МОТУРИДИЯ АҚИДАСИ АСОСЛАРИ

1-10-2021, 18:15 admin Мақолалар 1 921

МОТУРИДИЯ АҚИДАСИ АСОСЛАРИ
Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланадилар. У кишининг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандийдир.
Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг туғилган йиллари хакида аниқ маълумотлар йўқ. У зот Самаркандда 994 йилда вафот этган ва шахар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга дафн этилган.
Имом Мотуридий фиқҳ ва ақида масалаларига қизиқиб, Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Аҳмад Иёзий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Фазл каби уламолардан илм олганлар.
Имом қуйидаги асарларни ёзиб қолдирганлар: “Китоб ат-Тавҳид”, “Китоб ал-Мақомат”, “Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”, “Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”, “Таъвилот ал-Қуръон” (10 том), “Шариат асослари”, “Китоб ал-жадал”, “Диалектика ҳақида китоб”. Булардан ташқари баъзи мутахассислар Имом Мотуридийнинг Ислом ҳуқуқшунослигининг асосларига бағишланган “Усул китоби” асарлари ҳам мавжуд бўлганини таъкидлайдилар.
Имом Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келиб, Ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма-хил ғоялар кенг тарқалган эди. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий ва у зот каби улуғ уламолар чиқиб, ўзларининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккурлари билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Қуръони карим ва Суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Мусулмонларни тарқоқликка олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши шу муқаддас курашда Абу Мансур Мотуридий биринчилар сафида бўлдилар.
Имом Мотуридий соф ақидани исботлашда муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки биринчи навбатда нақлдан фойдаланишни зарур деб биладилар. Ушбу олимнинг ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган бир пайтда бу ҳолга чек қўйиб, бу ўлкада ягона сунний ақида тизимини ўрнатадилар. У зот турли адашган фирқаларнинг Қуръони карим ва суннати набавийяга зид бўлган барча ботил ақидаларини далиллар асосида исботлаб берадилар. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади. Имом Мотуридий ўз услуби ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшдилар. Шунингдек, ҳанафия мазҳабининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб бердилар.
Буюк имомнинг “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланган асарларида Аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид бўлган оқимларга раддия билдиришда имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган холда иш кўрадилар.
Ҳозирги кунга келиб сохта салафийлар томонидан мотуридия ақидавий йўналишини Аҳли сунна вал жамоанинг муқобилига қўядилар ва кескин танқид остига оладилар. Ваҳоланки, Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Абул Ҳасан Ашъарий Аҳли суннатнинг ақоид бобида имоми эканлари ҳақида кўп уламолар таъкидлашган. Жумладан, Имом Ибн Ҳажар Ҳайтамий шундай дейдилар:
“(Аҳли сунна сўзидаги) Суннатдан мақсад – аҳли сунна вал жамоа имомлари Абул Ҳасан Ашъарий ва Абу Мансур Мотуридий тутган йўлдир” (“Аз завожир ан иқтирофил кабоир” китоби).
Машҳур муҳаддис олим Муртазо Зубайдий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:
“Агар ҳеч қандай қайдларсиз “Аҳли сунна вал жамоа” дейилса Ашъарийлар ва Мотуридийлар тушинилади” (“Итҳафу саадатил муттақин шарҳу иҳёи улумид дин” китоби).
Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий айтадилар:
“Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий – машриқу ва мағрибда Аҳли сунна вал жамоа имомларидир. Уларнинг кўп сонли китоблари бор. Улар ўртасидаги аксарият ихтилофлар лафзийдир”.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, шундай дейдилар:
“Агар ихтилофни кўрсангиз, катта қора (жамоа)ни лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, ҳозирги кунгача ҳам ва ҳозирги кунда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб (Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий)ларга мувофиқ келади. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.
Қолаверса, замондош олимларимиздан Саид Фуда ҳафизаҳуллоҳ “Ан-Нақд ват тақвийм лимунтақиди ақоидил мотуридия” (Мотуридийларнинг ақидаларини танқид қилувчига танбеҳ бериш ва тўғирлаб қўйиш) асарида ушбу танқидларнинг учта сабабини баён қилган:
1. Аҳли сунна вал жамоанинг яъни, ашъарийлар ва мотуридийларнинг ақидаларини билмаслик;
2. Жоҳиллиги ва ақл доираси торлиги сабабли мужтаҳид уламолар назарда тутган ақидавий маъноларни англаш имконлари йўқлиги;
3. Маънолари тўғрисида турли хил фикр билдирилган шаръий далиллар ҳақида айтилган турли қарашларни билмасликлари ҳамда инсоф билан гапирмасликларидир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ул зот асос солган диний таълимот – мотуридия мактаби Шарқ мамлакатларида катта шуҳрат топишига сабаб шуки, унда илгари сурилган ғоялар ислом динининг моҳиятини тўғрилик, эзгулик, инсонийлик деб биладиган жамики мўмин-мусулмонларнинг қарашлари ва интилишлари билан ҳамоҳангдир.

Манба: (Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Маърузалар тўплами”)
“Ғойибато”жомеъ масжиди имом хатиби: Темиров Салим.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш