Маконга муҳтож бўлмаган Зот

14-04-2021, 18:33 admin Мақолалар 445

Маконга муҳтож бўлмаган Зот


Аллоҳ таоло Ислом динини бизга дин бўлишлигига рози бўлди ва инсоният бу омонатни қабул қилди. Кейинги келган авлод ўзидан олдинги авлоддан бу омонатни қандай бўлса шундайлигича қабул қилиб олиб , динни соф холида сақлаб қолиш йўлидаги турли хилдаги синовлардан, сабр – бардош билан ўтиб ўзидан кейинги авлодга етказиб келмоқда.

Ислом динига эътиқод қилувчилар Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зоти ҳақида фикр юритмасликка буюрилган. Ислом тарихида дастлабки адашган тоифалар чиққанларда саҳобалар уларга қарши илму маърифат билан кураш олиб бордилар. Бундай тоифалардан дастлабкиси хорижийлар “Гуноҳи кабира инсонни имондан айиради” деган даъво билан чиққан бўлса, кейингиси муътазилийлар бўлиб, улар “гуноҳи кабира инсонни аросатга солиб қўяди, Қуръон махлуқ” деган даъво билан чмқдилар. Бу тоифалар дастлабки Ислом оламининг пухта илм олган олимларига қарши кескин кураш олиб бордилар.

Ҳар замонда бўлганидек бугунги кунда ҳам динни ниқоб қилиб олган бир қанча гуруҳлар юзага келиб фаолият олиб бораётганини қайд этиш лозим .Булар орасида тарихий оқимларнинг баъзи қарашларини ўзида у ёки бу жиҳатдан мужассам этгани билан ажралиб турадиган сохта салафийлар умматга ўта хатарли ва фитнага бой фирқа сифатида шаклланди.

Бу тоифа хилма - -хил қарашларни ўзида акс эттириб, бугунги кунга келиб бир-бирини инкор қилувчи таркибий бир нача гурухларга бўлиниб ҳам улгурди. Улар хорижийлардаги “такфир”,мушаббиҳалардаги “Аллоҳ таолони жисмли деб билиш”, ҳашавийлардаги “Аллоҳни осмонда деб эътиқод қилиш”, муътазилийлардаги “олимларни қадрсизлантириш, қонини тўкиш”, аҳли ҳадислардан”насснинг зоҳирига амал қилиш” каби қарашларни даъво қилган тарихий оқимларни қарашини ўзида мужассам этган оқим сифатида намоён бўлди.

Ватанни севиш, тинчлик, миллатлар ва динлараро бағрикенглик айниқса оилани муқаддас санаш каби ғояларни тарғиб қиливчи динимиз номига доғ тушуриб келган ва тушуриб келмоқда. Дунё халқлари нигоҳида ислом динини “терроризм дини”га айлантиришга хизмат қилмоқда холос. Улар мусулмонларни ислом цивилизацияси ривожига қўшган асрлар давомида қилган хизматини йўққа чиқараёзган ХХI –асрда ислом уммати бошига келган энг катта мусибат бўлди.Кўплаб ислом уламолариниг жонига қасд қилиш, худкушлик, тинч аҳолини қириб ташлаш, вояга етишга улгуриб-улгурмаган болаларни қўлига қурол бериш, яна бир қанча умуман мусулмончиликка тўғри келмайдиган сифатларга эгалиги билан жахон ҳамжамиятида мусулмонларни қадрсизланишига хизмат қилди.

Сохта салафийларнинг кўплаб фитнага сабаб бўлувчи мавзуларидан бири “Аллоҳ таоло осмонда”деб эътиқод қилишидир. Бундай мавзулар билан улар ўсиб келаётган ёш авлоднинг ақлини заҳарлашга ҳаракат қилдилар ва озми-кўпми жамиятни пароканда қилиш ва ёшларни ўз йўлларига оғдириш каби жирканч мақсадларига эришишга интилдилар. Уларнинг “Аллоҳ таоло осмонда “ деган ақидавий фитнаси мусулмонлар орасида тафриқаланишни келтириб чиқаришга сабаб бўлган мавзулардан биридир.

Исломнинг илк даврларига назар солинса, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам у кишидан сўнг саҳобаи киромлар ҳам мусулмонларга: “Аллоҳ таоло юқорида” деб эътиқод қилинглар” деб буюрмаганликларини кўриш мумкин. Рисолат даврида мусулмонлар орасида “Аллоҳ таоло осмондами,ердами?” деган савол ёки қарашга ўрин йўқ эди. Саҳобаи киромлар Аллоҳ таолони Қуръон ва ҳадис асосида содда ва асосли тарзда танир эдилар ҳамда эътиқоддан чалғитувчи ақидавий масалалардан ўзларини олиб қочар эдилар.





Имом Шофеъий Имом Моликдан нақл қилган ривоятда, “Расулуллоҳ умматга истинжо ўргатиб, тавҳидни таълим бермасликлари мумкин эмас, У зот ҳадисда: “ Ла илаҳа иллаллоҳ “ дейиш билан киши мусулмон бўлади деб айтганлар. Лекин бирор ҳадисда Аллоҳ таолога юқори томонни, яъни осмонни нисбатини бериш тавҳидга алоқадор, деб айтилмаган” дейдилар.

Имом Шофеъий: “Ақлли кишига Аллоҳ таолони бирор нарсага ўхшатиш ҳаром ва бу мавзуда чуқур кетиш ҳам” деганлар. Тарихдан илк мусулмонлар ақида масаласида жуда ҳассос бўлганликлари кўзга ташланади. Улар бу мавзаларда баҳс қилмаганлар. Айниқса, ақида баҳсига оми халқни жалб қилмаганлар ва минбарларда бу нозик масалани мавзу сифатида гапирмаганлар. Сохта салафийлар эса, ўз издошларига биринчи кунданоқ “васила ҳаром”,”Аллоҳ таолонинг қўли,юзи мавжуд” ва “ Аллоҳ таоло осмонда” деган мавзулар билан мусулмонлар орасида мазҳабсизликни сингдириб ва бу каби ақидавий масалаларни тизимли баён қилиб келадилар.Албатта , уларнинг бу йўли чин салафларнинг йўлига зиддир.

Шу ерда мусулмонлар эътирофига сазовор бўлган салафи солиҳларнинг мавзуга оид қарашларини келтириб ўтамиз.
“Аллоҳ таоло қадимий, азалий. У бирор нарсага ўхшамайди ва бирор нарса Унга ҳам ўхшамайди.Унга томон ва макон нисбати берилмайди. Вақт, замон Унга таъсир қилмайди. У борасида “қаерда?, қайси томонда?” деган саволлар берилмайди. Жаннатда мусулмонлар Уни томонсиз, шаклсиз ва тасаввурсиз кўрадилар. У бўлганида макон бўлмаган. У маконни ва замонни яратди.У олдин қандай бўлса, ҳозир ҳам шундайдир”.

Зуннуни Мисрий раҳматуллоҳи алайҳдан “(У) Арш узра муставий бўлмиш Раҳмондир” (Тоҳа сураси, 5-оят) маъноси ҳақида савол сўралди. Шунда у: “У зотини исбот қилиб, маконни инкор қилди” деди. Шиблий раҳматуллоҳи алайҳдан мазкур оят ҳақида сўралганда шундай деганлар: ”Раҳмон азалий, Арш махлуқдир. Арш Раҳмон ила олий бўлди” деган. Жаъфар ибн Нусайр эса: “Унинг илми барча нарсадан олий бўлди “ деб жавоб берган

Жаъфар Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ким Аллоҳ таолони бирор нарса ичида ёки бирор нарсадан иборат ёки бирор нарса устида деса, у мушрик бўлибди. Чунки, у бирор нарсанинг ичида бўлса , худуди чегараланган, бирор нарса устида бўлса, кўтариб турилган, бирор нарсадан иборат бўлса, яратилган бўлиб қолади” деган.

Абу Ҳанифанинг “ал-Фиқҳул абсат” китобида шундай деди: “Роббим осмондами, ердами билмайман деган киши – ҳақиқатда кофир бўлибди. Шунингдек, Аршда деса ҳам”. Салафийлардан айримлари бу сўзларни далил сифатида келтириб, мана Абу Ҳанифа ҳам Аллоҳ таолони осмонда эканини исбот қилмоқда, дейди. Аслида, бу матнда куфрнинг сабаби келтирилмаган. Абу Лайс Самарқандий мазкур матнни: “Роббим осмондами, ердами билмайман деган кишида: “ Аллоҳ таоло қандайдир маконда” деган эътиқод бўлади ва шу эътиқоди учун у мушрик ҳисобланади” деб изоҳлаган. Шунингдек , Аллоҳ таолога нисбатан Қуръони каримда “фис самаа” ибораси нима учун қўллангани ҳақида Абу Ҳанифанинг мазҳабини билмоқчи бўлган киши “ ал-Фиқҳул абсат” китобиниг “Роббим осмондами, ердами билмайман деган киши – ҳақиқатда кофир бўлибди. Шунингдек, Аршда деса ҳам” деган иборасидан кейинги жумлаларга назар солсин.

Сохта салафий атамасини ўзларга тамға қилиб олган бу шахслар ўз тарихлари билан тўртта мазҳаб тарихига холис назар солсалар ва қиёсий таҳлил қилиб кўрсалар эди.

Ҳар бир замонда турли пуч даъволар билан бундай оқимлар чиққан ва чиқишда давом этмоқда. Аммо, аҳли сунна вал жамоа деб эътироф этилган тўрт мазҳаб ва икки ақидавий таълимот асрлар оша давом этиб келмоқда ва давом этади. Яратганга ҳамдлар бўлсинки, уларнинг илдизи Расулуллоҳга боғлангандир. Бу умматга зарардан бошқа нарса келтирмаган сохта салафийларнинг ўтмиш ва келажаги қоронғудир.



Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло соф эътиқод чегарасидан тамоман узоқлашиб кетган сохта оқим ва фирқаларга инсофу тавфиқ берсин! Ислом уммати ғамида бўлиб, ҳақ йўлда бораётганларни адаштирмасин!


Зарафшон шахри “Зарафшон” жомеъ масжиди
Имом хатиби Комилжон Шодмонов.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш