Ғарблик олимлар кимё илми мусулмонлар томонидан тўлақонли илм ҳолатига келтирилганини бир овоздан таъкидлайдилар. Авваллари кимёга оид нарсаларни худди сеҳргарликка ўхшатиб, сирли равишда олиб борилар экан. Мусулмонлар уни илмий тажрибага бўйсунадиган илм эканини исбот қилдилар.
Ҳижрий 369 (976 м.с.) йилда вафот этган Муҳаммад ибн Ақмад ал-Хоразмий ўзининг «Мафотийҳул улум» номли китобида кимёвий тажрибаларда ишлатиладиган моддаларнинг кўпларини айтиб ўтади.
Жобир ибн Ҳайён эса, мусулмонларнинг кимё илмини рўёбга чиқаришдаги тўнғич уламоларидан ҳисобланади.
Англиянинг Калфтон коллежи кимё устози ўзининг 1923 йилда нашр этган китобида Жобир ибн Ҳайённи кимё илмини тўғри илмий асосда биринчи бўлиб йўлга қўйган олим сифатида тилга олади.
Жобир ибн Ҳайённинг рисолаларини нашр этган олим Пол Кравас эса, уни тажрибий илмларнинг энг кўзга кўринган асосчиси, деб атайди. У кишининг шаънига айтилган мақтов сўзларини келтираверсак гап кўпайиб кетади. Жобир ибн Ҳайён раҳматуллоҳи алайҳи илм бобида ўзига хос мактаб яратди. Унинг китоблари Оврупо тилларига таржима қилиниб, бир неча асрлар давомида ғарб ўқув юртларида қўлланма бўлиб келди.
Кимё илмининг улуғ асосчиларидан яна бири Абу Бакр ар-Розийдир. Унинг «Сиррул асрор» китоби бу илмни дунёга тушунтиришда бош ўринни эгаллаган асардир. Бу улуғ олим ўз илмий марказида кимёвий тажрибалар ўтказиб, турли бирикмалар яратди ва уларни турли мақсадларда, жумладан, тиббиётда ишлатишни йўлга қўйди. Жорж Сартон ўзининг «Илм тарихига муқаддима» номли асарида Абу Бакр ар-Розийни ўзи яшаб ўтган асрнинг илм байроғи деб атайди.
Мусулмонларнинг машҳур кимё олимларидан яна бири Изиддин ибн Ойдемир ибн Али ал-Жалдагий ҳисобланади. Илмлар тарихи бўйича мутахассис Иззат Мирийданнинг таъкидлашича, Изиддин ибн Ойдемир ибн Али ал-Жалдагий атом ва ракеталар бўйича назарияни биринчи кашф этган олимдир. У ўз китобида атом ва кимёвий унсурларни шундай таърифлаганки, у ҳозирги олимлар шу ҳакда айтаётган гаплардан асло фарқ қилмайди.
Қисқаси, илмлар тарихининг кўзга кўринган арбоби Дюрант айтгандек: «Кимё илмини тажрибий илмга айлантириш фазли мусулмонларга тегишлидир».
Зарафшон жомеъ масжиди имон хатиби: Қаршиев М