Қалбимиз райҳонлари

15-12-2016, 14:32 Istamjon Khamrayev Ўзбекистон янгиликлари / Ислом олами / Руҳий тарбия 2 342

Қалбимиз райҳонлари
Фарзанд – қалб райҳони. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузурланади. Катта бўлганларида эса ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот этганимиздан кейин уларнинг сай-ҳаракатлари туфайли номаи аъмолимиздаги савобларимиз зиёда бўлиб боради.
Аллоҳ таоло инсонга фарзандни неъмат қилиб берган. Агар оила тинч-тотув бўлиб, ота-она ўз фарзандларига яхши тарбия берсалар, бола улғайганда ота-онасига раҳмат олиб келса, бу улар учун Аллоҳнинг мукофоти бўлади. Болалар эртанги кунимизнинг эгалари, хайрли ишларимизнинг давомчиларидир.
Муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан ёшларга бўлган эътибор йил сайин ортиб бормоқда. Ёшларларимизнинг порлоқ келажаги, соғлом турмуш тарзи, маънавий ва жисмоний баркамоллиги йўлида қилинадиган ишлар ҳали талайгина. Бу ўринда ислом динининг ёшлар маънавий юксалишига қўшадиган ҳиссаси беқиёсдир.
Фарзанд тарбияси ислом таълимотида энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Аллоҳ таоло бандаларига фарзанд тарбиялашни Ўз каломида Луқмони Ҳаким тилидан баён қилар экан, бизнинг наздимизда арзимас деб қараладиган амалларни ҳам зикр қилган:
“Эй ўғилчам, албатта, у (амал) агар ачитқининг бир дона уруғича бўлса-ю, у бир қоя тош ичида ёки осмонларда ёхуд ерда бўлса ҳам, Аллоҳ уни келтирур. Албатта, Аллоҳ ўта лутфли ва ўта хабардор зотдир”(“Луқмон” сураси, 16-оят).
Ушбу оятда инсоннинг бу дунёда қилган амали, яхшилиги ёки ёмонлиги, агар ачитқи ўсимлиги уруғининг доничалик бўлса ҳам, эътиборсиз қолдирилмасдан олиб келиниши таъкидланмокда. Маълумки, ачитқи уруғи жуда кичкина бир нарсадир. У шунчалар кичикки, ҳатто қўлга олиш ҳам қийин. Аммо қиёмат куни ўша ўта кичик ҳажмдаги ачитқи уруғидек амал катта харсанг қоя ичида йўқолиб кетган ёхуд ер юзининг бирор жойида тушиб қолган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло уни банданинг ҳисоб-китобига қўшар экан.
Ислом динида бола тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчидир. Бунда фақат руҳий тарбияси эмас, балки жисмоний тарбияси, яъни фарзанднинг соғлиги, саломатлиги, унинг ҳар томонлама камолга етиб бориши назарда тутилади.
Инсон фарзанди туғилгандан то улғайиб вафот этгунга қадар тарбияга муҳтож. Бу тарбия дастлаб ота-она, устоз ва бошқалар тарафидан берилади. Агар тарбия жараёни тўхтаб қолса ёки ёмон томонга бурилса, инсон тубанликка кета бошлайди. Тарбия фарзандга она меҳри, ота ибрати, бобо ва бувилар ўгитлари орқали сингади.
Тарбиянинг энг мураккаб даври ўсмирлик давридир. Айниқса, бугунги ахборот хуружлари авж олган бир пайтда ёшларни эътиборсиз қолдириш жуда катта фожиага олиб келиши аниқ.
Маънавияти, қадру қиймати бўлмаган таълим-тарбия инсонларнинг кўпини тўғри йўлдан оздиради. Улардан эзгулик ва яхши натижа кўринмайди. Ватанга, халқига ва башариятга фидокорона хизмат қилишни, адолату фазилатни, одобни, раҳму шафқатни, ва меҳр-муҳаббатни ўргатадиган бир таълим-тарбия инсоният учун зарур. Бу эса иймон ва нафс тарбияси билан бўлади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир ота ўзининг фарзандига яхши тарбия бериш ва одоб ўргатишдан ортиқ ҳадя қилолмайди”, – деб марҳамат қилдилар. Бухорий ривоят қилган.
Ислом дини ўн беш асрдирки, инсонни тарбиялашни, айниқса, болаларга одоб ва ахлоқдан пухта таълим-тарбия беришни энг муҳим вазифа ўрнида кўриб келмокда. Чунки жамият аъзоларининг яхши хулқли бўлишини орзу қилсагу, аммо ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш болалар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимизга тўлиқ эриша олмаймиз.

Тошкент ислом институти
ўқитувчиси Абдурасул Тошпўлатов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш