МОТУРУДИЙ ТАЪЛИМОТИГА БИР НАЗАР

25-07-2020, 11:00 admin Мақолалар 855

Ўз кашфиётлари ва таълимотлари билан дунёни лол қолдирган, калом илмининг асосчиларидан бири бўлган буюк мутакаллим Имом Абу Мотуридий тўлиқ исмилари Муҳаммад Ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратлари вафот этган йили яъни, 870-йилда Самарқанднинг Мотурид маҳалласида дунёга келган. Илоҳиёт илмининг ёрқин юлдузи Имом Мотуридий дастлабки таълимни отаси Муҳаммад Ибн Маҳмуддан олиб, сўнгра бошланғич мактаб ҳажмида билим берувчи куттобда таҳсил олган.Самарқанддаги Работи Розиён масжиди қошидаги мадрасада таълим олган. Имом Мотуридийнинг етук аллома бўлиб етишишида устозлари таниқли олимлар; Абу Наср Аҳмад ибн Аббос ибн Ҳусайн Ийодий, Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Нусайр ибн Яҳя Балхий, Муҳаммад ибн Муқотил Розийларнинг ҳиссалари катта бўлган. Имом Мотуридий яшаган тўққизинчи аср охири ўнинчи аср бошларида исломий илмлар ва маърифатининг турли соҳалари, калом илмининг ҳам гуллаб яшнаган - олтин асри бўлган. Олиму – уламолар диний эътиқод ва усуллари ҳақидаги фикрларини ошкора эркин ифода эта бошлаган. Натижада Мовароуннаҳрда шу даврда турли-туман диний гуруҳлар ва фирқалар пайдо бўлган. Муътазилия оқими калом илмидаги йирик йўналишдир. Ундан кейин пайдо бўлган –жаҳмийлар, қарамийлар, муржиълар ва бошқа тоифалар имон эътиқод ва билиш назариясидаги хато қарашларга эга эди.Имом Мотуридийнинг илмий маънавий мероси ақлий далил ва исботларга таянган ҳолда, Ислом дини ақидасини софлигини ҳимоя қилиш ва ҳидоят йўлидан адашган мазкур оқимларга қарши курашади.
Имом Абу Мансур Мотуридий ўн бештага яқин асарлар ёзган. Фиқҳ илми ва усулига бағишланган асарлари; “Китоб ал-жадал” ( “ Диалектика ҳақида китоб”), “Китоб моахаз аш- шароиъа” (“Шариат асослари манбаи”). Калом илмининг турли масалалари ва адашган оқимларга раддиялар билдирилган асарлари; “Китоб ат-Тавҳийд”, “Китоб ал-Мақолот”, “Китоб радд аълол қаромита”, “Китоб баён ваҳм ал-муътазила”, “Китоб радд усул ал-хамса ли Аби Муҳаммад ал-Боҳилий”, “Китоб радд аво-ил ал-адиллат лил-Каъбий”, “Китоб ваъид ал-фуссоқлил –Каъбий”, “Китоб радд таҳзийиб ал-жадал лил-Каъбий”, “Китоб радд ал –имомат ли баъаз равофиз” кабилардир. Имом Мотуридийнинг йирик асари “Таввийлот аҳли ас-сунна ёки “Таъвийлот ал-Қуръон” деб аталади. Бу шарҳ ақл ва нақл нуқтаи –назаридан Куръони каримни шарҳлаш (таъвил) бўйича қилинган дастлабки жиддий уриниш бўлган. Алломанинг асосий асарининг қўлёзмалари ва уларга ёзилган баъзи шарҳлар, нафақат Миср, Туркия, Ҳиндистон, Англия каби мамлакатларда, балки мамлакатимиздаги қўлёзмалар хазинасида ҳам сақланади.
Имом Мотуридий фикрича, инсонларнинг ёмон хулқли ишлари-гуноҳлари Аллоҳнинг иродаси билан (чунки Аллоҳ шуни тақдир қилган), лекин унинг розилигисиз амалга оширилади. Аллоҳ таоло ҳар бандасини эркини қўлига берган ҳолда яратган. Яъни тақдири азалга шундай ёзилган. Лекин баъзи ишларига соҳиб ихтиёрлигини ҳам бергандир. Бу ишларни Имом Мотуридий, “афъоли ихтиёрий, яъни инсонда ирода эркинлиги мавжуд” – деб, инсон ақл-заковати ва тафаккурининг имкониятлари чексиз эканлигини эътироф этган. Аллома фаолиятида муборак Ислом динимизнинг ҳаётбахш мазмун-моҳиятини тўғри талқин қилиш, турли бидъат ва хурофатларга ботган гуруҳ ва тоифаларга қарши кураш муҳим ўрин эгаллайди. Имом Мотуридий ҳақида ёзган тарихчилар унинг табаррук номини бир қанча юксак ва шарафли лақаблар билан безаб зикр қилганлар. Таниқли муаррих Кафавий ва бошқа муаллифларнинг ёзишларича, Имом Мотуридий ўз замонасидаёқ “Имом ал-Ҳудо” (“Рушди ҳидоятга бошловчи имом”), “Қудват аҳл ас-сунна вал иҳтидо”, (“Суннат ва ҳидоят аҳлига ибратли зот “), “Рофиъ аълом аҳл ас-сунна вал жамоа” (“Аҳли сунна вал жамоанинг байроғини баланд кўтарувчиси“), “Қолиъ азолийл ал-фитна вал бидъат” (“Хурофат ва бидъатга ботган уйдирилмалари илдизи билан қўпарувчи”), “Имом ал мутакаллимийн” (“ Барча мутакаллимларнинг имоми “) , “Мусаҳҳиҳ ақоид ал-муслимийн” , (“Барча мусулмонлар ақидаларининг тузатгувчиси “), Аш-шайх ал-имом каби юксак лақабларга сазовор бўлган аллома сифатида тан олинган. Имом Матуридий ҳатто рақиблари наздида ҳам “Имом аҳл ас-сунна вал жамоа”, “Имом ал-Ҳудо” деган энг олий унвонга сазовар бўлиб, калом илмида ўзига хос мўжиза сифатида довруғи тилларда достон бўлган. Имом Мотуридийнинг шогирдлари ва издошлари кўп бўлиб, улардан Абу Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил, Абул Ҳасан Али ибн Саййид Рустағфоний, Абу Муҳаммад Абул Карим ибн Мусо Паздавий, Абу Лайс Самарқандий, Абул Ҳасан Паздавий, Сафар Бухорий, Нажмиддин Умар Насафий, Умар Ҳанафийларни кўрсатиш мумкин. Матуридия таълимотининг тараққий этишига энг кўп ҳисса қўшган таниқли шогирди Абу Муин Насафий бўлган. Калом илмининг яна бир намояндаси Имом Ашъарий, унинг таълимоти Ашъария номи билан машхур. Бу икки йирик аллома бир даврда яшаган бўлсалар ҳам , бир-бирларини яқиндан билмаганлар. Уларнинг таълимотида сезиларли фарқлар мавжуд. Имом Мотуридий ўз таълимотини ҳанафия мазҳабига асосланиб яратган. Ашъарий эса шофиъий масхабига асосланган. Аслида икки алломанинг мақсадлари битта, унга етиш йўллари ҳам ўхшаш, муштарак. Имом Мотуридий илгари сурган ақида ақл ва нақл асосига аниқроғи, улар ўртасида қурилган.
Имом Мотуридий ҳақида призидентимиз Шавкат Мирзиёев шундай фикр билдирганлар: “Ўнинчи асрда самарқандлик буюк мутафаккир “Имомул Ҳудо” (“Ҳидоят йўлининг имоми”) деб шуҳрат қозонган Абу Мансур Мотуридий томонидан асос солинган, мотуридия таълимоти бутун Ислом оламида кенг тарқалган. Мотуридия таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида, инсон ақл заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида, ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда.
Имом Абу Мансур Мотуридий 944-йилда вафот этиб, Самарқанднинг машҳур Чокардиза қабристонига дафн этилган. Алломанинг ҳаёти ва меросини илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиб, кенг халқ оммасига етказишда ва унинг қутлуғ номини абадийлаштиришда ҳукуматимиз қарори билан 2000-йилда мамлакатимизда Имом Мотуридий таваллудининг 1130 йиллиги кенг кўламда нишонланди. Жорий 2020-йилнинг 3, 5 – март ойида Самарқанд шаҳрида Имом Матуридийнинг 1150 йиллиги муносабати билан “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти:” ўтмиш ва бугун мавзуда халқаро конференця бўлиб ўтди. Ушбу конференцияда дунёнинг 20 га яқин мамлакатидан олимлар, диний уламолар иштирок этдилар.


Навоий шаҳар “Дўстлик” МФЙ отинойиси Ш.Сувонова
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш