаббат меҳвари эканки, аслида “саломни ёймоқлик” сабаби турар экан. Қуйидаги ҳадис унинг замиридаги манони баркамол тўлдириб, саломлашмоқни қандай афзалликларга эга эканлигини ифодалаб беради ва бунга одатланмоққа чорлайди. Кўрку одобидан далолат этади.
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
“Бир киши Расулуллоҳнинг саллолоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, “Ассалому алайкум”, деди. Унга жавоб қайтариб ўтирдилар-да, ўнта савоб, дедилар. Сўнгра бошқа киши келди-да, “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи”, деди. Унга ҳам жавоб қайтариб ўтирдилар-да, йигирмата савоб, дедилар. Сўнгра бошқа бир киши келди-да, “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу”, деди. Унга ҳам жавоб қайтариб, ўттизта савоб, дедилар”. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
Ҳақиқатда, “Ассалому алайкум” ёки “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу” энг олий туйғу изҳори бўлиб, замири соф ва самимий тилак билан уйғунлашган: “Сизга тинчлик ва саломатлик тилайман!” инсонга саломатлик ва тинчлик тилашдан ҳам зиёда тилак бормикин?
Арабчадан ўзлашган бу сўзда ўзбекона самимиятимизнинг тафти бор, ажиб руҳий илиқлиги бор. У оғиздан чиқиши ёки қулоққа чалиниши биланоқ қалбга ором етади. Бегона танишга, таниш қадрдона айланади. Кўпчилик хонадонларимизда эрталабки ўзаро саломлашиш урфга айланган. Бу оила аъзоларининг бир бирларига меҳру-муҳаббатлари ошувига, оқибат ришталарини юксалишига омил эканлиги азалий исботини топган ҳақиқат. Шунинг учун ҳам эрталабки саломга жиддий қаралган.
“Салом” тарбияси билан ўсаётган ёшлар кўча-кўйда, жамоат жойларида ўз одоблари билан ажралиб турадилар. Аммо, минг афсуски, бу манида ҳам кўнгилни хира қилувчи кўринишлар учрайди. Айбни ёшликка, ёшларга ағдариш инсофдан эмас, бир қўшиқда “ота – онанг кимлигин саломингдан билурлар” дейилганидек, тарбияловчини ўзи фарқига бормайдиган тилида пойинтар – сойинтар “привет”, “салют” , “чао”га ўхшаш саломлашиши билан кимни тарбиялайди?! Ёки сўнгги даврда бошни бошга тегизиб, муштни муштга уриб шохлашиб саломлашишлар”, йигитларнинг ўпишиб кўринишлари қайси қадриятимизга тўғри келади? Улар моҳиятан маънавий меросларимизга нисбатан ношукрлик эмасмикин?
Баъзан саломлашишда чала ёки маъно моҳияти бузилган кўринишларга ҳам дуч келамиз. Жумладан, “салом” дейилса салом чала бўлади . “Ассалом” - тинчлик, омонлик дегани, “алайкум” қўшилмаса, кимга тинчлик, омонлик тилаётганлиги номаълум қолади. Шу сабабдан: “Ассалому алайкум”, дейилса, аниқ қилиб: “Ва аллайкум ассалом”, дейилиши лозим. “Ассому алайкум” эса саломлашишнинг тескари мазмунига тенг. Яъни “ассому алайкум” сўзи “сизга ҳалокат тилайман” деган маънони беради, ёмон ният ёки қарғишни акс эттиради. Бу борада жиддий ҳушёрлик зарур, ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам бу сўз моҳиятини аниқ билиб олишимиз керак.
“Бепароволик белни синдирар” деб бежиз айтилмаган. Миллий маънавий қадриятларга нисбатан бепарволик эса икки карра нуқсонли ҳолат. Унинг моҳиятан англамаслик ўзликни идрок этишда, муқаддас туйғуларга муносабатда чалғишга етаклайди. Бузуқ эътиқодларга бошлайди. Бу ҳақда ҳар биримиз масъулиятимизни сезмоғимиз керак. Кўчадаги бепарво болага бепарво бўлсак, эртамизга путур етказган бўламиз.
Қисқа маънода таъриф берилса, “салом” яхшиликнинг калити. Эртакларимизда бекорга девлар, ялмоғизлар тилидан “Ҳақ саломинг бўлмаса икки ялаб, бир ютар эдим”, дейилмаган. Яъни, “салом” раҳмсизда инсоф, золимда шафқат уйғотиши баробарида меҳру-ҳурматни ошириш жозибасига ҳам эга. Шунинг учун ҳам мазмунли, чиройли саломлашиш билан инсоний кўркимизни зийнатлашда, ёшларимизни шу руҳда тарбияласак тўғри йўл танлаган бўламиз.

Атоев Ҳасанхон
“Саййид Ато” масжиди имом хатибискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш