«… фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…»
(Бақара сураси 191-оят)
Муқаддас Ислом дини — тинчлик дини, тинчликка тарғиб этувчи, тинчлик-хотиржамликка буюрувчи диндир. Исломда тинчлик бутун борлиққа қаратилган бўлиб, у билан бутун дунё тинчлигига эришилади. Халқимизда шундай нақллар бор «Қўшнинг тинч — сен тинч», «Бир кун уруш бўлган жойдан қирқ кун барака кетади». Исломда тинчлик инсон қалбидан бошланади.
Афсуски, Аллоҳнинг буюк неъмати тинчликдан ҳамма ҳам баробар баҳраманд эмас, чунки дунёнинг турли минтақаларида террорчилар томонидан ноҳақ қон тўкишлар содир этилмоқда, шаҳарлар вайронага айланмоқда, бегуноҳ инсонлар жабр кўриб болалар етим қолмоқда, аёллар кўчада қолиб, қариялар қаттиқ қийналмоқда. Бундай нохуш воқеалар қабиҳ ниятли бузғунчи, фитначи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши биз мўмин-мусулмонларнинг ҳам қалбимизни қаттиқ ларзага солади. Уруш туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилади, бошланган хайрли ишлар, улуғ мақсадлар қолиб кетади. Барчанинг ҳаётидан ҳузур-халоват, турмушидан ором-фароғат кўтарилиб кетади. Зероки, улуғ мутаффаккир бобомиз Мирзо Бедил бежизга
Фитна қўзғатади гина-адоват,
Оқиллардан чиқса баттар қабоҳат.
деб айтмаганлар.
Фитна сабаб ҳар ким ўзининг асл қиёфасини, асл башарасини намойиш этади. Чинакам иймонга эга бўлганлар кимлару, қалбида куфр яшириниб ётганлар кимлар – ҳаммаси равшан бўлади. Ҳақиқий халқпарвар, ватансевар, иймонли кишилар кимлар-у, мансабпараст, худбинлар ким – ҳаммаси сув бетига чиқади. Мўминлар ўз йўлларида собит бўладилар ва юз бераётган воқеа-ҳодисаларни Роббимиз тарафидан бир синов деб қабул қиладилар. Шу билан бирга, бу фитналар уларнинг қайроқи бўлиб, чиниқиб боришларига ҳам хизмат қилади. Айни пайтда Исломга қалби терс бўлган, чин иймондан бебаҳра кимсалар фитнага тушади, бу нарса уларга тайёр баҳона бўлади, қалбдаги нафратлари, шайтоний туйғулари мавж уради. Буларнинг ҳаммаси синов дунёсининг бир имтиҳони ҳисобланади.
Одамлар орасида фитна қўзғатувчини Аллоҳ таъоло лаънатлайди.
Ҳадиси шарифда:
«Фитна ухлаб ётган нарсадир, ким уни тўзитиб уйғотса, уни Аллоҳ лаънатласин деб айтдилар».
Бугун ахборот уруши асри. Фитначилар атайлаб, ғаразли ниятда ҳар хил маълумотларни тарқатади. Биз эса билиб-билмай уларни улашиб, душман тегирмонига сув қуямиз. Аслида эса бу ерда ҳам синов бор.
Аллоҳ таоло айтади:
«Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекиб қолманглар» (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Кишининг ёлғончи бўлишига эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади».
Фитналар содир бўлганда мўмин банда доимо ўтда тобланаётган олтинни кўз олдига келтириши керак. Биз тобланяпмиз, покланяпмиз, деган умидда бўлишимиз лозим.
Навбаҳор тумани Ок олтин маҳалла отинойиси О. Ҳаккиева