Аллоҳ таоло осмонда деб эътиқод қилишнинг хатарлари.

26-02-2022, 01:15 admin Мақолалар 481

Аллоҳ таоло осмонда деб эътиқод қилишнинг хатарлари.

Инсонни тинчликка чақирувчи, миллатлар ва динлараро бағрикенглик, Ватанни ардоқлаш, оилани муқаддас санаш каби ғояларни тарғиб қилувчи муқаддас динимиз номига доғ тушурган ва бутун жаҳон халқлари нигоҳида ислом динини “терроризм дини”га айлантиришга хизмат қилаётган ва мусулмонларни ислом цивилизацияси ривожига қўшган тарихий хизматини йўққа чиқараётган сохта салафийлик XXI асрда мусулмонлар бошига келган энг катта мусибат бўлди.
Бу оқим кўплаб уламоларнинг жонига қасд қилиш, худкушлик, тинч аҳолини қириб ташлаш, вояга етмаган болаларни қўлига қурол бериш, олимларни қадрсизлантириш каби мусулмончиликка умуман тўғри келмайдиган сифатларга эгалиги билан мусулмонларни жаҳон ҳамжамияти олдида қадрсизланишига хизмат қилди.
Сохта салафийлар “тасаввуф – бу куфр”, “мазҳабга эргашиш — ширк”, “васила – ширк”, “Аллоҳ таоло осмонда” каби кўплаб фитнага сабаб бўлувчи мавзулар орқали ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлини заҳарлашга ҳаракат қилдилар ва озми-кўпми жамиятни пароканда қилиш, олимларни қадрсизлантириш ва ёшларни ўз йўлларига оғдириш каби жирканч мақсадларга эришишга интилдилар.
Салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган ақидавий фитнаси мусулмонлар орасида тафриқаланишни келтириб чиқаришга сабаб бўлган мавзулардан биридир.
Рисолат даврига назар солинса, Расулуллоҳ алайҳис-салом, у кишидан сўнг саҳобаи киромлар мусулмонларга: “Аллоҳ таоло юқорида” деб эътиқод қилинглар” деб буюрмаганликлари кўзга ташланади. Чунки, у пайтда мусулмонлар орасида “Аллоҳ таоло осмондами, ердами?” деган савол ёки қарашга ўрин йўқ эди. Чунки улар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида содда ва асосли тарзда танир эдилар ҳамда эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалалардан ўзларини олиб қочар эдилар. Шунинг учун ҳам Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ тавҳид илмида илмий суҳбат қилмочи бўлсалар, салоҳиятсиз инсонларни суҳбатдан четлатар эдилар.
Имом Шофеъий рҳ: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳаром ва бу мавзуда чуқур кетиш ҳам” деганлар.
Саҳоба ва тобеъинларнинг ҳаётига назар солинса, ақида масаласида улар жуда ҳассос бўлганликлари кўзга ташланади, яъни бу мавзуда улар ўзаро баҳс қилмаганлар. Ақида баҳсига оми халқни жалб қилмаганлар ва минбарларда нозик ақидавий масалаларни мавзу сифатида гапирмаганлар.
Сохта салафийлар эса, мусулмонлар орасида мазҳабсизликни сингдириш мақсадида ўз издошларига биринчи кунданоқ “Аллоҳ таоло осмонда”, “васила ҳаром”, “Аллоҳ таолонинг қўли, юзи мавжуд” каби ақидавий масалаларни тизимли баён қилиб келадилар. Ҳолбуки, бу чин салафларнинг йўлига зиддир.
Сохта салафийларнинг “Аллоҳ таоло осмонда” деган эътиқодий қарашлари ҳақида сўз юритишдан олдин, аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини баён қилиш ва мусулмонлар эътирофига сазовар бўлган салафи солиҳларнинг мавзу бўйича қарашларини келтириб ўтиш ўринлидир. Зеро, биринчи сингдирилган фикр, у қандай бўлишидан қатъий назар ўқувчи онгига албатта у ёки бу жиҳатдан таъсир қилади:
“Аллоҳ таоло қадимий, азалий. У бирор нарсага ўхшамайди ва бирор нарса Унга ҳам ўхшамайди. Унга томон ва макон нисбати берилмайди. Вақт, замон Унга таъсир қилмайди. У борасида “қаерда?, қайси томонда?” деган саволлар берилмайди. Жаннатда мусулмонлар Уни томонсиз, шаклсиз ва тасаввурсиз кўрадилар. У бўлганида макон бўлмаган. У маконни ва замонни яратди. У олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундайдир”.
Ўз асрининг муҳаддиси Абу Жаъфар Таҳовий ўзининг “ал-Ақидату-т Таҳовия” асарида Аллоҳ таолони юқорида, осмонда дейиш мумкин эмаслиги ҳақида шундай деган: “Аллоҳ таоло чегара, аъзо, асбоблар билан сифатланмайди ва Уни олти томон махлуқотлардек қуршаб олмайди.
Абу Ҳафс Насафий ўзининг “ал-Ақоид ан-Насафия” асарида шундай дейди: “Аллоҳ таоло моҳият, кайфият билан сифатланмайди. У бирор маконда қўним топмайди. Унга замон таъсир қилмайди. Бирор нарса Унга ўхшаш эмас ва бирор нарса унинг қудрати ҳамда илмини четлаб ўта олмайди”.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак ҳар бир замонда турли оқимлар чиққан ва чиқишда давом этади. Лекин, аҳли сунна вал жамоа деб эътироф этилган тўрт мазҳаб ва икки ақидавий таълимот асрлар оша давом этиб келмоқда ва давом этади. Чунки, уларнинг илдизи Расулуллоҳга боғлангандир. Лекин, сохта салафийларнинг ўтмиши ҳам, келажаги ҳам қоронғидир. Бу ҳам ақлли инсонларга етарли далилдир.

Хатирчи туман "Шайх Гадой Селкин" жоме масжиди имом хатиби Мустафо домла Юнусов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш