Инсон ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳлар сарасига киради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади “Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм шафқатлидир” (Нисо, 29-оят). Тафсир уламолари айтади Аллоҳ таоло бу ояти каримада кишини ўзини ва бошқа мўминни ўлдиришдан қайтармоқда. Чунки ўзларингизни дегани ўз жинсларингиздан бўлганларни деган маьнони хам англатади.
Баъзи жоҳил одамлар бошларига бир ғам-ташвиш, хавф-хатар ёки оғир касаллик келганда ўзини ўлдиришни енгил кўриб ўз жонига қасд қиладилар. Бу дунё имтиҳон дунёси. Аллоҳ таоло бандани ҳар хил мусибатлар билан имтиҳон қилади. Мусибатларга сабр қилганлар учун Аллоҳ у мусибатни енгил қилади, дунёда ундан афзалроқ неъмат ато қилади ва охиратда мукофотлайди. Ўз жонига қасд қилганлар ўзлари ўйлагандек мусибатлардан қутилиб кетмайдилар, аксинча охиратда аламли азоб-уқубатга дучор бўладилар. Бу ҳақда Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ушбу ҳадис ривоят қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким ўзини бир темир билан ўлдирса, жаҳанам олови ичида абадий қолган ҳолда, ўша темирни қўлида тутиб, уни қорнига уриб (суқиб) туради. Ким заҳар ичиб ўзини ўлдирган бўлса у жаҳаннам олови ичида абадий қолган ҳолда, тўхтовсиз заҳар ичиб туради. Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса, жаҳаннам олови ичида абадий қолгани ҳолда узлуксиз ўзини (тепаликдан) ташлаб туради”. Демак ким дунёда бир нарса билан ўзини ўлдирса қиёматда жаҳанам олови ичида ўша нарса билан азобланар экан.
Динимизда нафақат ўз жонига қасд қилишдан, балки инсонинг ҳалокатига сабаб бўладиган ва танасига зарарли нарсаларни истеъмол қилишдан ҳам қайтарилган.
“Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг” (Бақара, 195-оят).
Ислом дини шунчалик қоралаган, оғир гуноҳ ҳисоблаган нарсанинг ҳозир, айниқса ёшлар орасида кўпайиши жудаям ачинарли ҳолдир. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, ёш авлод учун ҳамма нарса етарли. Юртимиз тинч , юртбошимиз ёш авлод учун куйиб, ёниб ҳамма нарсани муҳайё қилиб бераётган шу даврда фарзандларимиздан фақат билим олиш, касб-ҳунар ўрганишлари учун жонларини фидо қилётган вақтда ўз жонига қасд қилиш ниҳоятда ношукрликдир. Азизлар фарзандларимизга бу замонни, бу тинчликни, Аллоҳ берган бу умрнинг қадрига етишни тушунтириб, насиҳат қилайлик.
Мансур БОБОЕВ
Хатирчи туман “Майдон ота Мирхалил” жоме масжиди имом хатиби