Виртуал олам таҳдидлари

21-02-2017, 10:22 Istamjon Khamrayev Янгиликлар 3 545

Бугунги куннинг ёшлари компьютер, ноутбук, диск, флешка ва ахборотни сақловчи воситаларсиз ўз ҳаётларини тасаввур этолмайдилар. Ёш авлоднинг энг кичик вакиллари ҳам бугун «bluetooth» ва «spam» нималигини яхши билади.
Тадқиқотлар натижаларидан маълум бўлдики, ҳозирда мактаб ёшидаги болалар интернетдан тобора эрта фойдаланишни бошлаяпти. Масалан, ҳатто бошланғич синф ўқувчилари ҳам бемалол кафе ёки клубга кириб, интернетдан фойдаланади. Уларнинг кўпчилиги уйда ҳам интернет тармоғига уланиш имконига эга.
Лекин, мутахассисларнинг фикрича, ёши ўнга етмаган бола одатда мустақил равишда интернетдан фойдаланиш учун зарур бўлган танқидий фикрлаш ва шу аснода маълумотларни фарқлаш, уларни ажрата билиш, бошқача қилиб айтганда, «фильтрлай» олиш қобилиятига эга эмас. Шу сабаб, интернетдан ёлғиз қолганда ҳам фойдаланиш эҳтимоли бўлган болани қаттиқ назорат остига олиш керак, унга ўзи ҳақидаги шахсий маълумотларни интернет орқали танишган одамларга айтмасликни ўргатиш зарур.
Бироқ, дунё тармоғидаги қандай ахборот мактаб ёшидаги болалар учун фойдали бўлиши мумкин? Кунига бир неча соатлаб кибермаконда «саёҳат қиладиган» ўсмирлар аслида нима билан шуғулланади ва бу ҳолат уларнинг дунёқараши, характерида қандай акс этади? Зарур ҳолларда ўсмирларнинг ахборот хавфсизлигини қай усулда таъминлаш мумкин? Мазкур саволлар кўпчилик ота-оналар ҳамда ёшлар муаммолари билан шуғулланувчи ташкилот ходимларини тобора кўпроқ ташвишга солаяпти ва ўйлантирмоқда. Бунга жиддий асос ҳам бор.
Сўнгги пайтларда интернет орқали таъқиб этиш ёки илмий тилда айтадиган бўлсак, грифинг ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Бу каби тармоқ безорилигининг энг биринчи қурбонлари айнан ёшлар қатлами, хусусан, ўсмирлар ҳисобланади. Сабаби, шу ёшда болалар табиатан очиқ бўлади ҳамда дунёга фақат ижобий нуқтаи назар билан қарайди. Улар ўзлари эришган ютуқлари билан ўртоқлашишни, ўз фикрларини бировларга баён этишни, ғоялари билан бўлишишни хоҳлайдилар. Ўсмирлар ўта ишонувчан, компьютер ўйинларига қобилиятли, буйруқларни осонликча бажарадиган бўладилар. Атрофдагилар билан кўпроқ мулоқотда бўлиб янгидан-янги фикр-ғояларни ўртага ташлайдилар, уларни амалда қўллашга интиладилар, бироқ, бу борада уларга ҳаётий тажриба етишмайди. Шунинг учун ҳам улар сайтларда қидирувни амалга ошираётганда, ахборотни қабул қилишда ёки электрон почта манзилидан фойдаланаётганда катталар ёрдамига муҳтож. Чунки бир қарашда беозор туюлган чат хоналар ёки махсус мулоқот дастурлари орқали кечадиган суҳбатлар тафаккури энди шаклланаётган болаларни охир-оқибат жиноятгача етаклаб бораётгани ҳаётий ҳақиқат.
Вақт ўтгани сайин болалар ва интернет муаммоси тобора чуқурлашиб бораётган бир пайтда, глобал тармоқнинг яширин хавфларига фақатгина таъсир тушиб қолишни эмас, балки экстремистик характердаги, секта ва турли хил уюшмалар сайтларининг фойдаланишга очиқлигини, виртуал фирибгарликка кенг йўл қўйилганликни ҳам кўрсатиш мумкин. Болаларнинг қизиқувчан табиати уларни юқорида тилга олинган турдаги сайтларга етаклаши, бу веб саҳифаларда уларнинг руҳий ёки жисмоний соғлиғига хавф солувчи маълумотларни кўришига олиб келиши табиий. Электрон почта манзиллари орқали олинган хабарлар кучли руҳий таъсир ўтказиб, болаларни интернет доирасида ва ундан ташқарида ҳам жиноятга ундаши ҳеч гап эмас.
Шубҳасиз, интернет билим ва керакли ахборотни олиш учун улкан имкониятлар яратади, бироқ тармоққа жойлаштириладиган катта ҳажмдаги ахборотнинг барчасини ҳам ишончли ва фойдали деб бўлмайди. Фойдаланувчилар маълумотларнинг тўғрилигини аниқ ажрата билиши учун танқидий фикрлаш қобилиятига эга бўлиши талаб этилади. Ёш авлодни кенг доирадаги манбалардан фойдаланишга йўналтириш натижасида фактларни фикрлардан фарқлашга, тўғрилиги тасдиқланмаган ахборотдан ҳимояланишга уларни ўргатиш зарур.

Бобоев Мансур
Хатирчи туман “Майдон ота Мирхалил”
жоме масжиди имом хатибискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш