НОИСЛОМИЙ ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР ВА СЕКТАЛАРНИНГ МИССИОНЕРЛИК ФАОЛИЯТИ

31-10-2021, 15:24 admin Мақолалар 1 640

НОИСЛОМИЙ ДИНИЙ ТАШКИЛОТЛАР ВА СЕКТАЛАРНИНГ МИССИОНЕРЛИК ФАОЛИЯТИ

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларнинг биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади.
Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин юридик шахс мақомига эга бўлади ва қонун хужжатларида назарда тутилган тартибда ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.
Секта сўзи, энг умумий маънода, муайян диний, сиёсий ёки фалсафий қарашларга эргашувчилар гуруҳини англатади. Диний секта деганда маълум бир диндаги расмий ақидаларга зид равишда ажралиб чиққан ёки мавжуд динлар ва конфессияларга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда дин байроғи остида фаолият кўрсатадиган гуруҳлар тушунилади. Бугунги кунда ҳар иккала йўналишга мансуб бўлган кўплаб секталар фаолият кўрсатмоқда. Мутахассислар уларнинг сонини тахминан 5000 атрофида, деб баҳолайдилар.
Миссионерлик лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Умуман олганда, миссионерлик - бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.
Прозелитизм - бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборатдир.
Маълумки, христианлар “Миссионерлик ҳар бир диндор учун шарт”, - деб ҳисоблайдилар. Бундай фикрларнинг асоси ва манбаини «Инжил»дан топиш мумкин. Жумладан, “Инжил”да Исо Масиҳнинг ўзига 12 ҳаворийни танлаб олиши ва уларни Исроилнинг қишлоқлари бўйлаб даъват қилиш учун юборгани қайд этилган. Ушбу сафар олдидан Исо Масиҳ элчиларига ўзлари билан ҳеч қандай егулик ва кийим бош олмасликни буюради. Маркдан ривоят қилинган “Инжил”да жумладан шундай сўзлар келтирилган:
“... 15. Исо шогирдларига деди: «Бутун жаҳон бўйлаб юринглар ва ҳамма тирик жонга Инжил Хушхабарини тарғиб қилинглар”.
Бундай даъват Маттодан ривоят қилинган «Инжил»да ҳам мавжуд. Унда Исо ҳаворийларга яқинлашиб, шундай дегани қайд қилинади :
“19. ...барча халқлардан шогирд орттиринглар. Уларни Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳ номи билан чўқинтиринглар.
20. Мен сизларга буюрган ҳамма нарсаларга амал қилишни уларга ўргатинглар...”.
Юқоридаги хусусиятлар билан бир қаторда, замонавий миссионерликни белгиланган мақсадларнинг моҳиятидан келиб чиқиб, шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳга миссионерликни ўзига хос бизнесга, шахсий бойиш манбаига айлантирган ташкилотларни киритиш мумкин. Бундай ташкилотлар асосчилари эътиқод қилувчилар сонини кўпайтиришдан уларнинг мулки ва бойлигига эгалик қилиш ҳисобига ўзларининг молиявий имкониятларини яхшилаш ва кенгайтиришдек мақсадларни кўзлайдилар. Замонавий секталарнинг мутлақ кўпчилигини шу гуруҳга киритиш мумкин.
Иккинчи гуруҳга миссионерликдан сиёсий қурол сифатида фойдаланаётган ташкилот ва уюшмаларни киритиш мумкин. Бундай гуруҳлар ортида муайян ҳудудларга нисбатан ўзининг аниқ геосиёсий режаларига эга бўлган давлатлар ва сиёсий кучлар туриши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.
“Миссионерлик” тушунчаси билан бир қаторда “диний миссия” сўзи ҳам кўп ишлатилишини таъкидлаш зарур.
Дастлабки халқаро христиан миссиялари, юқорида қайд этилганидек, 1910 йилда Шотландиянинг Эдинбург шаҳрида пайдо бўлган эди. Бугунги кунда юзлаб шундай мақомга эга миссиялар фаолият кўрсатмоқда.
Замонавий халқаро миссиялар бугунги кунда ўз фаолиятини:
- янги халқаро миссиянинг мақсад ва вазифаларини эълон қилиб, кенг кўламдаги тушунтириш ишларини олиб бориш;
- халқаро миссия таркибида маълум мамлакатга юбориладиган кўнгилли номзодларни аниқлаш;
- кўнгилли номзодлар орасидан бўлажак халқаро миссионерларни танлаб олиш;
- танлаб олинган бўлажак миссионерларни махсус мактабларда ўзлари юбориладиган мамлакат аҳолиси, уларнинг тили, урф-одатлари, фаолият олиб боришнинг самарали воситалари ва усуллари бўйича махсус тайёргарликдан ўтказиш;
- тайёр бўлган миссионерни тегишли молиявий манбалар ва махсус режалар билан таъминлаган ҳолда белгиланган мамлакатга жўнатишдек беш босқичда амалга ошираётганини алоҳида қайд этиш зарур.
Қайд этилган хусусиятлар ҳам замонавий халқаро миссиялар ўз фаолиятини тизимли ва тадрижий ташкил этаётгани ҳақида хулоса чиқариш имконини беради.
“Еттинчи кун адвентистлари” Миссионерликни амалга оширишда анъанавий усуллар билан бир қаторда радио, телевидение, интернет каби замонавий усуллардан ҳам фаол фойдаланишмоқда. Аммо ушбу ташкилот ўз миссионерлик фаолиятида асосан тиббий миссияларга катта аҳамият қаратишини алоҳида қайд этиш лозим. Бу билан улар Исо Масиҳ томонидан амалга оширилган табиблик ишини давом эттиришаётганини даъво қилишади.
“Иегово шоҳидлари” миссионерликка катта эътибор беради. Жамоа пайдо бўлган даврдан бошлаб, асосан уйма-уй юриш ва адабиётлар тарқатиш билан ўз издошларини кўпайтиришга ҳаракат қилади. Айрим маълумотларга кўра, ҳозирги кунда иеговочи миссионерларнинг сони 700 мингдан ортиқ кишини ташкил этади. Жамоа раҳбарияти томонидан миссионерларни тайёрлаш ишларига катта аҳамият берилади. АҚШ нинг Нью- Йорк шаҳрида, жамоанинг бош офиси билан бир жойда “Галаад” номли миссионерлар тайёрлаш маркази мавжуд. Ушбу марказда ташкил этилган 5 ойлик курсларда бутун дунёдан келган миссионерлар таҳсил олишади.
Иеговочилар миссионерликни:
- ўз қарашларига заррача бўлса ҳам қизиқиш билдирган одамларни қидириб топиш ва сўнг уларни таълимотни қабул қилишга тайёрлаш;
- даъват қилинаётган одамнинг онгига “Библия” курслари ва унинг матнини ўрганиш орқали диний таълимотни сингдириш;
- прозелитларни сув билан чўқинтириш;
- уларни миссионерлик фаолиятига тайёрлаш каби тўрт босқичда амалга оширадилар.
Кришначилар томонидан миссионерлик фаолияти ўтган асрнинг 70-йилларида бошланган. Улар томонидан амалга ошириладиган тарғиботчилик ҳаракатининг ўзига хос хусусиятлари қаторида кўчаларда ибодат кийимларида юриб қўшиқлар айтиш ва адабиётларини тарқатиш, “Ҳаёт учун озуқа” деб номланадиган, бепул озиқ-овқат тарқатиш акцияларини ўтказилишини кўрсатиш мумкин. Бундай ҳаракатларнинг асосий объектлари сифатида одатда талабалар, мактаб ўқувчилари, қариялар ва меҳрибонлик уйларида истиқомат қилувчилар танлаб олинади.
Тажриба баҳоийлар ҳам ёшлар ўртасида ўз ғояларини ёйишга алоҳида эътибор бераётганликларини кўрсатади. Хусусан, улар ўз таълимотлари тақдимоти кунларини ўтказиш ва уйма-уй юриб бундай тақдимотларга чорловчи таклифномалар тарқатиш амалиётини йўлга қўйганликларини таъкидлаш зарур.
Баҳоийларнинг миссионерлик фаолияти ҳақида гап кетар экан, улар ўз суҳбатларида “Аллоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Бисмиллоҳир-раҳмонир-роҳим” каби исломий тушунчаларни тез-тез ишлатишларини, ислом динида тан олинган Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад пайғамбарлар уларнинг таълимотида тан олиниши ҳамда “Қуръон” улар учун ҳам муқаддас манба ҳисобланишини бот-бот такрорлашларини алоҳида қайд этиш лозим..

Навоий вилояти бош имом хатиби Т. Рўзиев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш