Абу Ҳанифа куняси билан дунёда ном таратган зотнинг исмлари Нўмон ибн Собит ибн Зуто ибн Моҳдир. Тарих китобларида келишича, боболари Зуто афғонистонлик форсийлардан бўлиб, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг хизматларида бўлган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм Сурайё юлдузида бўлса ҳам, уни форс кишилари олажак», дея марҳамат қилганлар.
Имом Суютий айтадики : «Бу ҳадиснинг асли саҳиҳдир, унда Абу Ҳанифага ишора бор. Ҳадиснинг саҳиҳлиги муттафақун алайҳдир».1
Кўпчилик инсонлар, ҳатто баъзи аҳли илмлар ҳам Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни фиқҳ соҳасида, ҳанафий мазҳаби асосчиси сифатида жуда яхши биладилар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёт ва ижодларини эътибор билан ўрганиб чиқсак, у зот нафақат фиқҳ борасида имом бўлган, балки ҳадис борасида ҳам буюк муҳаддислар мақтовига сазовор бўлиб, уларга устозлик мақомида бўлганларини яққол кўришимиз мумкин.
Аммо, баъзи мутаассиб кишилар Имом Абу Ҳанифанинг «ҳадис борасида қўли калта, унга кўплаб ҳадислар етиб келмаган», деган таъна тошларини отишади. Уларнинг Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан айтган бу гаплари уйдурмадан бошқа нарса эмас. Бу гапни ўта илмсиз (жоҳил), мутаассибларгина айтиши мумкин.
Лекин, барчамизга маълум ва машҳур бўлган Имом Насоий, Ибн Адий каби баъзи бир уламолар Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга нисбатан ҳадисларни ёдда сақлаш борасида «заиф», деган фикрни билдирганлар. Имом Заҳабий ўзларининг «Мезон» китобларида Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни ҳофизлардан ҳисоблаб, сиқа (ишончли ровий) кишилар сирасига қўшганлар.
Ҳадис илмида Амирул мунинин бўлган Имом Шуъба шундай дейдилар: «Қасамки, Абу Ҳанифа чуқур мулоҳазали, ўткир зеҳн соҳиби бўлган».
Яҳё ибн Муъин ( ҳадис илмининг имомларидан, жарҳ ва таъдил асосчиси, «Ат – Тарих ва ал - Илал», «Маърифат ар - рижол» каби машҳур асарлар муаллифи) шундай дейдилар: «Абу Ҳанифа ёдлаган ҳадисинигина ривоят қиладиган сиқа кишилардан эди».
Яҳё ибн Одам айтади: «Абу Ҳанифа диёридаги мавжуд барча ҳадисларни ўзида жамлаган».
Ҳасан ибн Солиҳ шундай дейди: «Бизнинг наздимизда, Абу Ҳанифа ишончли одам бўлган».
Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан замондош ёки у зотга яқин замонда яшаб ўтган мазкур муҳаддис уламолар Ҳасоий ва Ибн Адий каби уламолардан кўра Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни яхшироқ билганлар. Шунинг учун уларнинг сўзлари эътиборлироқдир. Ибн Муъин , Шуъба, Али ибн Мадиний, Исроил ибн Юнус, Яҳё ибн Одам, Ибн Довуд, Ҳасан ибн Солиҳлардек машҳур муҳаддислар Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни ишончли деб ҳисоблаганда, бошқаларнинг гаплари эътиборга олинмайди.2
Ибн Абдулбар шундай дейди: «Ҳадис соҳиблари Имом Абу Ҳанифага нисбатан нолойиқ фикрларида ҳаддан ошдилар».
Ибн Муъин шундай дейди: «Асҳобларимиз Абу Ҳанифага нисбатан ҳаддан ошдилар».
Ҳофиз ибн Ҳажар «Фатҳ ул - Борий» муқаддимасида шундай дейди: «Баъзиларнинг Имом Абу Ҳанифа қиёсни кўп қўллаган, араб тилидан тўла хабардор бўлмаган ва ҳадисни кам ривоят қилган, деган айблари қабул қилинмайди».
