Мусибатларга сабр қилмоқ муминга хос фазилат

15-12-2017, 08:19 admin Мақолалар 1 734


Аллоҳ таоло инсонни барча жонзотдан афзал қилиб яратди. Уни ақл ва идрок соҳиби қилди. Унга беҳисоб неъматларини берди. Шу билан бирга, уни синовлар билан имтиҳондан ўтказишни ҳам ирода қилди. Ҳақиқий мўмин киши ҳаётида учрайдиган барча салбий ҳолатларга сабр-тоқат қилади ва Аллоҳдан бунинг эвазига ажр-савоб ато қилишини сўрайди.
Бу ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин киши сифати ҳақида бундай деганлар: “Агар мўминга хурсандчилик етса, шукр қилади. Бу унга хайрлидир. Агар унга бирон зарар етса, сабр қилади. Бу ҳам унга хайрлидир”.
(Имом Аҳмад ва Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда “Сизларни хавф, очлик билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг мулкимиз ва албатта, биз Унинг сари қайтувчилармиз», – дейдилар».
(Бақара сураси, 155-156).
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бу дунёнинг имтиҳон дунёси эканини, ҳар бир банданинг оятда кўрсатилгани каби машаққатлар билан синалишини баён этмоқда.
Оятда “сабр қилувчиларга хушхабар беринг” дейишида сабрнинг мукофоти кўзда тутилган. Ажр-мукофот бериладиган сабр эса, Анас розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилгани каби, мусибатнинг аввалида қилинган сабрдир-энг улуғ сабрдир.
«Мусибат» сўзи тилимиздаги истеъмолидан кўра кенгроқ маънони англатади. Яъни, ҳадисларда айтилгани каби мўминга озор етказадиган барча нарса мусибатдир.
(Муслим ривояти).
Мўминга озор етказадиган ҳар қандай нарса мусибат экан, хўш шундай онларда мўмин мусулмон киши қандай дуони ўқиши лозим? Уламоларимиз мана шу ҳолатда қуйидаги дуони ўқишни тавсия қилганлар: «Аллоҳим, мусибатим туфайли менга ажр бергин ва (йўқотганимнинг) ўрнига хайрлироғини ато айлагин».
Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-расул” китобида бир ривоятни келтиради: Аҳнаф ибн Қайснинг жияни келиб, бошига етган кулфатдан шикоят қила бошлади. Аҳнаф юз ўгириб олади. У яна бир неча бор шикоятини бошлади, ҳар сафар юз ўгириб олаверади. Ниҳоят жиянига қараб:
— Эй жияним, қачон сенга бир мусибат етса, шикоятингни ҳожатингни чиқаришга молик бўлган Зотгагина айтгин. Бандасига шикоят қилма! Чунки инсонлар сен учун икки тоифа бўлади: ё дўстинг бўлади - дардинг билан унинг дилини оғритасан. Ёхуд душманинг бўлса, димоғини чоғ қиласан,—деди.
Сўнг одамларга юзланиб: Аллоҳга қасамки, қирқ йилдан буён шу икки кўзимнинг биттаси умуман кўрмайди, аммо шунча йилдан бери буни хотиним ҳам, оила аъзоларим ҳам билишмайди, деди.
Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир куни Абу Салама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан юқоридаги дуони ўрганиб келганини айтиб, кимки мусибатга йўлиққан вақтида истиржоъ келтириб («Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун»ни айтиб), кетидан ушбу дуони ўқиса, албатта, Аллоҳ унга йўқотганидан кўра хайрлироғини ато этар экан», деди. Мен бу дуони ёдлаб олдим. Абу Салама вафот этганида ушбу дуони ўқидим. Кейин бирдан ўзимга келиб: «Мен учун Абу Саламадан ҳам яхшироқ одам бормиди», деб ўйладим. Идда муддатим тугагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени ўзларига турмушга чиқишимни сўраб, одам юбордилар. Шу тариқа Аллоҳ менга Абу Саламадан яхшироқ бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ато этди» (Муслим ривояти).
Мусибатларга сабр қилишнинг хосияти борасида ҳам бир қанча ривоятлар бор. Абу Синондан қилинган ривоятда у айтади: Фарзандим Синон вафот этди. Уни дафн этиб, қабрдан чиқмоқчи эдим, қўлимдан Абу Талҳа Ҳавлоний тортиб чиқарди ва: Сенга хушхабар айтайми? – деди. Албатта, дедим. Абу Мусо розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилишича, Аллоҳ таоло ўлим фариштасидан: Бандамнинг фарзандини қабз қилдингми? Унинг кўз қувончи, қалб мевасининг жонини олдингми? – деб сўрайди. Ҳа, деб жавоб беради фаришта. Бандам нима деди? – сўрайди Аллоҳ Ўзи билгани ҳолда. У сенга ҳамд айтди ва истиржоъ келтирди, жавоб беради ўлим фариштаси. Шунда Аллоҳ айтади: Унга жаннатда бир уй барпо қилинг ва уни Ҳамд уйи деб номланг! дер экан.
Демак, қандай мушкулотларга рўбарў келмайлик, ҳеч бир иши беҳикмат бўлмаган Зот бундан биз, бандалари учун яхшиликни кўзлайди. Аллоҳ таоло ҳар қандай ҳолатда чиройли сабр қилгувчи мўмин бандалар қаторида бўлмоқликни барчамизга насиб этсин.


Кармана туман “Қосим Шайх” жоме масжиди
имом хатиби Юнусов Мустафо
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш