Тил инсон танасида кичик бир аъзо бўлса-да, масъулияти жуда каттадир. Чунки, у фақат яхшиликни сўзлаб, ғийбат, туҳмат, ёлғончилик, ҳақорат, чақимчилик, ёлғон гувоҳлик бериш каби гуноҳ ишлардан тийилиши лозим. Сўз кучи билан олам ислоҳ этилиши, тил хатоси туфайли жамият бузилиши мумкин. Халқимиз: “Яхши гап билан илон инидан, ёмон гап билан мусулмон динидан чиқади”, деб бежиз айтмаган. Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кириш учун изн сўради. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унинг кимлигини билганларидан кейин: “У қавмининг энг ёмон кишиси”, дедилар. Аммо киришга рухсат этдилар. Кейин уни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, унга мулойимлик билан гапирдилар. У кетгач, Оиша онамиз таажжубланиб: “Эй Аллоҳнинг расули! Унинг номини эшитганингизда, қавмининг энг ёмон кишиси, деб айтдингиз. Ҳузурингизга кирганида, уни яхши қабул қилдингиз, мулойим гапирдингиз?”, деб сўрадилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Оиша! Сен қачон менинг қўпол муомала қилганимни кўргансан? Бу дунёда қўполлиги сабаб одамлар у билан муомала қилмай қўйган киши қиёмат кунида энг ёмон кимса бўлади”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Бу дунёга келган инсонлар бир-бири билан муомала қилмасдан иложи йўқ. Одамларнинг бир-бири билан қиладиган муомалалари худди меҳмонга қилинадиган муомаладек ширин ва мулойим бўлиши шарт, зеро барчамиз бу дунёда вақтинчалик меҳмонмиз. Бу тўғрида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимгаки юмшоқлик насибаси берилган бўлса, у кишига дунё ва охират яхшилигидан иборат насиба берилгандир. Кимки юмшоқлик насибасидан маҳрум қилинган бўлса, демак у дунё ва охират яхшилигидан иборат бўлган насибадан маҳрум қилинибди”.
Оиша онамизга қилган панду насиҳатларида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай деган эканлар: “Эй Оиша! Ўзингга юмшоқликни лозим тутгин. Қўполлик ва ундан пайдо бўладиган ёмонликлардан сақлан, чунки юмшоқлик аралашган ҳар нарса ҳуснлик бўлур ва юмшоқлик аралашмаган нарсанинг айблари кўриниб қолур”.
Шундай экан, тил бошқаларнинг дилига озор етказмайдиган чиройли сўзларни гапириши лозим. Уни ҳақорат, фаҳш ва беҳуда нарсаларни гапиришга одатлантириб қўйишдан сақланиш керак. Кишиларнинг ёмонлигини яшириб, фақат яхшиликларини айтиш ҳам фазилатдир. Дарҳақиқат, юмшоқ, ширин сўзли кишини барча яхши кўради, қўпол кишидан эса ўзини чеккага олади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам умматларини кўркам хулқли бўлишга чақириб, шундай деганлар: “Қиёмат кунида мўмин банданинг барча амаллари тарозига қўйилганда энг тош босадиган амали яхши хулқидир. Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз қилувчиларни ўзига дўст тутмас”.
Тилни қалб таржимони ҳам дейишади. Инсоннинг қалби соф бўлса, унинг тилидан яхши гаплар чиқади. Ҳар бир кишининг сўзига қараб унинг кимлигини, қандай инсонлигини англаса бўлади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламбундай деганлар: “Банданинг қалби тўғриланмас экан, унинг имони тўғри бўлмайди ва банданинг тили тўғриланмас экан, унинг қалби тўғриланмайди” (Имом Аҳмад ривояти).
Мусулмон киши ёмон гапларни айтишдан, ғийбатдан, бақир-чақир қилишдан ўзини тийиб, муомаласи ёқимли, сўзи ширин бўлади. Ғайратли, жаҳлини жиловлай олган, хушфеъл кишиларга улкан ажрлар бор. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Уларнинг кўп шивирлашиб гапиришларидан яхшилик йўқдир. Магар садақа беришга, эзгуликка ёки одамлар орасини ислоҳ қилишга буюрган бўлсалар, бу яхшидир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шу ишларни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз" (Нисо, 114).
Азизлар! Тил Аллоҳ таоло бизга берган улуғ неъматлардан ва омонатлардан биридир, уни фақат яхши сўзларни гапиришга ишлатиб, гуноҳ бўладиган сўзлардан тийиб, бу берилган неъматни шукронасини қилайлик. Биргина яхши сўз ўз соҳибини жаннатга олиб киришга қодир эканлигини ва биргина номақбул сўз билан инсон Роббисининг ғазабига дучор бўлиб қолиши мумкинлигини эсимиздан чиқармайлик!
Ҳакимов Бектош
Хатирчи туман “Шайх Гадой Селкин” жоме масжиди имом хатиби