Конституция эътиқодимиз кафолатидир

5-12-2018, 08:25 admin Мақолалар 1 410

Мана, чорак асрки, Парвардигоримизнинг инояти ила жонажон Ватанимизда истиқлол шамоли эсмоқда, халқимиз ўзининг диний, миллий аслиятига қайтиб, порлоқ келажак сари иймон-эътиқод билан, ишонч билан, умид билан қадам ташламоқда.
Маълумки, ҳикмати бениҳоя Роббимиз бу дунёдаги каттаю кичик ҳар бир воқеликка, ҳар бир сиру синоатга бир сабабни боғлаб қўйган. Масалан, инсоннинг моддий дунёдаги ҳаёти унинг ҳар бир жабҳасини тартибга солиб турувчи ижтимоий-иқтисодий асосга боғлиқдир. Аллоҳ таоло бу оламларни Ўзининг илоҳий низоми асосида қоим қилиб турганидек, У Зотнинг ердаги халифаси бўлмиш инсон ҳам ўзи яшаётган жамиятни бошқаришда муайян низомга, маълум қонун-қоидаларга асосланади. Ана шу низомнинг қанчалик етуклиги, илоҳий қонун-қоидаларга мутоносиблигига қараб, унинг бу дунёдаги ҳаёти шунчалик баркамол, сермазмун кечади, унинг ўзига ҳам, келгуси авлодларига ҳам манфаатли бўлади. Шунинг учун бугунги кунда ҳар бир давлатнинг мазмун-моҳиятини, жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрнини, аҳолисининг турмуш даражасини, ҳаётининг фаровонлигини, фуқароларининг ижтимоий-ҳуқуқий хавфсизлигини ушбу давлатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тузумини белгилаб берувчи Низоми, яъни Конституцияси белгилайди. Конституция, яъни Асосий Қонун ёки Дастур – давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган ҳужжатдир.
Конституция (лот. Consitutio –тузилиш, тузук) – давлат тузилишини, хокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати хамда шакллантириш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, суд тизимини белгилаб беради. Конституция бу бизнинг фахр ва ифтихоримиздир. Конститутсия бу ҳар бир давлатнинг асосий рамзларидан бўлиб, унинг жаҳон давлатлари ўртасида қадр-қимматини билдиради. Халқаро конститутсиявий тажрибаларни ўрганиш, халқаро ҳужжат қоидаларини инобатга олиш, миллий давлатчилик анъаналардан келиб чиқиб жаҳон андозаларига мос бўлиб, халқаро талабларга жавоб берадиган Мустақил Ўзбекистонимизнинг бош қомуси, юртимиз истиқлолга эришгач, янги мустақил давлат мақомини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш зарурати туғилгач, 1992 йилнинг 8 декабрида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган.
Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий тараққиёти ва маданий, маънавий-маърифий юксалишининг қонуний асоси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли кафолати бўлган Конституциямизни чуқур ўрганиш, унда белгиланган моддалар ҳаётда ўз ифодасини топиши давр олдимизга қўяётган муҳим вазифалардан экани таъкидланди.
Хўш, бугунги кунда яшаётган, мустақил Ўзбекистоннинг фуқаросиман деган юртдошимиз, мўмин-мусулмон биродарларимиз ушбу Конституция ҳақида нималарни билиши керак?
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган бўлиб, 6 бўлим, 26 боб ва 128 моддадан иборат. Конституциямизнинг асосий фазилати шуки, унда инсон ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати энг олий қадрият деб белгилаб қўйилган бўлиб, у энг аввало инсон манфаатлари учун хизмат қилади. Бу олий қадриятларни, инсон манфаатларини ҳимоя қилиш қайси йўл билан таъминланади? Албатта, қонунлар билан. Қонунлар одил бўлса, қонун ҳар нарсадан устувор бўлса, барча кичик қонунлар мазкур асосий қонунга мувофиқ келса, ўша асосий дастурдан тармоқланиб чиқса, бундай юрт равнақ топади, гуллаб-яшнайди. Конституция давлатимизнинг ана шу асосий қонунидир.
Асосий Қонунимиз лойиҳаси уч минг йиллик миллий давлатчилик ҳамда дунё қонунчилик тажрибасини, халқаро инсон ҳуқуқлари мезонларини ўзида мужассамлаштирди. Қонунимизда давлат халқнинг иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши, давлат муассасалари ва мансабдор шахсларнинг жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги белгилаб қўйилган.
Бу қоида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадиси шарифларига ҳамоҳангдир:
كلكم راع و كلكم مسؤول عن رعيته فالأمير راع على الناس و هو مسؤول و الرجل راع على أهله و هو مسؤول و المرأة راعية على بيت زوجها و هي مسؤولة و العبد راع على مال سيده و هو مسؤول فلكلكم راع و كلكم مسؤول عن رعيته
«Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Эр ўз аҳли аёли ва қўл остидагилар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Хотин эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилар учун масъулдир. Қул хожасининг молига мутасаддидир ва унинг учун масъулдир. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз».
Имом Бухорий, имом Муслим, Имом Термизий, имом Аҳмад ва Байҳақийлар ривояти.
Маълумки, Аллоҳ таоло Ислом динини, Ўзининг шариатини инсониятнинг икки дунёдаги бахт-саодатини таъминлаш учун жорий қилган. Ислом динининг барча таълимотлари, қонун-қоидалари бешта асосий мақсадни кўзда тутади:
• инсоннинг ҳаётини муҳофаза қилиш;
• инсоннинг ақлини муҳофаза қилиш;
• инсоннинг динини муҳофаза қилиш;
• инсоннинг наслини муҳофаза қилиш;
• инсоннинг мол-мулкини муҳофаза қилиш.
Ишонч билан айтамизки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ушбу мақсадларнинг барчасига мувофиқ, уйғун ва ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг Асосий Қонуни ушбу муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилаётир. Унда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиймати, диний эътиқоди ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгилаб қўйилган. Конституциямизда жинси, миллати, дини, ирқи, ёши, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқаролар тенг ҳуқуқли деб эълон қилинган бўлиб, унда инсон ҳуқуқлари ва эътиқод эркинлигини камситадиган бирорта ҳам модда йўқдир. Ватанимизда яшовчи барча фуқаролар ушбу Қомусда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлардан кенг ва тўлиқ фойдаланмоқдалар.
Диёримиз мустақилликка эришгач, миллий истиқлол ҳақидаги азалий орзу-умидларимиз амалга ошди. Натижада асрий қадриятларимиз тикланди ва ривожланиб бормоқда. Маданиятимиз, динимиз ўзининг табиий-тарихий, миллий, диний асосларига қайтмоқда. Айниқса маънавий меросни ўрганиш, аждодларимиз қолдириб кетган турли соҳалардаги асарларни оммалаштириш, буюк алломалар, улуғ аждодларимизнинг муборак номлари ва илмий меросининг халққа қайтариб берилиши, она тили ва динимиз ривожланиши учун шароит яратилгани ўзбек халқи, хусусан, мусулмонлар учун буюк халоскорлик ва миллатнинг келажак тараққиёти учун қудратли куч-омил бўлди.
Бош Қомусимиз нафақат халқчил тамойилларга, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг руҳий-эътиқодий илдизларидан узилса, инқирозга учраши табиий. Давлатимиз томонидан мустақилликнинг илк кунлариданоқ халқнинг маърифати ва маънавиятини, иймон-эътиқодини юксалтиришга алоҳида аҳамият берилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, бугунги кунда, дунёнинг турли нуқталарида диний, миллий ва ирқий можаролар, уруш ва хунрезликлар бўлаётган бир пайтда мустақил юртимизнинг тинч ва осудалиги, унда барча миллат ва элатлар ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва хотиржамликда яшаётгани, шу вақтгача миллий ёки диний низолар келиб чиқмагани бу борада катта ишлар амалга оширилаётганидан дарак беради. Бунинг учун Роббимиз Ҳақ субҳанаҳу ва таолога ҳар қанча ҳамду санолар айтсак, шукроналар қилсак арзийди. Зеро, неъматлар шукр қилиш билан зиёда бўлади, ношукрлик оқибатида эса заволга юз тутади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:
لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ
«Қасамки, (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, (уларни янада) зиёда қилурман. Ношукрчилик қилсангиз, азобим жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят).
Динимизда шукрнинг ўрни жуда каттадир. У иймоннинг ярмидир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
الإيمان نصفان نصفٌ صبرٌ ونصفٌ شكرٌ
«Иймон икки бўлакдир: бири сабр, бири шукрдир»
Байҳақий «Шуъабул-иймон»да ривоят қилган.
Бинобарин, бугунги дориломон кунлар учун, эмин-эркин ибодат қилиш бахтини насиб қилгани учун, эркимиз ўз қўлимизда экани учун Роббимизга шукрлар қилишимиз лозимдир. Зеро, Конституциянинг барча бўлим ва моддалари мустақил Ватанимизнинг миллий қадриятларини тиклашга, инсон манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга, миллий ва диний қадриятлар ва виждон эркинлигини таъминлашга, оилада мустаҳкам муҳитни таъминлашга, Ватанимиз миллий-маданий меросларидан оқилона ва одилона фойдаланишини белгилаб беришга, миллатлар ва элатлар, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик, бағрикенглик, дўстона муносабатларни яхшилашга, эзгу мақсадларни амалга оширишга қаратилган.
Бинобарин, юртимизда яшаб, фаолият кўрсатаётган ҳар бир онгли инсон Ўзбекистон Республикасининг асосий қонуни – Конституциямизнинг барча моддаларини мукаммал билиши ва ҳаётга тўғри татбиқ қилмоғи, шунингдек, ўзига юклатилган бурчларини сезиб, тўлақонли равишда бажариши лозим бўлади. Ушбу ишларни амалга оширган кишилар ҳам давримиз, ҳам бебаҳо миллий қадриятларимиз меъёрларига амал қилган бўлади.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда диний эркинлик тўла таъминланди. Дин соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади эса инсонларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш, халқимизни маънан юксалтириш ва баркамол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.
Конституциямизнинг аксар қонунлари динимизда мўътабар бўлган манбалар Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларга мос келади. Шунинг учун ҳам Конститутсиясимиз қонунларига амал қилиш инсонни дунё ҳаётида бахтли, фаровон, тинч-тотув ва осойишта яшашини таъминлайди. Шундай экан Конституциямизда белгиланган қонунларга амал қилиб яшаш барча шу юртда яшаётган инсонларга зарур бўлади.
Аллоҳ таолонинг Ўзидан азиз Ватанимиз ва унинг меҳнатсевар, илмли ва ихлосли халқи тинчлик, омонликда бўлишини сўраб дуолар қиламиз.
Яратган Парвардигор барчаларимизни Ўзининг рушду ҳидоятида собитқадам қилиб, Ўзининг розилигига эришган бандаларидан бўлишимизни насиб айласин!

ЎМИ Навоий вилоят вакили Т.Рўзиев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш