Ёш авлоднинг одоби ва ахлоқий тарбияланишида ислом динининг ўрни

7-12-2020, 11:38 admin Мақолалар 650

“Фарзандларингизнинг уятчан бўлиши
уларнинг келажакда яхши феъл-атворли
бўлишидан хушхабардир”

(Абу Ҳолид Ғаззолий)



Барча инсонларга маълум ва аёнки, ҳар бир ота-она ўз фарзандининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол авлод, етук инсон бўлиб етишишини орзу-ният қилади. Фақат орзу-истакнинг ўзи етарли эмас, бунинг учун замин тайёрлаш керак. Маҳобатли бино қуришни хавас қилсак, унга етадиган маблағ билан бирга мустаҳкам пойдевор ҳам керак. Буларсиз орзу, орзулигича қолиб кетаверади.
Аввало тартиб-интизом бўлган жойдагина қонун-қойда амал қилади. Тартиб бўлмаган жойда иш ҳам юрмайди, ривожланиш ҳам бўлмайди. Оилада тинчлик-хотиржамликнинг бўлиши, оила аъзолари орасида меҳр-оқибатнинг мавжудлиги, ота-она ва фарзандларнинг ўзаро самимий муносабатлари бу кичкина жамият деб номланган оиланинг ички тартиб-қоидалари ҳисобланади. Ота-онага, жамиятга, элга хизмат қилиб, уларнинг розиликларини олиш бутун бир бошли оила, қариндош-уруғ, хатто қўни-қўшни, ёру дўстлар жамоасини ўз ичига оладиган йиғма хизматлар мажмуаси десак хато бўлмайди. Чунки оят ва ҳадислардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, ёшлар тарбияси, одоби борасидаги илк қадам оилада бевосита ота-онадан бошланса-да, у бориб-бориб ака-укалар, амаки-тоғалар, ота-онанинг ёру дўстларига бўлган муносабатларда ҳам намоён бўлади.
Агар оила аъзолари ҳисобланган фарзандларнинг бирортасида ёмонроқ одат бўлса, буни унга чиройли қилиб, юмшоқлик билан тушунтириш лозим. Бу чиройли сўзни мисоллар ёки ибратли ҳикоялар билан тушунтирилса янада тўғрироқ бўлади. Оила аъзоларига тарбия беришдаги энг муҳим жиҳат, сўздан бошқа ортиқча ҳаракатларга эҳтиёж қолдирмасликдан иборатдир. Бола то ақлини таниб, оқ-қорани ажратиб, савобу гуноҳ нималигини яхши билиб олгунича қанча вақт ўтиши лозим бўлади. Ҳатто бола катта бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетганда ҳам ота-она айнан шу масалада жуда эҳтиёткор бўлса, фақат яхши бўлади. Тарбия китобларида узтознинг даражаси отаданикидек улуғлигига урғу берилади. Шу билан бирга устознинг ҳам чиройли одоб, илм эгаси бўлишлиги лозим деб таъкидланади. Чунки устоз инсоннинг маънавий тарбияси билан шуғулланиб, унинг комил инсон бўлиб етишига асосий эътиборини қаратади.
“Фарзандининг итоатига ёрдам берган отага, Аллоҳ рахмат қилади”, - деган ҳадиси шарифда ҳам тарбияда отанинг масъуллиги кўрсатилган. Шунинг учун аввало ота, оилада тарбиянинг ёрқин намунаси бўлмоғи лозим.
Муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимоти комил инсон тарбиясига қаратилгандир. Инсоннинг жисмонан, ақлан, руҳан камолга етилмоғида ислом дини маълумотининг ўрни нақадар юксакдир. Буюк устоз бўлган Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “ Мен инсониятга тамомий ахлоқни ўргатиш учун юборилганман”. Муборак ҳадисларида келган бу баён Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам)нинг комил устоз, одоб- ахлоқнинг тўлиқ намунаси, ибрат эгаси эканлигидан далолатдир. Хақиқатдан ҳам, ислом дини асослари бўлмиш Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда инсонларни гўзал одоб ва ахлоққа чақирувчи, хушхулқлилик энг олий фазилат эканлиги хақидаги таълимотлар кенг ўрин олган. Қуръони каримда, Наҳл сурасида (90-оят) шундай дейилади “ Албатта, Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларига яхшилик қилишга амр этади ва фаҳшу мункир ишлардан ҳамда зулмкорликдан қайтарур...”
Оятдан мақсад Аллоҳ адолатни, эҳсон қилувчини, силаи раҳмни одат қилганни севади, фаҳш ишларга, кибрга берилувчиларни эса ўзига зулм қилганлар деб ҳисоблайди. Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи васаллам) ҳам қатор ҳадисларида хушхулқликни мадх этадилар. Ҳадисларнинг бирида: “Менга энг махбуброғингиз ва охиратда менга яқинроғингиз ахлоқи гўзалроғингиздир”, деганлар.
Албатта, гўзал аҳлоқ ва одоб инсонниг ёшлигидан, болалигидан шаклланиб бормоғи лозим. Шунинг учун ҳам ислом динида болаларни хали мурғаклигиданоқ гўзал одоб-ахлоққа ўргатиб бориш тавсия этилади.Ислом дини одоб ва ахлоқ тушунчаси остида ёшларни ҳар томонлама тарбия кишига ҳам катта ахамият қаратади. Тарбиянинг бу жихатида ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр –оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга ахамият қаратилади.
Оилада, ота-она диндан бохабар бўлса, фарзандлар тарбиясида қийналмайди. Устозгача одобу-ахлоқни бола қалбига экиб бўлади, устоз бу уруғ униб, томир отишига ўз ҳиссасини қўшади, тарбияда болага таълим бериш билан ахлоқий тарбияни улғайтиради. Агар ота-она диний тарбиядан узоқ, жоҳил бўлса, бола қалбига одоб-аҳлоқ уруғини қадай олмайди. Қалбда бўлмаган уруғни устоз экиши анча қийин кечади. Бу орада бола улғайиб хатарли йўлга кериб қолади. Ёшликдан чекувчи, ичувчи болалар, кийинишида, одобда ғарбга тақлид қилаётган ярим яланғоч қизлар иккинчи тоифага мансубдир. Уларнинг дини, тили, бели анча қотиб қолган, тўғирлайман десанг белини синдириб қўйиш эҳтимоли бор.
Ҳамма даврларда бўлганидек, бизнинг давримизда ҳам биздан кейин ҳам динни бузиб нотўғри талқин этувчи ёт унсурлар пана-панада ғимирлаб юришади. Уларнинг улжалари аён-қалбида бўшлиқ борлар, дунё-молига ружу қўйганлар, меҳр-оқибатни билмайдиганлар, ота-она измидан чиққанлар, Ватанига чин мухаббат қўймаганлар. Буларнинг сабаб-илдизи оиладаги тарбиянинг бўшлиги, илмнинг берилмагани. Оқибатда бола на диний на дунёвий билимга эга бўлмасдан умрини зое қилиб қўйишлиги. Динга, исломга, буюк Аллоҳга, севикли Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) га эътиқоди бўлмаган ёт унсурлар ўзларича Исломга хизмат қилмоқчи бўладилар. Амалларининг оқибати Аллоҳнинг ғазаби эканлигидан бехабарлар.
Улар сафини кенгайтириш, фитна фасодни ўргатиш учун тинмайдилар. Ёш, тушунчаси саёз, баъзан беғубор ёшларни ҳам йўлдан уришга ҳаёсизларча ҳаракат қиладилар. Ёшларни ўз истаклари йўлида қурбон қиладилар.
Ўзбекистоннинг ёш ўғил-қизлари бизнинг фарзандларимиз. Уларнинг тўғри йўлдан чалғиб ғаламислар қўлида қўғирчоқ бўлишини кузатиб туришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Биз катталар доимо сергак бўлайлик. Ёшларимизни асраб-авайлайлик. Ҳар бир ёш йигит –қизни тўғри тарибияланиши, бирор ҳунар ўрганиши, ҳаётини тўғри ташкил этишлари учун йўл кўрсатайлик .Ҳаёт йўлини тўғри белгилаб олган ёшларимиз ҳунарлари ортидан обру топаяпти, кредит олиб чорва моллари, қуёнчилик, балиқчилик касаначилик билан шуғулланишаяпти, Ватан равнақи учун ўз ҳиссаларини қўшаяптилар. Қутқуларга учган айрим ёшлар азиз умрини хароб қилишаяпти, дала- даштда ёввойи ҳаёт кечиришаяпти, умрини қамоқларда ўтказишаяпти.Улар ўтмишини унутганлар келажагини хорликка бурганлар, Аллоҳни унутганлардир.Бу тарбияга ҳам албатта, оилада замин яратилган.
Аллоҳ Таоло: “Қаерга қаерда роббисини унутиш бўлса, кетилса, фахш ишлар кўпайиб, залолатга кетиш бўлса, у қавмга бало –офатни юбораман”, деб қаҳрини, Ўзининг борлигини, шиддатини англатиб, ўтмиш қавмларга ўзини билдириб бало, ваболарини юборганидек, ҳозирда ҳам шиддатини бутун дунё аҳлига кўрсатиб, англатиб турган бир вазиятда, тарбияда чалғиган ёшларга, баъзи катталарга ҳам кўзингизни очинг дегингимиз келади. Илму маърифатли бўлишнинг фазилати нақадар юксак эканлиги барчага маълум Илм билан дунё обод, инсоният ҳаёти фаровон, илмли кишининг йўли доимо нурафшон бўлади. Шу боис, илм исташ унга етиш йўлида машшақат чекиш энг савобли амаллардан саналади. Ислом динида илм деганда диний ва дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий маънавий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг моддий ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёни деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга қарам бўлмаганингиздир”,-дейилган.
Ушбу маълумотларга жону дилдан амал қилган аждодларимиз, буюк илм аҳллари бўлган бобокалонларимиз диний илмни ҳам, дунёвий илмни ҳам бирдек ўрганганлар, амал қилганлар. Ёшлик даври қалбнинг мусаффолигини сақлаш, унинг иймон илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир. Шунинг учун фарзандларни аҳли донишлар билан дўст тутишлик лозим. Зеро, қалбида тўғрилик, эзгулик инсонийлик хислатлари жўш уриб гуркираб яшнаган ёшлардан келгусида фақат яхшилик кутиш мумкин. Бу йўлда ота-оналар, устозлар билан бирга отинойилар, диний илм йўлида хизмат қилувчилар бирдек масъулдир.



“Зарафшон” МФЙ отинойиси Исломова Марзия
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш