ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ- ОҒИР ГУНОҲ
Инсон ўз қўли билан содир этадиган энг оғир жиноятлардан бири, бу ўз жонига қасд қилиб ҳаётига нуқта қўйишидир. Динимизда бундай оғир жиноятнинг ҳукми гуноҳи кабира (улкан гуноҳ) саналади. Аллоҳ таоло кечирмайдиган гуноҳ бу ширк ҳисобланади. Ширкдан бошқа барча катта ва кичик гуноҳлар учун агар банда холис тавба қилса, кечирилишига умид бор. Аллоҳ таолонинг гуноҳкор бандалари учун тавба эшиклари доимо очиқ. Лекин, инсон ўз жонига қасд қилса, унга тавба қилишга имкон бўлмайди. Чунки бу гуноҳи кабирани содир этган кишининг ҳаёти шу шум ҳаракати туфайли тугаб қолади. Бу гуноҳни содир этган киши, одам ўлдирган билан баробар қилинади. Шу билан бирга ачинарлиси яқинларини доғда қолдириб кетади. Уларни ҳалқ орасида ноқулай ва шармандали ҳолатга тушишларига сабабчи бўлади. Аллоҳ берган умр неъматига ношукурлик қилган бўлади.
Исломда инсонни ҳаётдан маҳрум этиш улкан гуноҳ. У хоҳ ўзи ҳаётдан маҳрум этсин, хоҳ бировни ҳаётидан маҳрум этиб ўлдирсин фарқи йўқ, гуноҳи бир хилдир. Чунки оятда бир кишини ноҳақ ўлдирган одам, барча инсониятни ўлдирган билан, бир кишига ҳаёт бахш этган киши бутун инсониятга ҳаёт бахш этган билан тенглаштирилади. Инсон ҳаёти исломда мана шундай юксак даражада қадрланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
قال الله تعالى: وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا
«Бир-бирларингизни (яъни, мўмин-мўминни) ўлдирмангиз. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир » (Нисо сураси, 29). Бу оят билан Аллоҳ таоло инсонни ўлимга олиб борувчи турли хил воситалардан сақланишга ундайди. Чунки У бандаларига ўта меҳрибон Зотдир.
Ҳадиси шарифларда ҳам суиқасд қилиш оғир гуноҳ амаллардан эканлига очиқ билдирилган.
Жундаб ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Сизлардан илгари ўтганлардан бир киши жароҳатланди. Бесабрлик қилиб пичоқ олди-да, қўл(томири)ни кесиб ташлади ва кўп ўтмай, қон йўқотиб вафот этди. Аллоҳ: «Бандам жонига қасд этди, унга жаннатни ҳаром қилдим», деди» (Муттафақун алайҳ).
Бу ҳадисда “унга жаннатни ҳаром қилдим”, деган жумла ҳақида уламолар турли фикрлар билдирганлар. Агар руҳий ҳолати бузилиб, қилаётган ишининг фарқига бормай қолган ҳолатда бу ишга қўл урган бўлса, иймоннинг бирор шартларни инкор этмаган бўлса, бу киши гуноҳи учун маълум вақт жаҳаннамда туриб, иймони борлиги сабабидан кейин жаннатга киритилади. Чунки, бошқа бир ҳадисда, вояга етмаган то вояга етганича, ухлаган то уйғонганича, мажнун(ақли кетган) киши то ақли жойига келганча, қалам кўтарилиши билдирилган. Яъни инсон шу уч ҳолатнинг бирида бўлса, қилган амаллари номаи аъмоли(амаллар дафтари)га ёзилмайди. У бу ҳаракатлари учун жавоб бермайди. Бу ислом динининг адолатли ҳукми. Юқоридаги ҳадис ақли жойида бўлиб, ҳамма нарсани била туриб, жонига қасд қилган кишига тегишли. Валлоҳу аълам(Аллоҳ билувчироқ Зот). Ўз жонига қасд қилган кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари жаноза ўқимаганлар. Шу сабабдан баъзи уламолар унинг жанозасини ўқимасликка фатво берганлар. Токи, буни кўрганлар ва билган кишилар жанозасиз кетишликдан қўрқиб, бирон бирида мана шундай ёмон фикр пайдо бўлганда ундан қайтса.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки тоғдан ўзини ташлаб, жонига қасд қилса, у жаҳаннам оловида абадул-абад ўзини пастга ташлайди. Кимки заҳар ичиб жонига қасд қилса, у қўлида заҳарини тутиб, жаҳаннам оловида абадул-абад ўзини заҳарлайди. Кимки ўзини темир билан ўлдирса, у қўлида темирини тутиб, жаҳаннам оловида абадул-абад у билан ўзини уради» (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Нодон инсон озгина мусибатга чидамасдан жонига қасд қилади. Худдики бу мусибат уни тарк этмайдигандай. Албатта ҳамма нарса ўткинчи, мусибат ҳам ўтади-ку ахир. Гўёки бу амали билан мусибатдан қутуламан деб ўзини ишонтиради. Ваҳоланки, қиёматда бундан ҳам ачинарли ҳолатга тушишидан бехабар. Бу ҳолатларга тушишдан барчамизни Аллоҳ асрасин.
Собит ибн Заҳҳокдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мўминни лаънатлаш уни ўлдириш билан баробардир. Ким бир мўминни кофирликда айбласа, уни ўлдиргандек бўлибди. Кимки ўзини бирон нарса билан ўлдирса, қиёмат кунида ўша нарса ила азобланади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бу ҳадисда бугунги кунимизда ниҳоятда аҳамиятли бўлган бир неча жиҳатлар мавжуд. Ҳадис мўмин кишини лаънатлаб, уларни кофир дейдиган кишилар учун таълим бор. Улар ҳам кўзини очсин. Банда Аллоҳ таолонинг қазои қадаридан қутула олмайди. Мусибат тушса, сабр қилсагина ажру савобга эга бўлади. Бу билан даражаси кўтарилади.
Бугунги кунда жонига қасд қилишнинг бир неча турлари юзага келмоқда. Буларнинг энг ачинарли тури Ислом номидан, баъзи юртларда, жамоат жойларда “шаҳидлик камари” деб аталадиган белбоғни белига боғлаб, ўзи етмагандай яна бир неча кишини ҳаётига зомин бўлиш. Бу ноисломий ҳаракатнинг Ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Динимиз тарихида бундай ҳолатда жонига қасд қилиш умуман учрамайди. Сийрат китобларда жароҳати туфайли, дардига чидамай ўзини ўзи ўлдирган кишининг бу ишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ қоралаганлари барчага маълум. Киши ўзини-ўзи ўлдириши, гарчи дин йўлида деб эълон қилса-да, барча ўринларда шаҳид ҳисобланмайди. Балки “ўз жонига суиқасд” қилиш деб баҳоланади. Ўзини-ўзи ўлдириш бу-шахс томонидан ҳаётий фаолиятини қасддан тўхтатишликдир. Шунинг учун Парвардигор томонидан инъом этилган ҳаётга тажовуз қилиш гуноҳи кабира саналади.
Хозирги пайтда ўз жонига қасд қилишнинг “кўк кит” деган тури ҳам пайдо бўлган бўлиб, у интернет тармоғи орқали баъзи зулмкор кишилар томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, тез суратда тарқатилмоқда. Бундан барчамиз огоҳ бўлишимиз керак. Хорижий давлатларда авж олган бу ўйин кўп ёшларнинг ўз жонига қасд қилишига сабаб бўлаётгани кузатилмоқда. Бир неча кун давом этадиган бу ўйиннинг охири ўлим билан тугаши аниқланган. Биз ўзимизни ва ўз фарзадларимизни мана шундай оғир оқибатларга сабаб бўладиган ўйинлардан асрашимиз зарур. Фарзандларимизнинг қўл телефонлари бизнинг доимий назоратимиз остида бўлиши керак.
Баъзан, гўёки инсонларнинг яшаш шароитлари қанча яхшиланса, шунча ҳаётга қизиқишлари камайиб бораверадиганга ўхшайди. Дунёнинг энг ривожланган давлатларида ўз жонига қасд қилиш бошқа, камбағалроқ яшайдиган давлатларга нисбаттан кўпроқ учрашини кўп эшитамиз. Бир қарашда ҳамма нарса етарлидек кўриниши мумкин. Аслини олганда эса бундай эмас экан. Руҳият жойида эмас. Инсон ҳамма нарсанинг лаззатини тотиб бўлди. Дунёга бўлган қизиқиши сўнган. Бир кишининг унга нисбатан айтган ҳақоратли гапи гўёки бир катта мусибатдек туюлиб, “мен наҳотки шундай бўлсам”, деб ҳаддан зиёд ўз ичини еб, охири жонига қасд қилишгача борганлар ғарб давлатлари ҳаётида кўп кузатилган.
Ислом дини мусулмонларни сабр бардошли бўлишга ундайди. Мусибат етганда сабр қилган мўминга дунё ва охиратда улуғ мукофотлар ваъда қилинади. Аслида киши машаққат келганда уни енгиш билан тобланиб, руҳан бақувват ва чидамли инсон сифатида шаклланади. Ҳаётнинг бир маромда боришининг ўзи қизиқ эмас. Ҳаёт ўнқир-чўнқирлардан иборат. Қанчадан-қанча улуғликка эришган инсонларнинг ҳаётини ўргансангиз, улар кўп оғирликларни бошларидан кечирганлига гувоҳ бўлишингиз мумкин. Ота боболаримиз иккинчи жаҳон уруши йилларида кўплаб машаққатларни бошдан кечирганларини эшитганмиз. Электр ва газдан фойдаланиш у ёқда турсин, ейишга ҳатто бир парча нон ҳам топиш мушкул бўлган. Лекин шунда ҳам сабр қилиб, бир неча фарзандларни ўстириб, уйли-жойли қилиб, мана шу оғирликларни енгганлар, машаққатли меҳнатлар қилиб яшаганлар. Ҳозир эса, инсонларнинг ейиш ичишларида муаммо йўқ. Шунга қарамай ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари аввалга нисбатан кўпроқ учрамоқда. Агар ҳолатни ўрганиб чиқсангиз, оддий нарсалар эканлигидан ҳайратланасиз. Мисол учун: оилавий можаролар, қайнона келиннинг келишмовчилиги, ёш келиннинг сабрсизлиги оқибатида тушкунликка тушиб бу оғир гуноҳга қўл ургани ёки севган йигити ё қизи алдаб кетгани сабабли жонига қасд қилиш ҳолатлари учраб турибди. Бу аслида вақт ўтиши билан тузалиб кетадиган ҳолатлардир. Ҳаёт эса давом этаверади. Бу нарсалар билан ҳаётни тўхтатиш нодонликдир. Аслида эса бу энг майда муаммолардан ҳисобланади. Буларнинг ечими фақат ва фақат Исломда. Бу муборак диннинг одобларига риоя қиладиган бўлсак, ундай муаммоларга умуман дуч келмаймиз.
Аллоҳ таолодан бизларни доимо тўғри йўлга ҳидоят қилишини, нафсларимиз ёвузлиги ва амалларимиз ёмонлигидан сақлашини сўраймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли, мағфиратли ва раҳмли зотдир.
“Хон Хўжа Эшон Бобо” жомеъ масжиди
имом хатиби: Қ.Ибрагимов.