Мамлакатимиз ҳудудида Коронавирус касаллигини кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида ЎМИ раиси муфтий Ҳазратларининг фатволари эълон қилинди. Маълумки, ислом дини инсоннинг шаъни, ҳаёти, жони, обрўи, умри ва молини ҳимоя қилади ва бу динимизда мўътабар ҳисобланади. Айни вақтда бу динимиз таълимоти Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида жуда кўплаб ҳадис далил сифатида келтирилади. Қуръони каримнинг Бақара сураси (195-оят)ида “Ўзингизни ўзингиз ҳалокатга ташламанг ёки ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг”- дея марҳамат қилади. Аллоҳ таоло бундан 1400 йил аввал бандасини ўзини ҳалокатга ташлашдан қайтарган. Ҳалокатлар ҳар хил бўлиши мумкин. Лекин бугунлик кунда кенг тарқалаётган вирус деган офат ҳам ҳалокатлардан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб ҳар биримиз ўз динимиз шанини, ватанини, ҳаётини ҳимоя қилмоғи даркор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ўзингизга ҳам ўзгага ҳам зарар етказманг”- деб марҳамат қилганлар. Бугунлик кунда эса инсон ҳам ўзини ҳам ўзгани ҳимоя қилиш керак бўлади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳақиқий мўмин ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказмайди”- деганлар. Чунки, биз ўзимизга раво кўрмаганни ўзгага ҳам раво кўрмаслигимиз керак бўлади. Ўзимизни яхши кўрдикми ўзгаларни ҳам яхши кўришимиз керак. Айни кунда одамлар гавжум, жамоат бўладиган, мактаб, коллеж, баъзи ташкилот ва муассасаларни одамлардан ҳоли қилиш керак бўлиб қолди. Бу билан биз келадиган касалликни олдини олган бўламиз. Шу билан биргаликда масжидларимизда ҳам чекланишлар бўлди. Негаки, жамоат жойлари бу касалликнинг ўтиши ва тарқалиши учун омил хисобланади. Ер юзини барча жойи бандасига намозгоҳ қилиб берилди. Шу сабабдан намозларни вазият юзасидан уйда ўқилса ҳам жоиз бўлади. Масжидда қўл бериб сўрашиш, кўришиш, касалликни юқтириб олишга сабаб бўлади. Бир биримизни қўллаб қувватлаш, карантин, санитария гигиена қоидаларига қаттиқ риоя қилишимиз лозим. Хусусан карантин даврида тиббий ниқобларни тақиш ва алмаштириш, бир марталик ниқоблар учун 2 соат, кўп марталик ниқоблар учун 3 соатда алмаштириш, қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, махсус дизенфекцияловчи эритмалардан фойдаланиш, хонадонларда исириқ тутатиб туриш, бир марталик қоғоз сочиқлардан фойдаланиш ва мулоқот жараёнида 2 метрлик оралиқ масофани ушлаш умуман суннат қонун-қоидаларига риоя этиш керак бўлади. Уйда хонадон аъзоларини зарурат бўлмаса кўчага чиқармасликларига ниҳоятда эътибор бермоқлигимиз лозим. Республикамизда 23-25-мартгача огоҳлантириш берилди. Жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситасисиз яъни, ҳимоя ниқобларисиз жамоат жойларида юрган фуқароларга баъзавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробаридан (223 минг), мазкур ҳолат яна қайталанса 3 баробари (669 минг) сўм миқдоридаги жарима қўлланилиши айтиб ўтилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар бир ерда вабо тарқалганлигини эшитсангиз у ерга кирманглар, агар сизлар турган ерда (шу нарса) вабо бўлса у ердан чиқиб кетманглар” деганлар. (Имом Муслим, Имом Бухорий ривояти). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “бешта нарсани келмасдан бурун беш нарсани ғанимат бил” деганлар. Шулардан биттаси соғликдир. (Имом Бухорийдан ривоят қилинади). Бугунлик кунда ҳар биримиз ҳукуматимиз томонидан қуйилаётган талабларга лаббай деб жавоб бермоғимиз ва итоат қилмоғимиз лозим. Чунки, Қуръони карим (Нисо сураси 59-оят)да “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга, унинг росулига ва ўзларингиздан бўлган бошлиқларга итоат этинг”-дейилади. Шунинг учун ҳар бир фатвога қулоқ тутишимиз даркор. Айни вақтда халқимиз орасида ваҳималар кўпайиб бормоқда. Ваҳима қилишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Аксинча, қўлни қўлга бериб бир биримизга далда бўлмоғлигимиз лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада “Хушхабар етказинглар”- деб марҳамат қилганлар. Миш-миш тарқатиш, ваҳимага солиш, иғво қилиш яхши амаллардан эмас. Бозорларимизда кўпчилик ваҳимага тушиб қолишган. Озиқ-овқат йиғгани қайси, излагани қайси. Халқимизда бир мақол бор, “Қирқ йил қирон келса ҳам ажали етган ўлади” деган. Агар Аллоҳ бандасининг тақдирида яхшиликларни битган бўлса, Яратганни ўзи асрайди. Албатта бу кунлардан эсон-омон чиқиб кета оламиз ИншаАллоҳ. Бизга қуйилган талабларда бардавом бўлсак, маълум қонун-қоидалар асосида ўзимизни ҳимоя қилсак мақсадга мувофиқ бўлади. Бозорларимизда нарсаларни жамлаб қўйиб қиммат нархларда сотадиганлар ҳам бўлди. Аксинча, ана шундай синовли кунда ҳар биримиз қандайлигимизни халқимизга енгиллик қилиб, эҳсонлар қилиб, далда бўлайлик. Касаллик Хитой мамлакатининг Ухан шаҳрида тарқалди. Бу мамлакат субтропик намиқ мамлакат бўлиб, вируснинг тарқалиши ва сақланишида керакли омил хисобланади. Бизни мамлакатимиз эса тубдан фарқ қилиб, иссиқ, қуруқ бўлганлиги сабабли тарқалиш жараёни бир мунча сустлашиб иссиқ натижасида йўқолишига сабаб бўлади. Ҳадиси шарифларда “Сақлаб қўйилган нарсаларни ҳаққини кўтарганни Аллоҳ лаънатлайди”- деб марҳамат қилинади. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз ишларимизни меъёрида давом эттирайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Яхшилик борасида бир бирингиз билан мусобақалашингизлар”- дедилар ва ўзлари ҳам бу борада намуна кўрсатганлар. Келинг азизлар Аллоҳни бизга берган мана шундай синовли кунларида яхшилик борасида бир биримиздан ўзишга ҳаракат қилайлик. Эҳсонларимиз, садақаларимиз, дуоларимиз билан бу каби офат бўлиб ҳисобланаётган касалликни йўқолишини Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қилайлик. Бу борада отинойиларимиз ҳам вилоятимиз бўйича кўпгина ҳайрли ишлар қилмоқдалар. Навоий вилояти отинойилари ўз худудларида кам таъминот оилалар, қаровчиси йўк кекса отахон ва онахонлар хонадонларига керакли озиқ овқат махсулотларини бепул етказиб бериб, корхона, ташкилот, бозор жойларида бир марталик қоғоз сочиқлар, совунли эритмалар, бир марталик ниқоблар, дезинбан паноҳ сўраб куни тун дуоларда бўлмокдалар. Демак бу савобли амалларда бардавом бўладиган бўлсак Аллоҳ ҳар биримизни паноҳида асрайди. Аксинча бефарқликдан шариатимиз қайтаради. Бизнинг халқимиз ниҳоятда қийинчилик ва синовларга сабр-қаноатли, иймони кучли халқ. Бундай қийинчиликларда иғво қилувчилар ёки шайтон васвасасига берилмасдан бирдамликда ҳамжиҳатликда бўлсак ИншаАллоҳ касалликни Аллоҳ таолонинг мадади билан енгиб ўтамиз.
Навоий вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: У.Холова
Навоий вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: У.Холова