Аксинча, кўплаб фақиҳ ва муҳаддис тадқиқотчи олимлар Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шунчалик кўп миқдорда ҳадис тўплаганларки, бу ишни у зотнинг даражасида бўлмаган инсонлар қила олмайди, деган фикрни билдирганлар. Бу фикр юқоридаги гапларни ноўрин эканини исботлайди.
Маккий ибн Иброҳим, Язид ибн Ҳорун, Абдуллоҳ ибн Муборак каби буюк муҳаддислар Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўз замонасида ҳадис илмининг билувчироғи, деб эътироф қилганлар.
Мазкур муҳаддис уламолар бир овоздан Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни фиқҳ борасида пешво, мужтаҳид ва фақиҳ, деб тан олганлар.
Ҳасан ибн Ҳорис шундай дейдилар: «Назр ибн Шамилнинг инсонлар фиқҳ борасида уйқуда эдилар. Абу Ҳанифа уларга фиқҳни кенг баён қилиб, моҳиятини очиб бериб, уларни уйғотди, деганини эшитдим».
Имом Молик у зотни фақат аниқ далилу ҳужжатларга суянувчи беназир олим, деб таъриф қилса, Имом Шофеъий эса шундай деган: «Фуқаҳоларнинг барчаси фиқҳ соҳасида Абу Ҳанифага муҳтождирлар».
Яҳё ибн Муъим: «мен Қуръон тиловатида Ҳамзанинг қироатига, аммо фиқҳда Абу Ҳанифа мазҳабига тақлид қиламан», деган.
Ар–Роби ва Ҳармала шундай дейдилар: «Имом Шофеъийнинг фуқаҳоларнинг барчаси фиқҳ соҳасида Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир, деганини эшитдик».
Имом Заҳабийнинг «Тазкират ул- Ҳуффоз» асарида набавий илмларни тўлиқ эгаллаган адолатли, кишиларни сиқа ва заифини аниқлашда, шунингдек, ҳадисларни саҳиҳ ва носаҳиҳга ажратишда мурожаат қилинадиган буюк муҳаддислар ҳақида сўз боради. Жумладан, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳам мазкур муҳаддислар қаторида келтирилган. Бундан кўриниб турибдики, Имом Заҳабий Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни адолатли, набавий илмларни тўла эгаллаган, кишиларни сиқа ва заифини аниқлашда, ҳадисларни саҳиҳ ёки носаҳиҳга ажратиш борасида мурожаат қилинадиган муҳаддислардан, деб ҳисоблаши бунинг ёрқин далилидир.
Ўша вақтда Куфа илм марказларидан бири эди. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан замондош бир қанча кибор муҳаддислар яшаб ўтган. Улардан Суфён ибн Уяйна , Суфён ас-Саврий, Ҳафс ибн Ғиёс, Аъмаш, Вақъи ибн Жарроҳ, Абдуллоҳ ибн Муборак ва бошқалар. Эътиборли жиҳати шундаки, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазкур муҳаддисларнинг барча ҳадисларини ўзида жамлаган.
Маълумки, Имом Абу Ҳанифанинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган манбаларда, у зотни илмига амал қилувчи олим, парҳезкор обид, тақводор зоҳид, Аллоҳга доимий илтижо қилувчи, камтарин киши сифатида таъриф қиладилар.
Ўрни келганда айтиш керакки, кейинги йилларда республикамиз олимлари томонидан буюк Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганишда эътиборга молик талай ишлар қилинди. Буюк Имомимизнинг ҳаёти ҳақида қатор рисолалар чиқарилди. Ушбу асарлардан «Ал- Фиқҳ ал- акбар», «Ал- олим вал мутааллим», «Муснад» ва бошқалар ўзбек тилида нашр этилди.
Аллоҳ таоло Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан рози бўлсин!
Тошкент ислом итститути
4- курс талабаси Юсупов Қобил