ТЕРРОР – ИСЛОМГА ЁТ ҒОЯ

8-12-2021, 12:32 admin Мақолалар 2 828

ТЕРРОР – ИСЛОМГА ЁТ ҒОЯ

Инсоният тарихи жараёнида террорчиларнинг на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлмаган сохта “ғоялари” ва бу йўлдаги қонли фожеаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда.
Ҳозирда бу кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлса¬да, тутаётган йўл (ёки қилаётган иш)лари бир хил: одамлар тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда.
Минг афсуски, ХХИ аср ҳам инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Айниқса, баъзи шахс ва гуруҳлар томонидан ўзларининг геосиёсий мақсадларини ислом шиорларига бурканган ҳолда ташкил қилишга уриниши қатор ихтилоф ва кўнгилсизликларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, улар томонидан кўтариб чиқилаётган сохта даъволар мусулмонлар оммаси ўртасида эътибор топмаётгани ҳамда ўз ҳаракатларини оммавий шаклда ташкил этолмаётгани жиҳатидан аҳолининг маълум қатламлари номидан кураш таассуротини уйғотиш мақсадида террор йўли танланмоқда.
“Ислом” ва “террор” сўзларини бирикма – ибора шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби, нафақат ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам. Хусусан, ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган. Қуръони карим “Наҳл” сураси, 91-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради”.
Шубҳасиз, бугунги оммавий ахборот воситаларида тез-тез учраб турган “ислом терроризми” ҳақидаги даъволар, “яҳудий терроризми” ёки “христиан терроризми” тушунчалари каби нотўғри ва асоссиздир. Террорчи гуруҳларнинг алламбор номлари, уларга аъзо бўлган кимсаларнинг исмлари ҳеч қандай ҳақиқат ёки аслиятни ифода этмайди. Зеро, исломда ҳам бошқа самовий динлар каби террор ёки одамлар устидан бошқа шаклдаги зўравонликка ўрин йўқ. Ҳозирда “террор” деб атаётган ҳаракатлар аллақачон исломда “улкан гуноҳ”, деб белгилаб қўйилган.
Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши террорчилик ҳаракатлари ислом ва иймон тақозосидан узоқ ҳаракат эканини кўради.
Ислом тарихида кечиримлилик, раҳм-шавқат, ўзаро иттифоқ ва хотиржамликда яшаш тамойиллари намунали тарзда ўз аксини топган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни ўзларига мислсиз душманлик ва зулмлар қилган кишиларни ҳам афв этиб, уларга омонлик беришлари нафақат У зотни, балки ислом динининг руҳида кечиримлик, олийжаноблик ҳамда инсонларга нисбатан ўта меҳрибон ва шафқатли бўлишнинг гўзал намунасини мужассамлашганини ифодалайди.
У зот ҳаётига суиқасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомнинг ҳаракати ўз исботини топгач ҳам бағрикенглик билан кечириб юборганлари ёки суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абу Толибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, ҳар иккаласини ҳам авф қилишлари исломнинг негизида раҳм-шафқат ва меҳр-мурувват ётганини кўрсатади. Булар шубҳасиз, Қуръони каримдаги “Аъроф” сураси 199 оятида таъкидланган “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!” кўрсатмасининг амалдаги исботидир.

Навоий вилоят бош имом хатиби Тоҳиржон Рўзиев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш