ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

21-06-2021, 13:46 admin Мақолалар 986

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

Каҳф сураси 46-оятининг мазмуни бундай: “Мол-давлат ва фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир”.
Ҳа, фарзанд қалб райҳонидир. Ёшлик чоғларида уларни кўриб кўзимиз қувонса, катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўлиб, дилимиз яйрайди. Вафот қилганимиздан кейин эса уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли солиҳ амалларимиз зиёда бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтамайди, фақат уч нарса – садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради” (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло инсонга фарзандни аслида неъмат қилиб берган, лекин гоҳида мана шу неъматга ношукурлик қилиш туфайли ота-онасига номуносиб бўлиши ҳам мумкин. Бундай вазиятлар ҳаётда учраб турганлиги учун унинг сабаблари устида бош қотиришимизга тўғри келади. Қуйида биз мана шу сабабларнинг энг асосийларига тўхталиб ўтмоқчимиз:
Биринчи сабаб: фарзанд агар отага жафо қилаётган бўлса, демак, ўша ота ҳам ўтмишда ўз отасига шундай жафо етказган. Аллоҳ таоло шу йўл билан унга бу дунёда қилмишига яраша жазо бераётган бўлади. Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи васаллам, айтадилар: “Оталарингизга меҳрибон бўлинглар, шунда сизлар ҳам фарзандларингиздан меҳр-мурувват кўрасизлар”.
Иккинчи сабаб: ота ўзига жуфти ҳалол танлашликда янглишиши туфайли ҳам фарзанди унга бемеҳр бўлиши мумкин. Чунки, фарзандга онанинг таъсири кўпроқ бўлади. Она фарзанд учун биринчи даражадаги ўрнак бўлгани сабабли фарзанд унинг хулқ-атворида кўп нарсани ўзлаштиради.
Учинчи сабаб: ота фарзандининг тарбиясига бепарволик ва дангасалик қилади. Фақат ўзининг иши билан машғул бўлиб, фарзандига тарбия беришга, диний ва дунёвий таълим ўргатишга, чиройли ва гўзал одоб-ахлоқли қилишга аҳамият бермайди ёки кам аҳамият беради. Бунинг натижасида ҳам фарзанд ноқобил бўлиб етишади.
Тўртинчи сабаб: фарзанднинг ахлоқ-одобига ёмон одамлар, танишлари, дўстларининг таъсири бўлади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчига ўхшайди. Сен мушки анбар сотувчининг мушкидан сотиб олмаган тақдирингда ҳам унинг хушбўй ҳидидан баҳраманд бўласан, темирчининг босқони уйингни ёки кийимингни ёндириб юбормаган тақдирда ҳам, унинг бадбўй ҳидидан кўнглинг хира бўлади”.
Ушбулардан хулоса қилган ҳолда, фарзанднинг ота-онага итоатсизлиги муаммосини қуйидагича ҳал этса бўлади:
ота фарзандларига ўзининг отасига яхшилик қилиш билан ўрнак бўлмоғи, уларни жонидан ҳам азиз кўрмоғи лозим. Шундагина фарзанд отасининг тутган йўлидан юради, ундан таъсирланади, шу ҳолатда униб-ўсади ва вояга етади;
эр ўзига солиҳа умр йўлдоши танламоғи зарур. Чунки бу аёл келажакда фарзандларининг онаси, уларнинг тарбиячиси бўлади. Динимиз бизга турмуш ўртоқ танлашда нималарга эътибор беришимизни ўргатган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Хотин кишига ё моли учун, ё обрўйи учун, ё ҳусну жамоли учун, ёҳуд дини учун уйланилади. Сен диндорига уйлангин, барака топасан”, деганлар;
ота фарзандининг тарбиясини, шунингдек, яхшиламоғи, унга Қуръон ва ҳадис таълимотларини, дунёвий илмларини ўргатиши, яхши ахлоқли бўлишга ундаши лозим;
ёмон дўст ва ёмон болалар таъсиридан фарзандини асраши керак. Чунки, бузуқ ахлоқли болалар билан дўстлашиб қолса, фарзанднинг ҳам тарбияси бузилиши тайин. Энг аввало, ота фарзанду зурриётларининг солиҳ бўлишларини Аллоҳдан доимо дуо қилиб сўраши лозим.
Фарзанд Аллоҳ таолонинг улуғ неъматидир. Ота-она бу неъматга шукр қилишлари керак. Шукрнинг асосийси фарзандни неъмат берувчи зот Аллоҳнинг розилигини қозонадиган қилиб тарбиялашдир. Тарбия эса, гўдаклик чоғидан бошланади. Бу ишда ота-онанинг келишмовчиликлари, ораларининг бузилиши узр бўла олмайди. Катталарнинг жанжалитуфайли мурғак гўдак зарар кўрмаслиги ва унга Парвардигор берган ҳақ-ҳуқуқлар поймол қилинмаслиги керак.


Хатирчи тумани Имом Аъзам жомеъ
масжиди имом хатиби: Муҳаммад Эргашев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш