Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеинлар бу маълумотларни ўзларидан кейинги мусулмонлар авлоди табаа тобеинларга қолдирганлар.
Аста секин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганадиган илм ва бу илмнинг кўзга кўринган уламолари юзага чиқа бошлаган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишга бағишланган илмга «ас-Сийра ан-Набавийя», бу илмда мутахассис бўлган олимларга «Сийрат уламолари» номи берилди.
«Сийрат» сўзи арабчадан таржима қилинганда “таржимаи ҳол”, “ҳаёт йўли” ва “ҳаёт тарихи” ибораларига тўғри келади. Истилоҳда «Сийрат» – “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таржимаи ҳоллари, ҳаёт йўллари ва ҳаётлари тарихи” дея оламиз.
Бу борада сўз юритар эканмиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари бу дунёда ўтган барча пайғамбарларнинг сийратларига нисбатан энг мукаммали ва энг ишончлисидир. Инсоният тарихидаги ҳеч бир пайғамбарнинг ҳаёти Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларичалик ёритилмаган. Ҳеч бир пайғамбар ҳақида у зотнинг ҳаётлари ҳақида саҳобалар қилган ривоятларчалик узлуксиз ривоятлар келмаган.
Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан мусулмон уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини катта аниқлик ва эҳтимом билан ўрганиб, авлоддан-авлодга нақл қилиб келди. Муҳаддис уламолар бу ривоятларни аниқ илмий йўл билан тадқиқ қилиб китобларга битдилар.
Сийрат илмида Умавийлар даврида энг аввалгилардан бўлиб номлари чиққан зотлардан тўрт киши алоҳида зикр қилинади:
1. Урва ибн Зубайр (93-ҳижрий санада вафот этган). Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғли. Бу зот кўп илмларни чуқур эгаллаган, аксар ғазотларда иштирок этган. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг сийрат борасидаги китоблари бизгача етиб келмаган.
2. Абон ибн Усмон ибн Аффон (105-ҳижрий санада вафот этган). Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўғли. Бу киши ҳам кўзга кўринган олимлардан бўлган. Ўзига етиб келган хабарлардан сийрат китоби битган. Аммо Абон розияллоҳу анҳунинг китоблари ҳам бизгача етиб келмаган.
3. Ваҳб ибн Мунаббиҳ (114-ҳижрий санада вафот этган). Бу киши тарихчи ва ўтганларнинг хабарларини пухта биладиган зот эдилар. Тадқиқотчилар Ваҳб ибн Мунаббиҳ исроилиёт қиссаларини кўп ривоят қилганини эслатадилар.
4. Шурҳабил ибн Саъд ал-Хутомий ал-Маданий (123-ҳижрий санада вафот этган). Бу киши ғазотларни яхши биладиган олимлардан ва Бадрийлардан эдилар.
Булардан сўнг сийрат уламоларининг иккинчи табақаси етишиб чиқди. Бу даврда набавий сийрат бўйича китоб ёзганлар ичида қуйидагилар алоҳида эътиборга сазовор саналадилар:
1. Осим ибн Умар ибн Қатода (120-ҳижрий санада вафот этган). Бу киши илмли, ғазовот ва сийратни ривоят қиладиган зот эди. Халифа Умар ибн Абдулазизнинг амрига биноан, Дамашқ масжидида одамларга ғазовот ва саҳобаларнинг маноқибларидан дарс айтар эди. Ибн Исҳоқ ва ал-Воқидийлар Осим ибн Умар ибн Қатоданинг китобларидан фойдаланган.
2. Муҳаммад ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий (124-ҳижрий санада вафот этган). Бу киши катта олим ва муҳаддис эди. Айниқса, ғазовот ва сийрат илмида ўткир бўлган. Биринчи бўлиб ҳадис китоби тасниф қилган. Баъзи уламолар, сийрат борасида тўлақонли китобни биринчи бўлиб ёзган олим ҳам Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдир, дейдилар. У кишининг сийрат китоби энг афзал ва ишончли китоб ҳисобланади. Ибн Исҳоқ асосан Ибн Шиҳобнинг китобидан фойдаланган.
3. Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Ҳазм ал-Ансорий (125-ҳижрий санада вафот этган). Бу киши олим ва муҳаддис эди. Ундан жуда кўп ривоятлар қилинган. Ибн Исҳоқ, Ибн Саъд ва Табарийлар унинг ривоятларидан кенг фойдаланганлар.
Сўнгра Аббосийлар даврининг сийратчилари етишиб чиқди. Уларнинг ичида қуйидаги зотлар шуҳрат топдилар:
1. Мусо ибн Уқба (141-ҳижрий санада вафот этган). Бу киши ғазовот китобини ёзган.
2. Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Мутталибий (151-ҳижрий санада вафот этган). Бу киши Абу Жаъфар ал-Мансурнинг талабига биноан «ал-Мағозий» китобини ёзган. Унда Одам Атодан то ўзи яшаётган замонгача бўлган тарихни баён этган. Абу Жаъфар уни мухтасар қилишни амр қилган. Ибн Исҳоқнинг китоби бизгача етиб келган биринчи сийрат китобидир...
3. Маъмар ибн Рошид ал-Аздий (ҳижрий 95 – 153 йиллар). Бу кишининг китоби бизгача етиб келмаган.
4. Муҳаммад ибн Умар ал-Воқидий (207-ҳижрий санада вафот этган). Ал-Воқидийнинг «ал-Мағозий» китоби ўзидан кейинги кўплаб сийратчиларнинг китобларига асос бўлган.
Сўнгра сийрат уламоларининг янги бир авлоди шаклланди. Уларнинг ичида алоҳида шуҳрат топганлардан бири Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Ҳишомдир (218-ҳижрий санада вафот этган). Ибн Ҳишом аслида Ибн Исҳоқнинг китобини тартибга солган ва устозидан ҳам кўп шуҳрат топган. Ҳозиргача ким сийрат илмига мурожаат қилса, албатта, Ибн Ҳишомга йўлиқади.
Ҳозирда энг машҳур сийрат уламолари ҳақида сўз кетар экан, Ибн Исҳоқ ва Ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳимоларнинг номлари тилга олинади.
Кейин келган сийрат уламоларининг деярли барчалари ушбу икки зотнинг келтирган маълумотларидан фойдаланганлар десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Сийрат уламолари ўз фаолиятларида муҳаддисларнинг услубларидан фойдаландилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига тегишли маълумотларни уларни кўрган, эшитган саҳобалардан ривоят қилган ровийлар силсиласига суянган ҳолда тўплаганлар. Дастлабки сийрат китобларида ҳар бир маълумотнинг ровийлари санади ҳам келтирилган.
Авваллари сийрат бобидаги маълумотларни иложи борича тўлиқ тўплашга ҳаракат қилинган. Ҳаттоки, сийрат китобларига шарҳлар ҳам ёзилган.
Кейинчалик ривоятларнинг қуввати ва ҳоли маълум бўлгандан сўнг, ўқувчиларга осонликни кўзлаб, ровийлар силсиласини тўлиқ зикр қилишдан четланилди. Ровийлар силсиласидаги саҳобани зикр қилиш билан кифояланилди.
Вақт ўтиши билан баъзи кишиларнинг машғулотлари кўпайиб муфассал китобларни ўқиб-ўрганиш имконлари камайганини ҳисобга олиб, мухтасар сийратлар – мавлид деб аталган асарлар пайдо бўлди. Аксар ҳолда мавлидлар назм йўли ила ёзилар эди. Мақсад, қандоқ қилиб бўлса ҳам, мўмин-мусулмонларга уларнинг маҳбуб пайғамбарлари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибратли ҳаётлари ҳақида маълумот бериш эди.
Ҳар асрнинг, ҳар бир мусулмон ўлканинг ўзининг сийратчилари ва набавий сийрат ҳақидаги асарлари бўлиб келди. Ҳозирда ҳам сийрат борасида янгидан-янги асарлар битилмоқда.
Исломий илмлар кони бўлмиш юртимиз Мовароуннаҳрнинг илмий тарихига назар соладиган бўлсак, сийрат бобида ҳам алоҳида салмоқли асарлар ёзилганига гувоҳ бўламиз.
Жумладан, Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳининг машҳур «Шамоили Набавия» асарлари сийратнинг бир бўлагига бағишланган. Мирхонд ва Хондамирларнинг «Равзатус Сафо» ва «Ҳабибус сияр» асарларида сийратга оид маълумотлар кўп учрайди. Алихонтўра Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий”, Саййид Маҳмуд Тарозийнинг “Нурул Басар”, Абдурауф Фитратнинг “Мухтасар ислом тарихи”, Муфтий Усмонхон Алимовнинг “Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак васиятлари”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Расулуллоҳ” асарлари ҳам ўзбек сийратнавислигида катта аҳамият касб этади.
Мубинов Жамолиддин
“Янгитурмуш” жомеъ масжиди имом хатиби