Ота-онага вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиш.

28-10-2021, 14:36 admin Мақолалар 407

Ота-онага вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиш.
Ислом таълимотларида ота-онага яхшилик қилиш фақат уларнинг ҳаётлик чоғлари билан чегараланиб қолган эмас, балки фарзанд учун ота-онага уларнинг вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиш эшиклари очиб қўйилган.
Абу Усайддан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бани Салама қабиласидан бир киши келиб гаплашди. Мен у Зотнинг олдиларида эдим. Бас, у: «Ё Расулуллоҳ! Ота-онам дунёдан ўтиб кетдилар. Зиммамда уларга яхшилик қилишдан бирор нарса қолдими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:«Ҳа! Тўрт нарса қолди – уларнинг ҳаққига дуо қилмоғинг, уларга истиғфор айтмоғинг, икковларидан кейин уларнинг ваъдаларини бажармоғинг ва икковлари томонидан сенга қариндош бўлганларга силаи раҳм қилмоғинг», дедилар. Шунда ҳалиги одам: «Нақадар улуғ!» ёки «Нақадар яхши, ё Расулуллоҳ!» деди. «Бас, шунга амал қил!» дедилар».
Шарҳ: Аслида вафот этган одамнинг охиратдаги мақоми бу дунёда қилган амаллари асосида белгиланади. Унинг заррача яхшилиги ёки ёмонлиги бўлса ҳам, ҳисобга олинади. Аммо Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларига раҳм кўрсатиб, уларнинг вафотларидан кейин ҳам ортларидан савоб етиб боришига ва уларнинг охиратдаги мақоми ҳамда даражаларининг ортиб боришига йўл очиб қўйган. Ана ўша йўллардан тўрттаси ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилмоқда. Фарзанд ота-онаси тириклигида уларнинг хизматини қилиб, розилигини олиб, яхшиликлар қилиб ўтишга тарғиб қилинади. Лекин ушбу ҳадисда келган таълимотга биноан ота-она вафот этганидан кейин ҳам уларга тўрт хил яхшилик қилса бўлар экан:
1. Дуо қилиш. Ота-оналарининг ҳаққига Аллоҳ таолодан яхшиликлар – жаннат, хайр-баракалар сўраб дуо қилиш, фарзанд ўз ота-онасига уларнинг вафотларидан кейин ҳам қиладиган яхшиликлардандир. Бу дуолар ота-онага бориб туради, уларнинг хайрли амалларига қўшилиб туради. Бу билан фарзанд уларга худди тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
2. Истиғфор айтиш. Аллоҳ таолодан ота-онасининг гуноҳини кечишни сўраб, истиғфор айтиш. Фарзанд дунёдан ўтиб кетган ота-онасига Аллоҳ таолодан мағфират сўраб турса, уларга вафотларидан кейин ҳам яхшилик қилиб турган бўлади. Дунёдан ўтиб кетган ота-онасига мағфират сўрайдиганларнинг энг яхшиси намозхонлардир. Намозхон ҳар намозининг охирида, дуо қабул бўладиган бир мақомда, салом беришдан олдинги дуосида ота-онасига мағфират сўрайди.
3. Ота-онанинг аҳдига вафо қилиш. Ота-она ким биландир аҳд тузган бўлса, бирон нарсага ваъда берган бўлса, бошқа мажбуриятлари бўлса – шуларнинг ҳаммасини ўрнига қўйиб, васиятларини бажариш ҳам ота-онанинг орқасидан қилинадиган яхшиликлар қаторига кирар экан. Бу ишлар билан ҳам фарзанд уларга худди тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади.
4. Ота-онанинг дўстлари, яқинлари, қариндошларини икром қилиш. Фарзанд шу йўл билан ҳам ота-онасига улар ўтиб кетгандан кейин ҳам яхшилик қилиши, орқаларидан савобларни етказиб туриши мумкин экан. Ким бу ишни мунтазам қилса, уларга тириклик чоғларида яхшилик қилгандек бўлади. Бундан тушуниб оламизки, ота-она дунёдан ўтиб кетса ҳам, уларга яхшилик қилиш эшиклари очиқдир. Мазкур ривоятда келганидек, фарзанднинг зиммасида ота-онанинг яна тўртта хаққи қолар экан. Уларни қилиб туриш фарзандланинг вазифаси экан.Аллоҳ барчамизга ҳаётда яшаб турган ота-оналаримизни қадрлаб, уларни рози қилиб, жаннатга сазовор фарзандлардан бўлишимизни насиб айласин. Вафот этганларига ушбу муборак ҳадиси шарифда буюрилганидек яхшиликлар қилишимизни насиб айласин.
Манба (Ўзбекистон Мусулмонлари идораси “маърузалар тўплами”).
Навбаҳор тумани “Ғойибато” жомеъ масжиди имом хатиби: Темиров Салим.

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш