Интернетдан фойдаланиш одоблари

1-03-2022, 17:11 admin Мақолалар 780

Интернетдан фойдаланиш одоблари
Барчамизга маълумки, бугунги кунда интернет кундалик ҳаётимизнинг асосий қисмига айланиб қолди. Қайси соҳа бўлмасин уни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Чунки, айни дамда интернет фақатгина маълумотларни тақдим ва қабул қилиш билан чекланиб қолмай бундан катта хажмдаги ишларни юритишга хизмат қилмоқда. Интернет хизматлари воситасида ҳаётнинг барча соҳаларида қулайлик, арзонлик ва тезлик билан фаолият юритиш имконияти пайдо бўлди. Илм-фан ва техникада чексиз имкониятлар эшиги очилди. Шу жумладан, интернет дунёнинг бир бурчагидаги яқинларни кўриб суҳбатлаша олиш, исталган адабиётни ёки маълумотни бир зумда қўлга киритиш, узоқ муддат ва кўплаб сарф харажат талаб қиладиган ишларни битта электрон буйруқ орқали ҳал қилиш имкониятини берди. Энди воқеъликка бошқа томондан қарайдиган бўлсак, айрим ҳолларда гувоҳи бўлиб турганимиздек, интернет ундан тўғри мақсадда фойдаланишни билмаган кишиларни маънавиятсизлик ва бузуқлик гирдобига улоқтирмоқда. Содда ва ишонувчан инсонлар интернет тармоқларидаги “жозибадор” ниқобларга ўралган алдов, тухмат ва фитналар қурбонига айланиб қолмоқда. Бунинг барчаси интернетдан тўғри мақсадда фойдалана олмаслик ва унинг одобларига риоя қилмасликнинг оқибатидир. Демак, инсоният интернетга кўмилиб яшаётган бу даврда ундан фойдаланиш одобларини ўрганиш ва ўргатиш ўта долзарб ва жиддий масала ҳисобланади. Шундай экан, интернетдаги бузуқлик ва ахлоқсизлик чангалига илиниб қолмаслик ва парда ортидаги ёвуз мақсадларни олдиндан илғай олиш учун қуйидаги одобларни дастурул амал қилиб олиш лозим бўлади.
• Ниятни тўғри қилиш. Зеро, ҳар бир ишда ният муҳим аҳамиятга эга. Ҳабибимиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Амаллар ниятга боғлиқдир”[1] деб айтган ҳадислари бунга далилдир. Интернетдан фойдаланувчи киши ҳам аввало ниятини тўғри қилиши лозим ва албатта ўша ниятнинг негизида интернетга киришдан кўзланган аниқ бир мақсад бўлиши керак.
• Интернетдан кўзланган мақсадни амалга ошириб бўлгандан сўнг турли хил чалғитуви маълумотларга эътибор бермасдан у ерни имкон қадар тезроқ тарк этиш лозим.
• Турли фитналар ва асоссиз баҳслар ўчоғига ўзини урмаслик, вақт Аллоҳ таоло инъом қилган буюк неъмат эканлигини унутмаслик даркор. Зеро вақтни зое қилиш улкан йўқотишдир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки неъмат борки, кўп инсонлар улардан маҳрумдир, (Улар): Соғлик ва бўш вақтдир”. [2]
• Бирон бир гурунгда иштирок этса ё ўзаро фикр алмашишга тўғри келса, ўзи ўртага ташлаётган фикрнинг оқибатларига назар солиши, кишиларга озор етказиб қўйишдан, улар орасида фаҳшу мункар ёйишдан эҳтиёт бўлиши, ҳар хил миш-миш ва туҳмат гаплардан, бировларнинг иззат-нафсига тегиш ва бир-бирларига қарши гижгижлашдан сақланиши керак бўлади. Бирон изоҳ ёки раддия бермоқчи бўлса, буни илм ва мулоҳаза билан, одоб доирасидан чиқмаган ҳолда, чиройли сўзлар ишлатиб амалга оширсин.
Шаҳватни уйғотувчи беҳаё суръатлар ва шунга ўхшаш ҳар қандай маълумотларни тарғиб қилувчи сайтлардан йироқ бўлиш. Ҳеч ким кўрмаябдику деб турли хил фахш ва ахлоқсиз нарсаларни томоша қилиш ақли расо инсоннинг иши эмас. Банда ҳамиша Аллоҳ таоло уни кўриб турганини ёдда тутмоғи лозим. Зеро, Аллоҳ таоло: “У Зот кўзларинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур”[3] деб марҳамат қилган. Ва яна Абуд-Дардо розияллоҳу анҳу айтганидек: “Агар банда хилватда Аллоҳнинг маъсиятига машғул бўлса, Аллоҳ таоло мўминларнинг дилига унга нисбатан нафрат солиб қўяди”.
Ўзгаларнинг маънавий маърифий ҳуқуқларига тўла риоя қилиш. Яъни ишхона ва бошқа бирор шахснинг интернетидан рухсатсиз фойдаланмаслик.
Турли хил асоссиз маълумотларни тарқатмаслик. Бундай ишлар кимнингдир шаънига доғ тушириши, ёхуд фитна-фасод эшикларини очиши мумкин. Бу борада ҳам Аллоҳ таоло каломи шарифда кўрсатма бериб шундай марҳамат қилган: “Эй иймон келтирганлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!”[4]. Ҳар бир киши ўз қўл остидаги аҳли оиласи ва балоғатга етмаган ўғил-қизларининг интернетдан қандай фойдаланаётганини назорат қилиши, уларга интернетдан фойдаланиш одобларини мунтазам ўргатиб бориши лозим. Зеро ҳар бир киши ўз қўл остидагиларга масъул эканлиги ҳам ҳадиси шарифда зикр қилинган: “… Ҳар бирингиз қўл остингиздагиларга масъулсиз…”[5] Яъни, уларнинг ҳам қилаётган амалларидан сўраласиз.Мусулмон киши интернетдан фойдаланар экан унга борича шўнғиб кетмаслиги шу билан бирга унинг имкониятларидан ўзини бутунлай маҳрум қилиб қўймаслиги ҳам керак. Балки у орқали кўплаб фойдали ишларни амалга ошириши, жамият ривожи учун хизмат қилиши, ўзгаларнинг хожатини раво қилишни мақсад қилмоғи лозим. Ундан тўғри ва унумли фойдалана олган киши вақтини тежаш ва самарали ўтказиш имкониятига эга бўлади. Зеро, ўтаётган ҳар бир лаҳза инсон ҳаёти ва умрининг бир қисмидир. У қиёмат куни инсоннинг фойдасига ёки зарарига гувоҳлик беради. Шунинг учун мусулмон киши ҳар бир вақтини зийрак тижоратчи каби ҳар доим сарҳисоб қила олиши керак. Уламолар ўтаётган вақт ҳақида шундай деганлар: “Вақт бетараф бўлмайди, ё сенга қадрдон дўст ёки ашаддий рақиб бўлади”[6]. Улуғ тобеъинлардан Ҳасан Басрийнинг бундай сўзлари бор: “Шундай зотлар бўлганки, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар”. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар биримиз интернет имкониятларидан фойдаланишга тўлақонли ҳақлимиз. Буни ҳеч ким таъқиқлай олмайди. Аммо биз интернетдан фойдаланишда чиройли одоб ва маданиятни лозим тутиб ундан унумли фойдалана олишимиз, вақтни исроф қилишдан эҳтиёт бўлмоғимиз ва ўзгаларни ҳам шунга тарғиб қилмоғимиз лозим.
Хатирчи тумани Учтепа МФЙ отинойси Аюупова Рахимахон.

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш