Тилни ғийбатдан, нафсни ҳаромдан асранг!

14-10-2020, 05:30 admin Мақолалар 508

Аллоҳ таоло бандаларини ёмон сифатлардан, ҳалокатга элтувчи амаллардан қайтарган. Ҳақиқий мусулмон қўлидан ва тилидан бошқаларга зарар етказмайдиган кишидир. Қалби пок, имонли киши шаръий ҳукмларга итоат этиб, ҳаромдан ҳазар қилади. Эзгу, хайрли амаллар қилиб ҳалолликда яшайди. Ҳалол одамнинг юзидан нур ёғилади. “Ҳалол яшаган Жаннатга, ҳаромхўрлар эса дўзахга киради”- деган нақл бор. Банда бир луқма ҳаромни ютган чоғидан бошлаб, қирқ кун дуоси қабул бўлмас экан. Ҳаром луқма едириб ўстирилган фарзандлар ҳам оқибатсиз бўлиб, бир нуқсон билан ўсадилар. Оилага, жамиятга зарар етказувчи бўладилар. Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишлардан йироқ бўлиш лозим. Баъзи бир диндан бехабар кимсалар давраларда ўзи ароқ ичиб, бошқаларни ҳам “- ич гуноҳи менинг бўйнимда” –деб ичишга мажбур қилади. Улар Аллоҳни ҳаққига журъат қилиб, ўзини бало, офатга уради ва бошқаларни ҳам йўлдан оздиради. Қиёматда, ҳисоб-китобда жавоб бериш азобини ҳис қилмайдилар. Инсонларни яхшиликка, ҳалолликка чорлаб, ёмонликдан, ҳаромдан қайтариш, ҳар бир бандаи –мўминнинг вазифасидир. Ҳалол ризқни топиш, ҳалолдан рўзғор тебратиш, машаққат талаб этади. Чунки нафс бу дунёда яйраб, истаганини еб ичиб, ялло қилиб яшашни хоҳлайди. Одамзот то ҳаётдан кўз юмгунича нафси билан курашиб, Аллоҳнинг синов ва имтиҳонидан ўтишга ҳаракат қилади. Кимки ҳаром даромад билан давлат орттирса, сўнгра буни садақа қилиб берса, бунда унинг учун савоб йўқ. Гуноҳи ўз устида қолаверади. Ҳалол ризқ исташ, ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Парвардигорнинг бизга берган неъматларини санаб, саноғига етолмаймиз. Энг катта бойлигимиз вужудимизни соғ-саломатлиги. Вужудимиз Аллоҳнинг омонати. Ўзи қайтариб олгунча ёмон иллатлардан тийилиб, хайрли, эзгу амалларни қилайлик. Тилимиз вужудимизнинг кичик бир бўлагидир. Ана шу тилимизни ғийбатдан, туҳматдан, чақимчилик қилишдан, бировларни камситиб озор беришдан асрашимиз ўта муҳим. Пайғамбаримиз алайҳиссаллом “Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”, “Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил” ва “Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан”- деб марҳамат қилганлар. Тилимиздан келадиган офатлардан бири – ғийбатдир. Ғийбатнинг ҳаром ва гуноҳи кабирадан эканини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Расулуллоҳ алайҳиссаллом: “Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларни камчиликларини қидирманг. Кимки уларни камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса уни уйининг ичида шарманда қилади” ва “Мерожга кўтарилганимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзлари ва кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: “Улар ким , эй Жаброил?” –дедим “Булар одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкадиган ғийбатчилардир” – деди - дедилар. Ғийбатчилар охиратда ҳам жазосиз қолмайдилар. Жазо бўлганда ҳам, жуда аянчли жазога тортиладилар. Мўмин-мусулмон киши ғийбатдан четланиб, бошқа ғийбатчиларни ҳам оғзига урмоғи, ғийбатга йўл қўймаслиги керак. Пайғамбаримиз алайҳиссаллом:”Кимки бир мўминни уни ғийбат қилаётган мунофиқдан ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фариштани юборади. Кимки бир мўминни айбламоқчи бўлиб унга туҳмат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан қайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради”-дедилар. Ғийбатчига қулоқ солган киши унга шерик ҳисобланади. Ғийбатчилар нима сабабдан ғийбат қилади? Ҳасаддан, кўролмасликдан, аламини олиш мақсадида, обрўсини тўкиш учун, одамларни кулдириш, ҳазил қилиш мақсадида ёки ғийбатчига қўшилиб, биргалашиб ғийбат қиладилар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ғийбатчи, қилаётган ғийбати туфайли Аллоҳни ғазабига дучор бўлади. Шунингдек ғийбатчи ўзининг савоблари ғийбат қилинган одамга олиб берилишини, савоблари етмаса, ғийбат қилинган одамни гуноҳларини унга ортилишини англаши, билиши лозим. Ҳар ким ўзининг айблари бўла туриб, бошқаларни айблашдан уялсин. Агар ўзи айблардан ҳоли, мукаммал инсон бўлса, бунга шукр қилсин. Ўзини ўзи ғийбатчилик билан ифлосламасин. Ғийбатчилик ҳам бир касаллик, бир дард. Буни давосини Аллоҳнинг каломидан, Қуръон оятларидан, Пайғамбаримиз алайҳиссалломнинг суннатларидан, ҳадислардан излаб топмоқ даркор. Уламоларимиз зарурат юзасидан ғийбат қилишга рухсат берган холатлар ҳам бор. Яъни золимни қўлида зулм кўрган кишини золим ҳақида гапириши. Раҳбарларга ёки бировга қилинмоқчи бўлган фитна ҳақида хабар бермоқлиги. Бидъатчиларни- фолбин, бахшиларни бидъат ишларини ошкор қилиш билан мусулмонларни ёмонликдан огоҳлантириш учун. Очиқ ойдин фосиқлик қилган кишини яъни кечаси ўғрилик ёки зино шунга ўхшаш гуноҳларни қилиб, эртаси уялмай ўзи мақтаниб одамларга айтиб юрган фосиқ ҳақида гапириб одамларни ундан ҳимоя қилиб огоҳлантириш мумкин. Ғийбатчи бир йўла икки Ҳаққа нисбатан жиноят қилади. 1.Аллоҳ қайтарган ишни қилиб, Аллоҳ ҳаққига жиноят қилади. Бунинг каффороти тавба қилиш истиғфор айтиш.
2.Банданинг ҳаққига жиноят қилади. Шунда ғийбатчи ғийбат қилинган одамнинг олдига бориб, узр сўраши, пушаймонлигини билдириб ўша ғийбат қилган даврасида у одам ҳақида яхши гапларни гапириши керак. Биров ҳақида ёмон гумонда бўлиш, ғийбат қилиш мумкин эмас. Аллоҳ таоло Ҳужурот 12 оятида “Айримларингиз айримларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирингиз ўлик биродарларингизнинг гўштини ейишни яхши кўрурми?” – деб марҳамат қилган. Яъни биродарингиз ортидан ғийбат қилиш, унинг гўштини ейишга тенглаштирилмоқда. Албатта, ҳар биримиз юксак ахлоқли комил инсонлар қаторида бўлишни хоҳлаймиз. Шундай экан юқорида айтилган салбий ҳислатлардан ўзимизни поклашимиз ва шу билан бирга эл-у юртга фойдамиз тегадиган инсонлардан бўлишга интилишимиз лозим. Шунда Аллоҳ таоло барчамизни комил инсонлар қаторига қўшиб, Ўзининг улуғ мукофотлари билан тақдирлайди.

Навоий шаҳар “Дўстлик” МФЙ отинойиси Сувонова Шоира Юлдашевна
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш