Муқаддас ислом дини таълимотида оилавий ҳаёт муқаддас ҳисобланади. Чунки, оила жамият биносининг асоси, бир бўлагидир. Агар бинонинг асоси соғлом бўлса, бино ҳам мустаҳкам бўлади, акс ҳолда бундай бино емирилиш ва қулаш хавфи остида қолади. Айнан шунинг учун динимизда оила масаласига бениҳоя жиддий эътибор қаратилади, унинг мустаҳкамлиги, эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат давомийлигини таъминлаш учун ўзига хос қонун-қоидалар мавжуд. Оилада эр ва хотинга ўзига хос бурч ва вазифалар юкланган, бир-бирига нисбатан ҳақ ва ҳуқуқлари белгилаб берилган. Агар эр ва хотин мазкур қоидаларга амал қилса, бир-бирига нисбатан зиммаларидаги бурч ва масъулиятини ҳис қилиб, ситқидилдан адо этса, бундай оила бахт ва саодат қасрига айланади. Бундай намунавий оилада туғилган фарзандлар ҳам гўзал тарбия топади ва келажакда улардан жамиятга фойдаси тегадиган буюк инсонлар етишиб чиқади. Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа экан, мазкур алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз ва мазкур билимга амал қилишимиз лозим. Эр-хотиннинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак? Ҳар бир эркак аёлига ғамхўрлик кўрсатиши, муомала маданиятига аҳамият бериши, берилган буюк марҳаматни эъзозлаши керак. Аввало унга муҳаббат қўйиш учун эркак киши инсонпарварлик, мардлик нуқтайи назаридан, аёл билан ҳамфикр ва ҳамнафас бўлишга интилиши лозим. Аёл киши бирор хабар ёки воқеани айтса, эр унга эътибор қилиши, муносабатини билдириши даркор. Доно, зукко аёл эрининг кайфиятига қараб ўринсиз саволлардан тилини тияди, бўлар-бўлмасга аразламайди, гина сақламайди, ақл билан иш кўради, турмуш ўртоғининг кўнглини олиш, фарзандлари тарбияси билан шуғулланишга ҳаракат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мўмин эркак мўмина хотинига ғазаб қилмасин. Агар унинг хулқидан, бири ёқмаса, иккинчиси хурсанд қилади” (Имом Бухорий ривояти).
Учкудуқ тумани “Мустақиллик” МФЙ отинойиси Файзиева Зилола
Учкудуқ тумани “Мустақиллик” МФЙ отинойиси Файзиева Зилола