Огоҳ бўлинг, одамлар!!

7-01-2022, 14:13 admin Мақолалар 508

Огоҳ бўлинг, одамлар!!
Миссионерлик ва прозелитизм хатарлари ҳақида.
Исломнинг энг ёвуз душмани жоҳил мусулмондир. У ўзининг жаҳолати сабабли таассуб қилади ва қилаётган ишлари билан ҳақиқий Исломнинг суратини бузиб кўрсатади. Натижада у бутун оламни “Ислом шу экан” деб ўйлайдиган қилиб қўяди.
Аҳмад Дийдот.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга мукаммал дуруди салавотлар бўлсин!!
Миссионерлик лотинча «missio» сўзидан олинган бўлиб, «вазифа топшириш», миссионер эса "вазифани бажарувчи" деган маънони англатади. Яъни белгиланган вазифаларни бажаришга қаратилган фаолиятни билдиради.
Миссионерлик бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишдир.
Миссионерлик ва прозелитизм бир- бири билан чамбарчас боғлиқлиги сабаб, у билан бир қаторда прозелитизм ҳақида ҳам гапириб ўтиш лозим.
Прозелитизм - тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади ва у ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисмидир.
Прозелитизм келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Масалан, христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқади. Майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламайдилар , мусулмонлар эса христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга қўйишни истамайдилар. Натижада келишмовчиликлар ва низолар келиб чиқади.
Шунингдек, христиан динини қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламайди , унинг отаси эса, ўз набирасини мусулмон урф-одатларига кўра хатна қилдиришни истайди, натижада ота-бола ўртасида жанжаллар келиб чиққани ҳам маълум.
Христиан ёки бошқа динни қабул қилган қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммога айланмоқда. Оилада қизнинг ота-онаси мусулмон. Албатта, улар ўз қизларини мусулмон кишига турмушга чиқишини истайдилар. Аммо христианликни қабул қилган қизга мусулмон кишининг уйланиши амри маҳол.
Бу каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Аммо шуларнинг ўзи ҳам миссионерликнинг таркибий қисми бўлган прозелитизм ҳаракатлари бошқа динни қабул қилган туб миллат вакиллари оилаларида низолар ва жанжалларнинг авж олишига ва динлараро низоларнинг келиб чиқишига замин яратиши мумкинлигини яққол тасаввур қилиш имконини беради.
Хўш, христиан миссионерлиги қандай ғоявий-ақидавий асосларга таянади?
Маълумки, христианликнинг айрим йўналишларида "Миссионерлик ҳар бир диндор учун шарт", – деб ҳисобланади. Ийсо Масиҳнинг ўзига 12 ҳаворийни танлаб олиши ва уларни Исроилнинг қишлоқлари бўйлаб даъват қилиш учун юборгани ҳақида Марқдан ривоят қилинган "Инжил"да келтирилган қуйидаги сўзлар бундай қарашлар учун асос қилиб олинади:
"... 15. Ийсо шогирдларига деди: «Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Инжил Хушхабарини тарғиб қилинглар".
Шу ўринда адолат юзасидан бир фикрни алоҳида қайд этиш лозим. Кўпчилик ҳолларда муайян дин доирасида шаклланган у ёки бу кўрсатмалар, ақидалар конкрет тарихий шарт-шароит билан боғлиқ бўлади ва ўз даври учун тўғри ҳисобланади, Вақт, шароит ўзгариши билан ўзининг бирламчи аҳамиятини йўқотган бундай кўрсатмалар ўша даврдаги тарихий вазиятга хос эканлигини тушуниш қийин эмас. Миссионерлар ўз фаолияти учун асос сифатида "Инжил"дан келтирадиган юқоридаги сўзлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Зеро, Ийсо Масиҳ томонидан қилинган бундай даъватлар кўп худолилик ўрнига якка худоликни тарғиб қилиш билан боғлиқ эди.
Бугунги кунда жаҳон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги яккахудоликка асосланган ўз динларига эътиқод қилади. Шундай экан, қайд этилган кўрсатмаларни миссионерлик билан шуғулланиш учун ғоявий асос қилиб олиш тарих ҳақиқатига зид эканини таъкидлаш зарур.
Миссионерлар бундай фаолиятни Исонинг ўзи бошлаб берган эди, деб таъкидлашни хуш кўрадилар. Уларнинг бундай даъволари нечоғлик тўғри?
Бундай қарашлар қачонлардир содир бўлган тарихий воқеаларни ғараз мақсадларда бузиб талқин қилишдир. Миссионерлар, одатда ўз қарашларини асослаш учун Лукадан ривоят қилинган "Инжил"да Ийсо Масиҳнинг ўз шогирдларини турли қишлоқларга юборгани ҳақидаги қуйидаги сўзларни келтирадилар:
"6. Шогирдлар жўнадилар. Кишлоқдан-қишлоққа ўтиб бориб, ҳаммаёқда Хушхабарни тарғиб қилар... эдилар".
Айнан ушбу сатрларни миссионерлар турли жойларга миссионерларни жўнатишни Ийсонинг ўзи бошлаб берган ва илк миссионерлар ҳаворийлар бўлишган эди, деб талқин қилишади. Аммо Ийсо Масиҳнинг бу даврдаги фаолияти фақат яҳудийларгагина қаратилган эди.
Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Ийсо ва унинг шогирдлари томонидан амалга оширилган даъватлар Иерусалим (Қуддус) шаҳри чегарасидан чиқмаган . Аммо замонавий миссионерлар, уларнинг мақсадларига хизмат қилмагани учун, бундай фикрларни билиб билмасликка олишга, тарихий ҳақиқатдан кўз юмишга ҳаракат қиладилар.
Миссионерлар христианликнинг Исроил ҳудудидан ташқарига ёйилишини ҳам илк миссионерлар фаолияти билан боғлашади. Тарихчилар эса христианликнинг Қуддус шаҳри чегарасидан ташқарига чиқишини 37 йилда христианларнинг қувғин қилиниши билан боғлайдилар. Қувғинга учраган христианлар ҳозирги Исроил ҳудудининг жануби ва шимолида жойлашган қадимги Иудея ва Самария вилоятлари бўйлаб тарқаб, ҳамма жойда ўз динларини тарғиб қила бошлаганлар.
Аввалига яҳудийлар орасида тарғибот юритган " хушхабар" чилар кейинроқ аста-секин Ўрта денгиз бўйлаб Аппенин ярим оролига ҳам кириб боришади. Рим империясида уларга салбий муносабат билдирилса-да, улар империянинг марказий ҳудудлари ва пойтахтига кўчиб келишда давом этаверишган.
IV асрга келиб "даъватчилар"нинг хатти-ҳаракатлари натижасида христиан дини Рим империясида давлат динига айланди. Христиан "даъватчилари" аста-секин Европанинг шимолий ҳудудларига ҳам кириб бордилар ва христианлик Рим империясининг улкан ҳудуди бўйлаб эски динлар устидан ғалаба қозонди.
Шуни айтиш мумкинки, юқоридаги каби қарашлар турли тушунчалар мазмунини атайлаб чалкаштириб, тарихий воқеликни бузиб талқин қилиш натижасидир. Чунки христианлик энди пайдо бўлган бир шароитда фаолият олиб борган "даъватчилар" (гарчанд уларга нисбатан ҳам "миссионер" сўзини қўллаш кенг тарқалган бўлса-да) билан бугунги "миссионерлар" орасида кескин фарқ борлигини ва уларни асло бир қаторга қўйиб бўлмаслигини унутмаслик лозим.
Зеро, ўз даврида христианликнинг фаол тарафдорлари томонидан "даъватчилик" ишларининг олиб борилиши, ўз таълимотларини тарқатишга ҳаракат қилишлари табиий бир ҳол эди. Бугун дунёнинг диний манзараси ўзининг аниқ шаклу шамойилига, турли халқлар асрлар давомида шаклланган диний-миллий қадриятларига эга бўлган бир даврда илк "даъватчилик"дан фарқли равишда миссионерлик миллат, жамиятни диний асосда бўлиб юборишга қаратилган бузғунчиликнинг бир кўринишига айланиб қолганини алоҳида таъкидлаш зарур. Миссионерларнинг аҳолисининг 90 фоиздан ортиғини исломга эътиқод қиладиган Ўзбекистонда фаолият олиб боришга интилаётгани ҳам бундай бузғунчиликка ёрқин мисол бўла олади.
Улар ўз мақсадларини ҳар қандай йўл билан амалга оширишга интилишади. Сўз билан, маблағ билан...
Афсуски уларнинг алдовига алданиб қолувчилар ҳам топиляпти. "Аросат " деб номланган бир ўзбек фильмида фильм ижодкорлари миссионерликнинг оғир оқибатларини жуда ажойиб тарзда кўрсатиб бера олишганди.
Миссионерларга алданган эр ўз ёнига хотининиям тортади. Бир бинойи ишлаб турган ўқитувчи аёл эрининг тазйиқи билан ота- онасиниям тарғиб қилмоқчи бўлиб , отасининг оқ қилишига сабаб бўлади. Автоҳалокатга учраб ҳалок бўлган аёлни бирор қабристонга қўйилишига рухсат берилмайди . Қаҳратон совуқда музлаб ўлай деган эр, хотинини узоқ бир ерга шундоққина йўл четига салгина кавланган чуқурга кўмишга мажбур бўлади.Улар кетгач тоғдаги бўрилар жасадни кавлаб олиб еб кетишади . Мана шунақа даҳшатли оқибатларни келтириб чиқаради миссионерлик. Айрим ҳолларда черковга қатнаётган ўзбекларниям эшитиб қоламиз. Астағфируллоҳ... Бундай ҳоллардан аллоҳ таоло ўзи асрасин. Демакки, ҳали қилинадиган ишларимиз кўп экан. Бунинг учун аввало ўзимиз миссионерлик ҳақида яхши билиб олишимиз керак экан.
Бизнинг муқаддас ислом динимиз ҳақида ғарб файласуфларининг фикрларига диққат қилайлик:
Ҳамза Якасой исломга доир ғарб файласуфларидан иқтибослар келтиради :
1. Лев Толстой (1828-1910)
"Ислом келажакда дунёни бошқаради , чунки унда илм ва донолик уйғунлиги мавжуд"
2. Герберт Уэллс (1846-1946)
"Ислом яна кучга кирганига қадар қанчадан қанча авлодлар вахшийликлардан азият чекади ва ҳаёти қисқаради.
3. Альберт Эйнштейн (1879-1955 )
"Шуни тушуниб етдимки , мусулмонлар яҳудийлар қила олмаган ишларни ўзларининг ақл - идроки ва шуури билан эришди. Исломдаги бу куч дунёга тотувлик олиб келади".
4. Михаил Нострадамус ( 1503-1566)
Ислом Европада хукмдор дин, Европанинг машхур шахри эса Ислом давлатининг пойтахтига айланади.
5. Бернард Шоу ( 1856-1950)
"Кун келиб , бутун дунё исломни қабул қилади ва агар у исломни хақиқий номини қабул қилмасада , уни метафора номи устида қабул қилиши тайин. Ғарб кун келиб исломни қабул қилади ва ислом тотувликда яшашни ўрганганларни динига айланади".
Мана азизлар, ислом дини ҳақидаги айнан ғарбликлар томонидан айтилган энг адолатли фикрларга мисол. Демакки, ислом Қуръони Каримнинг Моида сурасининг 3- оятида айтилганидек, энг камолга етган ва аллоҳ таоло ўзи рози бўлган дин. Бу динни бошқасига алмаштириш инсонни охиратини барбод қилади.
Манба: Ислом энциклопедияси,
Муслим .уз . ва шахсий фикрларим.
Навбаҳор тумани" Сарбозор" маҳалласи отинойиси Жабборова Карима
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш