Халққа хизмат исломий фазилат.
Ҳар бир нарсанинг комил ва мукаммал эканлиги унинг ўзига хос сифати ва хусусияти жиҳатидан турличадир. Шу асосга кўра, инсоннинг комил ва мукаммал экани уч нарсада бўлади.
1.Аллоҳ таолога ибодат қилиш,
2.Росулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) суннатларига эргашиш,
3.Халқ хизматида бўлиш.
Мана шу уч сифат инсоннинг комил ва мукаммал инсон эканини кўрсатадиган белгидир. Бу каби сифатга эга бўлмай туриб, инсон дунёда ва охиратда комиллик ва юқори даражага эриша олмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мўъмин бандани хурмо дарахтига ўхшатганлар. Чунки хурмо одамларга дарахтлар ичида фойдаси энг кўпидир. Аллоҳ таолонинг фарзи ва одати шуки, кимки илми, амали ва моли билан халқ хизматида бўлса ва одамларга манфаат етказса, вафотидан кейин ҳам унинг номини Аллоҳ таоло ер юзида боқий қолдиради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай дейди: "Одамларга манфаат берадиган нарса эса ер юзида қолади," (раъд сураси 17 оят)-дейди.
Демак, кимки бирор кимсанинг хизматида бўлса, Аллоҳ таоло ҳам унга дунё ва охиратда кўмакчи бўлади.
Халқ хизматида бўлиш дунё ва охиратда юксак қадрланадиган фазилатдир.
Навоий шаҳар отинойиси: Ҳамида Мавлонова.