ЁЛҒОН – БИР МЎМИНГА ҚИЛИНГАН ХИЁНАТДИР (...Давоми)

30-08-2019, 07:57 admin Мақолалар 728

(Давоми...) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир банда эътиборсизлик қилиб бир сўзни айтади-да, у сабабли дўзахга машриқ ва мағриб орасидан узоқроқ масофага қулайди» (Бухорий, Муслим ривояти).

Ўзининг ҳикмати билан, буюклигига ҳос равишда Одамни яратиб ва у тунда кўкка боққанида кўзи қувнасин, йўлдан адашса манзилга тўғри йўналсин учун осмонда Ҳилолни фонус қилиб, юлдузларни маржондек сочиб юборган, бутун жониворларни, гўзалликларни фақат унинг учун яратиб, унга борлиқни бўйинсундириб қўйган буюк рассом, буюк яратгувчи, барча мулклар соҳиби бўлган Аллоҳ азза ва жаллага битмас туганмас, исмлари ва сифатларича, Ўзининг нафси рози бўлгунича ҳамд-у сано айтиб, Уни барча нуқсонлардан поклаймиз!
Ўзининг яратганлари орасида энг яхшиси, энг хушҳулқи, гўзал юз, гўзал амаллиги, биринчи муаллим, одамларнинг аввали ҳам, охири ҳам унга салавот айтиб, унга салом йўллайдигани қули - бандаси, энг яқин, суюкли дўсти бўлган - Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у кишининг аҳли оилалари ҳамда, “йўлчи юлдуз – саҳобаи киромлар”ига қиёматгача салавот ва саломларимиз бўлсин!
ЁЛҒОН - барча гуноҳлар орасида, шундай бир даражада турадики, уни касб қилган, унга рўжу қўйган кимки бўлса, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ китобида бир неча ўринда бу сўзни турли номлар билан тилга олиб, унинг эвазидан сўнгсиз азобини ваъда қилади.
“Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмни дўст тутганларни кўрмайсанми? Улар сизлардан ҳам эмас, улардан ҳам эмас. Билиб туриб ёлғонга қасам ичарлар”. (Мужодала сураси, 14).
ЁЛҒОН – барча гуноҳлар орасида шундай даражада турадики, бутун умматга исломни кенг ёйиб, уни танитадиган, Аллоҳ каломининг буюк тафсирчиси бўлган, “Амин” сифати билан танилган, этироф этилган, ҳатто душманлари ҳам уни айнан шу сифатлари билан чақирадиган Муҳаммад амин соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, ўзларининг муборак ҳадисларида, ўгитларида бундай иллатдан қаттиқ парҳезкор бўлишни, унга яқин бўлмасликни, мабодо кимки бунга рўжу қўйган бўлса, Аллоҳнинг жазоси муқаррар эканлигини таъкидлаб, шундай кимсаларни бундан қайтарганлар.

ЁЛҒОН – барча гуноҳлар орасида шундай даражада турадики, биргина ёлғонга эргашган, Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамиз жаннатдан Ерга кўчирилдилар.
ЁЛҒОН – барча гуноҳлар орасида шундай бир мавқеъга эгаки, биргина ёлғонга ишонган, уни рост деб гумон қилган Одам алайҳиссалом сабаб, барча одам боласи энди жаннатда туғилмайдиган, ерда дунёга келиб, ерда вафот топадиган бир ҳолатга келди.
Албатта, тарих инсонга келажакдан таълим беради, гар тарихда бўлганларни тафаккур қилмас эканмиз, бундан тегишлича хулоса чиқармас эканмиз дунё ва оҳиратда ҳам яхшиликка эришишимиз даргумон.
ЁЛҒОН – гуноҳлар орасида шундай бир даражада турадики, инсонга етказилган биринчи азият, инсонга душманлик талабида қилинган биринчи гуноҳлардандир! Балки шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ёлғонни касб қилганлар учун, каззоблар учун азобини шиддатли ва муқаррар қилди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис эътиборимизни тортади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мунофиқнинг аломати учта; гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, устидан чиқмайди, омонат қўйилса, хиёнат қилади» (Муттафақун алайҳ). Демакки, киши ёлғончи деб танилмаса ҳам, каззоблар қаторида бўлмаса ҳам биргина ёлғони сабаб, “Мунофиқлик” тамғасини ортмоқлаб олиши ҳам мумкин экан.
ЁЛҒОН – бошқа гуноҳлар орасида шундай бир ўринда турадики, унда ҳазил қилиб ҳам бўлмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган кимсага вайл бўлсин, вайл бўлсин, вайл бўлсин» (Абу Довуд, Термизий ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушлари ҳақидаги ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Сўнг орқаси билан чалқанча ётган бир кишининг ёнига келдим. Тепасида темир чангак кўтарган бошқа биров турарди. Шу пайт у (ётган кимса) юзининг бир томонига яқинлашди-да, юзини бурнини ва кўзини энсасигача йиртиб ташлади. Сўнгра нима қилган бўлса, шуни қилди. Бу томонидан бўшамай туриб, нариги томони тузалиб қолди. Сўнг яна у томонга ўтиб, биринчи сафар қилган ишини қила бошлади. Мен: «Субҳоналлоҳ, бу нима?» деб сўраган эдим, «Юр, кетдик», дейишди. Кейин икки фаришта Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга буни изоҳлаб: «Энди, юзи энсасигача, юзи, бурни ва кўзи энсасигача йиртилаётган кишига келсак, у эрталаб уйидан чиқиб, уфқларгача етадиган даражада кўп ёлғон гапирадиган кимсадир», дейишди» (Бухорий ривояти).
Киши пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу тушлари ҳақида, унда дўзахда азобланаётган умрини ёлғончилик билан касб қилиб ўтган инсоннинг ҳолати ҳақида ўрганар экан, беихтиёр дахшатга тушади. Ва шундан англашиладики, оғизнинг бир четидан чиқиб кетадиган, баъзиларимиз оддийгина санайдиган ёлғонимиз бизнинг тасаввуримизчалик оддий эмас, биз ўйлаганимизчалик арзимас ҳам экан. Албатта, биз арзимас деб билган амал Аллоҳнинг наздида буюк, биз буюк амал деб таҳминлган амалимиз ҳам Аллоҳ наздида арзимас бўлиши, мумкин экан. Билол ибн Ҳорис Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши Аллоҳни рози қиладиган бир сўзни айтади-да, у сабабли Аллоҳ таолога учрашадиган кунигача унга розилигини ёзиб қўяди. У сўзининг бу даражага етишини ўйлаб кўрмаган бўлади. Яна бир киши Аллоҳни ғазаблантирадиган бир сўзни айтади-да, у сабабли Аллоҳга учрашадиган кунигача унга ғазабини ёзиб қўяди. Сўзининг бу даражага етишини у ҳам ўйлаб кўрмаган бўлади», дедилар» (Молик, Термизий ривояти).

Ҳозирги замонамизга келиб, барчамизга таниш бўлган, баъзан эса бундан ўзимиз ҳам азият чекадиганимиз ёлғоннинг бошқа турлари ҳам борки, булар ҳақида ҳам ишончли – саҳиҳ ҳадислар талайгина. Аллоҳнинг номи билан қасам ичадиганлар;
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Уч тоифа одамга қиёмат кунида Аллоҳ гапирмайди, уларга (раҳмат назари билан) қарамайди, уларни (гуноҳлардан) покламайди ва уларга аламли азоб бўлади: Саҳрода ортиқча суви бўла туриб уни йўловчиларга бермайдиган кимса; асрдан сўнг аслида ундай бўлмасада, ўзи уни фалон нархга олганига ишонтириш учун Аллоҳнинг номи билан қасам ичиб матосини сотган кимса; амирга мол-дунё илинжида байъат берган, шунинг учун агар унга хоҳлаган нарсасини бериб турса, аҳдига вафо қилиб, бермай қўйса, аҳдини бузадиган кимса» (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривояти).
Ўзи кўрмаган тушини “кўрдим”, деб ёлғон хабар беришлик ҳам шулар қаторига киради.
Имом Бухорий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилган ҳадисда: «Ким кўрмаган тушини кўрдим деса, унга икки соч толасини улаш юкланади. Бироқ бу ишни уддалай олмайди», дейилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши икки кўзи кўрмаган нарсаларни кўрсатиши - ёлғонларнинг ёлғонидир (энг катта уйдирмадир)» дедилар (Бухорий ривояти).
Яъни, киши тушида ҳеч нарса кўрмаган бўлса - да, уни кўрдим, буни кўрдим, дейиши ғирт ёлғондир.
Ҳадиси шарифлардан бирида: «Мўминнинг табиатида хиёнаткорлик ва ёлғончиликдан ташқари ҳар қандай хислатга мойиллик бўлиши мумкин», дейилган (Баззор, Абу Яъло ривояти). Демак, мунофиқ бўлиб қолмаслик учун биргина ёлғондан тийилишимиз қанчалар шарт бўлса, мўмин бўлиш учун ҳам ростгўй бўлишимиз кифоя экан.

Аллоҳим! Бизни тилимиздан келиши мумкин бўлган бало-ю офатлардан, тилимиздан ўзимизга ва бошқаларга етадиган азиятлардан бизни омонда сақла! Бизни оташдан, оташда ёнишга сабаб бўладиган ҳар турли амалдан ўзинг асра. Бизга марҳамат қил! Эй афв этувчи Аллоҳим! Биздан марҳаматингни дариғ тутма, бизни яхши кишилар ёнида жаннатингга қўй! Аллоҳим, айбларимиздан ўт, бизни қўрқувлардан халос эт! Амин Я Роббил Аъламин.

Вилоят бош имом хатиби: Т.Рўзиев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш